Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Гарри Кьюэлл: «Австралияга Россияда осон бўлмайди»

Баҳо:
+ | -

Австралия термасининг собиқ футболчиси 19 ёшида 1997 йилги Конфедерациялар кубогида қатнашиб, мусобақа ярим финалида «олтин» гол муаллифига айланганди. Бугунги кунда 38 баҳорни қаршилашга улгурган Гарри Кьюэлл ўша турнирни худди кечагидек яхши эслайди. Миллий жамоаси билан жаҳон чемпионатларида тўп сурган, Англия премьер-лигасининг «Лидс Юнайтед» ва «Ливерпуль» клубларидаги ўйин-лари орқали яхши таниш бўлган вингер қадрдон шаҳрига қайтгач, FIFA.com сайтига интервью бериб, фаолиятининг энг ёрқин дамлари ва «соккеруз»нинг бугунги ҳолати ҳақида фикр билдирди.

- 1997 йилги Конфедерациялар кубогида қатнашганингларда барчангиз ёш бўлгансизлар. Шунга қарамай, ушбу турнирнинг аҳамиятини англагандирсиз?

- Тўғрисини айтсам, йўқ. Ҳали ёш эдим ва шунчаки, футбол ўйнашни ёқтирардим. Премьер-лигада тўп сурардим, Австралия термаси сафидаги илк турниримга чиққунга қадар халқаро даражада кўп учрашув ўтказмагандик. Олдинда мени нима кутиб турганини билмасдим, шу боис Конфедерациялар кубоги баҳсларига одатий ўйин сифатида қарадим. Ўйлашимча, қанчалик кўп тўп сурсам, турнир аҳамиятини шунчалик яхши англаб олдим.

- Мусобақа ярим финалида Уругвай термаси дарвозасига «олтин» гол ургандингиз...

- Эсимда, жуда қийналгандик. Уругвайликлар билан аввал ҳам ўйнаганмиз, уларга қаршилик кўрсатиш учун жисмонан кучли бўлиш лозим, асаби бўшлар бундай баҳсларга ярамасликлари аниқ. Жанубий америкаликлар қанотлардан ва марказдан ёриб киришга уринишди, шиддаткор ўйин намойиш этишди. Биз эса бунга қарши қандай чора қўллашни билардик. Мудофаа мустаҳкамлигини ушлаган ҳолда вазият туғилиши ҳамоно олдинга ўтишга уриндик. Ниятимиз амалга ошди, қўшимча вақтлар белгиланишига эришдик. Ўша баҳс биз учун қанчалик ёрқин кечгани ҳамон ёдимда. Рақиб футболчиси менга жиддий қаршилик кўрсатишига қарамай, олдинга интилдим. Кўпчиликнинг фикрича, тўпни дарвоза бурчагига йўллаш маъқулроқ. Аммо баъзан уни тўппа-тўғри кипер жойлашган томонга тепиш ҳам катта фойда келтиради. Диққатимни жамлаб, кучли зарба бердим, уругвайликлар посбони эса уни қайтара олмади ва тўп дарвоза тўридан жой эгаллади. Бу мен учун энг ёқимли лаҳзага айланганди.

- Финалда эса Австралия термасига омад кулиб боқмади: Бразилия жамоасига 0:6 ҳисобида ютқаздинглар. Шунга қарамай, халқаро мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида тажриба тўплаш имконияти пайдо бўлди...

- Албатта, Конфедерациялар кубоги финалида тўп суриш орқали улкан тажриба тўплашга эришдик. Ўшанда футбол оламининг энг кучли жамоасига қарши тўп сурганимизни ёддан чиқармаслик даркор. Ромарио, Роналдо, Дунга, Роберто Карлос, Кафу, Денилсон... Ушбу футболчиларнинг барчаси рақиб таркибидан ўрин олишганди. Бу ҳақиқий юлдузлар термаси ва уларга қарши ўйнаш ҳар доим фойда келтириши аниқ. Яна такрорлайман, ютқазишимизга қарамай, жуда катта тажриба тўплаганимизни асло унутмайман.

- Мана, Австралия термаси Осиё кубоги соҳиби сифатида яна Конфедерациялар кубогида қатнашади. Миллий жамоангиз қитъа биринчилигидан қандай сабоқ олди? Россияда қўллашга арзийдиган жиҳатлар ҳам борми?

- Финал босқичига йўл олдингизми, биринчи навбатда хотиржамликка эришишингиз лозим. Баъзилар кўп асабийлашишса, айримлар учун ҳал қилувчи раундга йўл олинганининг ўзи катта натижа сифатида баҳоланади. Осиё кубогидаги муваффақиятнинг энг яхши томони шундаки, эндиликда Австралия термаси ушбу муҳим турнирда қандай ғалаба қозонишни билади. Конфедерациялар кубогидаги иштирокни таъминлаш осон эмас, чунки бу чемпионлар мусобақаси. Демакки, Россияга боришни ҳамма хоҳларди, чунки у ерда тўпланадиган тажрибани пулга сотиб олиб бўлмайди.

- «Соккеруз» мухлислари Россия-даги иштирокдан нима кутишлари мумкин?

- Турнир анча қизиқ кечади. Бразилияда ўтган сўнгги жаҳон чемпионатида гуруҳимиз мураккаб бўлишига қарамай, кўпчиликни ҳайрон қолдиргандик. Чиройли ўйин намойиш этишимизга қарамай, охирги паллада омад биздан юз ўгиради. Ўйлашимча, аксарият жамоалар Австралия термасига қарши жиддий тайёргарлик кўришади, шу боис бизнинг футболчилар юқори спорт формасига эга бўлишлари шарт. Ҳар бир ўйинчи ўз иши ҳақида тегишли тасаввурга эга бўлиб, ундан нима кутилаётганини тушуниши лозим. Шундагина мақсадга эришиш осонлашади.

- Австралия термаси жойлашган гуруҳдаги жамоалар жуда кучли: Германия, Чили ва Камерун. Сизнингча, «яшил қитъа»нинг бугунги авлод вакиллари 1997 йилги муваффақиятни такрорлаб, финалга йўл ола билишадими?

- Сиз номини санаб ўтган жамоалардан бири жаҳон чемпиони бўлса, қолган иккитаси Америка ва Африка миллатлар кубоги ғолиблари, улар ҳозир ажойиб формадалар. Осиё кубоги-2016 ўтганига бир йилдан ошди, «қора қитъа»даги мусобақа эса яқиндагина якунланди. Шундай экан, Камерун жамоасида юқори савияда ўйин кўрсатиш имконияти кўпроқ. Германия термаси ҳар қандай ҳолатда фаворит, чилиликлар ҳақида ҳам фақат ижобий фикр билдиришим мумкин. Биз учун биргина яхши жиҳат шундаки, сўнгги мундиалда Чили термаси билан ўйнаганмиз ва бош мураббийимиз бу жамоага қарши қандай чора қўллаш бўйича тегишли тасаввурга эга. Авс-тралия термасидаги ўсишга қандай қарайман? Ўйлашимча, жамоамизга қийин бўлади. Лекин «соккеруз»нинг барча аъзоси чемпион ҳисобланишади. Шундай экан, Россияга бошни баланд кўтарган ҳолда бориб, юқори марралар йўлида астойдил курашишлари керак.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:15, 03.04.2017.
Ўқилди: 5548 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.