Футбол миллионлар ўйини. Дунё бўйлаб миллионлар ёшлар ва катталар ушбу спорт тури билан шуғулланишади. Сўнгги йилларда юртимизда ҳам футбол жадаллик билан ривожланмоқда ва айниқса, болалар футболига бўлган қизиқиш ортмоқда.
Бугун Тошкентдаги Ёшлик спорт мажмуасида Германиянинг “Fussball-Internat Schlotheim” футбол академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Junior Football League” болалар футбол мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирнинг тантанали очилиш маросимида ўзбек футболи афсоналари, унинг ривожига ҳисса қўшган инсонлар, ФИФА рефериси Равшан Эрматов, мураббийлар Бахтиёр Ашурматов ва Улуғбек Бақоев, ёш футболчилар ўз ота-оналари ва яқинлари билан бирга Германиядан ташриф буюрган ёш футболчилар, мутахассислар иштирок этишди.
Ушбу мактабда болалар алоҳида ёш тоифалари бўлиниб, футболнинг сир-асрорларини ўрганишади. Дастлаб мактабда “JFL-Tashkent”нинг 3-6 ёшдаги дастури иш бошлаган бўлса, ҳозирда уларнинг сафи кенгайиб, 2007-08 ва 2009-10 йилларда таваллуд топган ёшларни тайёрлаш лойиҳаси ҳам ишга туширилган.
– Бу лойиҳани ишга туширишдан асосий мақсад кучли футболчиларни тайёрлашдан иборат. Бундан икки томон ҳам манфаатдор бўлади, деб ўйлайман. Бу ерда футболчилар тайёрланиб, Германияга боришади ва у ерда маҳоратларини оширишади. Бундан ташқари биздан ҳам мурабббийлар ва мутахассислар ўз тажрибаларини маҳаллий мураббийлар билан ўртоқлашади. Бизнинг мактаб 2003-04 йилда очилган. Ўшанда биз ишни атиги тўрт нафар болалар билан бошлаганмиз. Ҳозирда уларнинг бири мактабимизда мураббийлик қилади. У менинг биринчи шогирдларимдан. Вақт ўтиб, секин-аста ўз ишларимизни кенгайтирдик. Бизда асосан болалар 11-12 ёшдан қабул қилинади. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз орқали бир-биридан кучли футболчилар етишиб чиқади. Бизнинг мақсадимиз ўшаларга ёрдам бериш, – дейди немис футбол мактаби биринчи мураббийи Харалд Фритц.
Тадбирнинг очилиши маросимидан сўнг иштирокчилар ва меҳмонларга ўзбек миллий таоми бўлмиш палов улашилди. Бундан ташқари бир-биридан хурсанд ва қувноқ болалар ажойиб Варрак-шоуни ҳам ташкил қилишиб беришди.
Биз ҳам ушбу футбол мактабининг ишларига ривож тилаймиз ва келажакда терма жамоамиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган футболчилар етишиб чиқишига умид қиламиз.