Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Шукурали Пўлатов: «Қарздорлик ҳақида эслашни ҳам истамайман»

Баҳо:
+ | -

Мавсумлар оралиғида таркибини сезиларли даражада кучайтирган «Қизилқум» Олий лигада яхши старт олмаган бўлсада, 5-турда мухлисларга «сюрприз» улашди. Жасур Ҳасанов, Артур Геворкян, Эркин Бойдуллаев, Азамат Алланиёзов, Воҳид Шодиев каби тажрибали, совриндор футболчиларга эга Навоий клуби Тошкентда «Бун­ёдкор»ни мағлубиятга учратди. Дарвоқе, клуб раҳбарияти пойтахт сафари олдидан Навоий шаҳридаги «Ёшлар» спорт мажмуасида футболчилар ва мухлислар иштирокида махсус учрашув ўтказганди. Унда сўз олган «Қизилқум» устози Ҳамиджон Актамов ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юриши, муваффақиятсиз вақтинча эканлигини таъкидлаганди. Мана, 5-турда унинг гаплари ўз тасдиғини топди. Биз Тошкентдаги ўйин олдидан «Қизилқум» таркибига мавсумлар оралиғида қўшилган янги футболчилардан бири Шукурали Пўлатовни суҳбатга тортиб, турли саволларга жавоб олгандик.

- Шукурали, ўтган мавсум «Нефт­чи» сафида ўйнадингиз. Лекин якунда жамоанинг бир қатор етакчилари, хусусан, Мансур Саи­дов қатори сиз  ҳам Фарғона клуби билан хайрлашдингиз. Бунинг асосий сабаби...?

- Фикрим қандай туюлишини билмадиму, назаримда, кўпчилик йигитлар «Нефтчи»да ўйнашни хоҳлашади. Аммо футболчининг фаолияти қандай давом этишини ҳеч ким билмайди. Аксарият ҳолатларда клуб раҳбарлари ва мураббийларнинг ўзгариши футболчиларнинг кейинги тақдирига сезиларли даражада таъсир қилади. Ҳозир «Нефтчи»дан нима учун кетганим сабабини очиқ айтолмайман. Зеро, айни пайтда «Қизилқум»даман ва бор эътиборим шу клуб муваффақиятларига ҳисса қўшишга қаратилган.

- Аввалги интервьюларингиздан бирида «Нефтчи» вакиллари клубда қолишингизни исташмаганига шаъма қилгандингиз. Демак, клуб билан мажбуран хайрлашгансиз, шундайми?

- Тўғри, «Нефтчи»да қолишим фақат ўзимга боғлиқ эмасди. Кетишимнинг ўзи хос сабаблар бор. Умуман, жамоани ўзим истамаган ҳолда тарк этдим...

- Ўзи шартномангиз муддати якунига етганмиди? «Нефтчи» раҳбарияти сиз билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилдими?

- Ҳа, келишувимиз тугаганди. Иккинчи саволга эса жавоб беролмайман. Очиғи, бу масалада гапиришни ҳам хоҳламайман. Ҳаммага инсоф берсин...

- Энди «Қизилқум» ҳақида: жамоа таклифи сизни нимаси билан қизиқтирди?

- «Қизилқум» сафига Ҳамид ака Актамовнинг чорловига асосан қўшилдим. Ўша вақт жамоа таркиби тажрибали, юқори савияли футболчилар билан тўлдирилаётганди. Айнан шуни назарда тутиб, 1 йиллик шартнома бўйича таклифни қабул қилдим.

- Адашмасак, айни ўша пайт «Нав­баҳор»дан ҳам таклиф олган эдингиз.

- Ҳа, чорлов бўлганди. Наманганда бутун водийдаги каби футболни жуда яхши кўришади. Аслида «Навбаҳор»га ўтишим ҳам ҳеч гап эмасди. Бироқ сўнгги паллада «Қизилқум» варианти маъқулроқ кўринди. Бошқа гап йўқ.

- «Қизилқум» чемпионатни бироз суст бошлади. Ваҳоланки, жамоа таркиби чакки эмас. Стартдаги омадсизликни қандай изоҳлайсиз? Ўйинларни таҳлил қилиб кўрдингларми?

- Афсуски, мавсумни омадли бошлай олмадик. Қайд этилган натижалар биз учун мос эмас. Шахсий фикрим, мағлубиятли ўйинларда жамоа­мизга шунчаки, омад етишмади. Тўғри, умумий тушунчага кўра, омад кучлиларга кулиб боқади. Лекин шахсан мен бу фикрга тўлиқ қўшилмайман. Ахир сиз тепган тўп дарвозага киравермаса, аксинча, рақибнинг биттагина зарбаси гол билан тугаса - бу ҳақиқий омадсизлик саналмайдими? Тушунарлики, таркибимизда тажрибали футболчилар кўп. Ўйин амалиёти масаласида ҳам муаммо йўқ. Умидворманки, кейинги ўйинларда ўзимизни ўнглаб, навоийлик мухлисларни чиройли футбол ва ғалабалар билан хушнуд этамиз.

- Жамоангиз 3-4-турларда «Қўқон-1912» ва «Бухоро»га имконият бой берди. Кетма-кет мағлубият, боз устига, иккинчисини ўз майдонингларда қабул қилдинглар. Бундан керакли хулоса чиқарилдими?

- Ҳа, албатта. Хусусан, ўйинларни қайта кўриб чиқиб, камчиликларни атрофлича муҳокама қилдик. Маш­ғулотларда айни шу хатолар устида ишлаяпмиз. Ўйлайманки, омадсиз давр ортда қолди. Аслида шу учрашувларда ҳам мағлубиятга лойиқ ҳаракатланмагандик. Дейлик, «Бухоро»га қарши ўйин жуда қизиқарли кечди ва етарлича хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Афсуски, омад қўлламаса қийин экан... Юқорида айт­ган гапимга тасдиқ: меҳмонлар дарвозамиз томон бир мартагина аниқ зарба йўллашди ва у гол билан тугади. Биз аксинча, голга тортадиган беҳисоб ҳужумлардан самара чиқаролмадик. Агар вазиятларнинг ярмидан ҳам фойдаланганимизда эди, йирик ҳисобда ғалаба қозонардик.

- Тошкентга келишдан олдин клуб раҳбарияти ва мухлислар ўртасида алоҳида учрашув ташкил этилди. Унда мухлислар сизларни кескин саволлар билан қийнаб қўйишмадими?

- Учрашув дўстона руҳда кечди ва мухлислар барча саволларига тегишли жавоблар олишди. Умид қиламанки, «Қизилқум» ҳали ўз сўзини айтади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:59, 16.04.2017.
Ўқилди: 4864 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.