Англия Премьер Лигасида 21 гол билан энг яхши тўпурар бўлиб турган Ромелу Лукаку ўзининг балки энг яхши мавсумини ўтказмоқда. Бироқ, белгиялик ҳужумчи кучли жамоаларга қарши беллашувларда ҳам ўзини кўрсатиши керак.
2011 йилда 20 миллион евро эвазига “Челси” сафига келиб қўшилган ёшгина Лукаку тезда ўзини кўрсата олмади. 18 ёшли ҳужумчи лондонликларга “Андерлехт”да кўрсатган натижалари (72 учрашув 33 гол) туфайли олиб келинди. Бироқ, унинг дебют мавсуми кўнгилдагидек кечмади. Футболчининг Туманли Албионга мослашиши қийин кечди. “Аристократлар” сафида ўз ўрнини топа олмаган Лукаку “Вест Бромвич”га ижарага бериб юборилди. Бу жамоада белгиялик футболчи ўз маҳорати кўрсата олди. 35 учрашувда 17 гол урган Лукаку “Эвертон” сафига келиб қўшилди. “Эвертон”нинг ҳақиқий етакчисига айланган Лукаку март ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу соврин 2012 йилдан буён белгиялик футболчиларга насиб этмаётганди. 2012 йил октябрида бу совринни Маруан Феллайни қўлга киритган эди. Премьер Лига тарихида эса Лукаку бундай совринга сазовор бўлган бешинчи белгиялик футболчи бўлди. “Эвертон”да ўз ўрнини топиб олган Лукакуга жамоа либоси кичиклик қилмоқда шекилли, Лукаку ўз жамоадошлари билан баҳслашишни бошлади. Ле Соир нашрига кўра, Ромелу Лукаку жамоадоши Эшли Уилямс билан тортишиб қолган. Ҳужумчи “Эвертон”ни тарих билан яшашини, олдига йирик мақсадларни қўймасликда айблаган.
Яқинда, Англия чемпионати энг яхши тўпурари жамоаси билан амалдаги шартномасини узайтиришдан бош тортди. Футболчи жамоадан маоши кескин орттирилишини истамоқда. Бироқ, «қизил иблис» ажойıб ўсишга эришаётганига қарамай, йирик беллашувларда йўқолиб қолмоқда. Лукаку Премьер Лиганинг Топ-6 жамоаларига қарши 41 учрашувда бор-йўғи 9 гол урган. Қолган барча жамоаларга қарши 92 беллашувда 55 марта рақиб дарвозасини тўғри нишонга олган. Агарда футболчи кучли клубларда ўйнашни истаса, уларга қарши ўз маҳорати ва даражасини кўрсата олиши талаб этилади.