«Малага» президенти Абдуллла бин Носир Ас-Соний «Барселона» клуби ва унинг мухлисларига қарата кескин гапирди.
Аввалроқ, «Барселона» мухлисларидан бири Ас-Сонийга твиттерда мурожаат қилиб, Примеранинг сўнгги турида «Реал»ни мағлуб этишни илтимос қилган ва бу билан жамоаси чемпион бўлишига умид билдирганди.
Ас-Соний эса унга кескин оҳангда жавоб бериб: «Оллоҳнинг мадади билан «Реал»ни тошбўрон қиламиз. Бироқ, Мичел ҳақидаги ёлғон гапларидан сўнг, Каталония ташландиқлари чемпионлик таъмини тотмагай» - деб ёзди.
Гап шундаки, айни пайтда «Малага» клубини бошқараётган Мигел Мичел «Реал»нинг собиқ футболчиси ҳисобланади. Яқинда у «Реал»га чемпионлик тилашини, аммо унга қарши ўйинда ғалаба учун майдонга тушишини айтганди. Каталонияликлар эса «Малага» «Реал»га қаршилик кўрсатмайди деган гап-сўзларни тарқатишганди. Хусусан, бош мураббий Луис Энрике киноя билан: «Малага»нинг ғалабасига умид қилишимиз мумкинми? Агар бувимнинг ғилдираклари бўлганида, у велосипедга айланиб қоларди» - деганди.