Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Иван Нагаев: «Бухоро»даги ўйинларим билан терма жамоага қайтмоқчиман

Баҳо:
+ | -

«Бухоро» ҳужумчиси Иван Нагаев «Эрудит Спорт» газетасига интервью берди.

«БУХОРО»ДАН ТАШҚАРИ, «ҚИЗИЛҚУМ»ДАН ҲАМ ТАКЛИФ ОЛГАНДИМ»

— Иван, «Бухоро»даги илк ўйинингизда «Олмалиқ» устидан ғалаба келтирган гол муаллифига айландингиз. Ўша онда нималарни ҳис этдингиз?

— Анча пайт майдонда роҳат қилиб ўйнай олмаганлигим учунми катта руҳий завқ олдим. Ростини айтсам мен учун бу оддий ёки навбатдаги ғалаба, дарвозага бир гол уриш эмас эди! Ихтиёрисиз танаффусдан кейинги ўзини намоён эта олиш фурсати десам тўғрироқ бўлади.

— Аввало мавсум олдидан «Локомотив»дан «Бухоро» сафига келиб қўшилганингиз ҳақида гапириб берсангиз. Бухорога келишингиз қай тақлид рўй берди?

— «Локомотив»да фаолият юритар эканман майдонда кўп ҳам ўзимни намоён эта олмаганим учун ҳам эркин агент сифатида бошқа клубга ўтишим тўғрироқ бўлади деган қарорга келдим. Ҳужжатларимни олиб, эркин агент сифатида ўзим учун жамоа излашни бошладим. Кейинчалик менга Улуғбек Бақоев боғланди ва мени «Бухоро»га таклиф қилди. Бақоев билан Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам бирга тўп сўрганмиз, шу боис таклифни ҳам бажонидил қабул қилдим. Ва бу қароримдан афсусланманмайман.

— «Бухоро»дан ташқари сизда бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлганми?

— Бўлган, табиийки. Навоийнинг «Қизилқум» ва бошқа бир қатор жамоалардан таклифлар бор эди. Улуғбек акани оддий инсон сифатида ҳам яхши таниганим учун ҳам унинг таклифини рад этишни истамадим.

— Тушунишим бўйича, Улуғбек Бақоев сиз учун устоз каби қийматган ҳам эга…

— Қандай айтсам экан, у терма жамоа таркибида ҳужумчи бўлиб ўйнаган. Ундан кўп нарсани ўрганиш мумкин.

— Айтганингиздек, «Бухоро» бош мураббийи Улуғбек Бақоев ўз вақтида моҳир ҳужумчи бўлган. Ҳужумчи сифатида сизга у билан ишлаш нисбатан осондир?

— Худди шундай. Биз бир-биримизни ярим гапдан тушуниб оламиз.

«ЛОКОМОТИВ»ДА АНЧА ВАҚТНИ ЙЎҚОТДИМ…»

— Бухородаги дастлабки таассуротларингиз қандай?

— Ёмон эмас. Тошкентда «Локомотив» таркибида 4 йил давомида тўп сурдим, шароитлар тубдан фарқ қилиши табиий. Аммо «Бухоро»да мен катта завқ билан майдонда тўп суриш имкониятига эга бўлдим. «Локоматив»да унчалик майдонга тушиш имкони бўлмади, анча вақтни йўқотдим, амалиётда ўзимни синаб кўра олмадим. Аста-секинлик билан «форма»га кира бошладим. Ўз устимдан кўпроқ ишлашга ҳаракат қилаяпман. Бухоролик минглаб мухлислар қўллаб-қувватлашини доим ҳис қилиб турибмиз.

— «Бухоро» дастлаб «Олмалиқ»ни мағлуб этган бўлсада, кейин «Насаф» ва «Обод»га мағлуб бўлди. Куни кеча эса Навоийда «Қизилқум»ни мағлуб этишга эришди. Чемпионат стартидан қониқдингизми?

— Ростини айтсам, бундан ҳам яхшироқ натижани кўрсатишни истагандик. Аммо жамоамизда Олий Лигида эндигина ўйнашни бошлаётган йигитлардан ҳам ташкил топганлигини инобатга олсак, натижа ёмон эмас. Ўз устимизда яна ва яна ишлашни давом эттиришимиз керак.

— Чемпионатнинг дастлабки 4 тури якунига етди. Бу йилги Олий Лигада сизни қандай натижалар ёки қайси жамоалар ажаблантирмоқда?

— Менимча, айни дамда барча терма жамоалар тенгдир. Бирини ўта кучли деб айта олмайман. «Локоматив» ва «Насаф» нисбатан кучли, аммо улар билан ҳам ўйнайса бўлади.

— Яъни Олий Лигада сизни ҳеч қайси натижа ёки жамоа ҳайратлантирмади?

— Йўқ. Мен шундай футболчиманки, рақибим ким эканлигига ҳам қарамайман. Бу Месси бўладими, фарқи йўқ. Майдонга тушганимда фақат ва фақат ғалабани кўзлайман! Муҳими майдонга жанговар ҳолатда, ишонч билан тушиш! Кўзлар ёниб турсин!

«2016 ЙИЛГИ ТАРКИБ КУЧЛИ ЭДИ…»

— Яна қандай марраларни забт этишни истар эдингиз?

PFC «BUXORO» muxlislari, [08.04.17 23:06]
— Албатта ҳар бир футболчи энг юқори чўққиларни забт этишни истайди. Барчаси ўйинчининг ўзига боғлиқ, энг аввало мақсадни ўз олдига аниқ қўйиб унга интилиш керак! Бизга қўйилган мақсадларга албатта етишга ҳаракат қиламиз, аммо камчиликларимиз ҳам етарли…

— Йил бошида «Бухоро» жамоаси деярли янгиланди. Аммо бу йилги таркиб ҳам ўтган йилгидек кучли. Жамоа ўтган йилгидек 4-ўрин натижасини такрорлай олиши мумкинми?

— Сўзсиз, 2016 йилги таркиб кучли эди. Аммо 2017 йилдаги таркиб ҳам ёмон эмас! Албатта бу йил ҳам насиб қилса, яхши натижаларни кўрсатамиз. Имконсиз нарсани ўзи йўқ.

— Хорватиялик Вайцер ҳақида қандай фикрдасиз?

— Ўйин ва ўйиндан ташқари ҳаётда у билан яхши келишамиз. Сўзлашувда оз-моз бир-биримизни тушунмай қолишимиз мумкин. Ҳар ҳолда бошқа-бошқа тилда гаплашамиз. Инглиз тилини унчалик мукаммал билмайман, аммо Вайцер нима деяётганлигини жуда яхши тушунаман.

«ТЕРМА ЖАМОАГА ҚАЙТМОҚЧИМАН»

— Бугунги кунда терма жамоамизнинг оғриқли нуқталаридан бири ҳужум чизиғидир. Айтингчи, сизни яқин орада Ўзбекистон терма жамоасида кўришимиз мумкинми?

— Узоқ муддат деярли майдонда ўйнаш имкониятига эга бўлмадим. Мен формага киришни бошладим. Насиб қилса, «Бухоро»даги ўйинларим билан терма жамоага қайтмоқчиман. Нафақат «Бухоро» жамоаси ишқибозларини балким миллий терма жамоа мухлисларини чиройли голлар билан ҳам хурсанд қилишни кўнглимга тугиб қўйганман.

— Жорий йилги мақсад ва режаларингиз нималардан иборат?

— Жамоамга ёрдам бериб, камида 10 та гол уриш! Умуман олганда, ҳужумчи яримҳимоячиларга тобе бўлади. Қанча гол уришим жамоамизга ҳам боғлиқ.

— Кейинги ўйинда «Бухоро» «Нефтчи»га қарши майдонга тушади. Ўйин осон бўлмаслиги аниқ…

— Шубҳасиз. «Нефтчи» билан баҳсда ҳам фақат олдинга интиламиз. Ғалабадан бошқаси бизни қаноатлантирмайди.

— Суҳбатимиз сўнггида оилангиз ҳақида ҳам тўхталсангиз…

— Рафиқам билан оила қурганимизга 7 йил бўлди. 5 яшар ўғилчам Артурни вояга етказаяпмиз. Аёлим ҳам футболни севади, ўйинларимни кузатиб, ишқибозлик қилади, мен учун қайғурди. Ўғлим ҳам ҳозирдан тўп билан ошно тутинган. Келажакда балки футболчи бўлиб етишар.

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 10:40, 09.04.2017.
Ўқилди: 7394 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.