Жорий мавсум барчани бирдек ҳайратга солаётган «Монако» ЧЛ финали йўлланмаси учун «Ювентус» билан куч синашади. «СЭ» нашри қуръа натижалари маълум бўлгач, князлик клуби вице-президенти Вадим Васильевни махсус суҳбатга чорлади. Асли россиялик функционер «Юве»ни жуфтлик фаворити сифатида тан олди, аммо «Монако» футболчилари донгдор рақиб олдида нимадандир чўчимасликларини ҳам қўшимча қилди. У шунингдек, футболда видеотакрорлар тизимини дарҳол жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
- Айтингчи, қуръа ташлаш маросими арафасида «Монако»нинг қайси жамоа билан тўқнашишини кўпроқ истагандингиз?
- Ярим финалга фақат топ-жамоалар етиб келган. Шу боис, бу борада бош қотирганим йўқ. Бир томондан, айнан «Ювентус» билан куч синашишимиз яхши - 2 йил аввалги мағлубият учун реванш олиш имконияти туғилди. Табиийки, бундан фойдаланишга уриниб кўрамиз.
- Тўғрику-я, лекин ҳужумкор услубда тўп сурадиган «Монако» учун очиқ футболга мойил рақиб билан баҳслашиш мақбул эмасмиди? Шу жиҳатдан қараганда, «Реал» варианти маъқулроқ кўринаётганди.
- Мантиқан ҳақ гап - бизга ҳам ўзи ўйнайдиган, ҳам рақибига ўйнаш имконини берадиган ҳужумкор жамоалар мосроқ.
- Сизнингча, жуфтлик фаворити қайси жамоа?
- «Ювентус». Тўғри, «Монако» савия бобида ундан кам эмас. Аммо туринликларда катта ўйинлар тажрибаси кўпроқ. Ҳал қилувчи босқичларда эса айнан тажриба муҳим аҳамиятга эга.
- Жамоангизнинг «Юве» билан аввалги қарама-қаршилиги (0:1, 0:0)ни назарда тутсак, ҳакамлик масаласи хавотирга солмаяптими? Зеро, ўшанда Видалнинг баҳсли пенальтидан урган голи «дуэль» тақдирини ҳал қилганди.
- Ҳа, хавотир йўқ эмас. Лекин УЕФАнинг бу сафар ҳакамлик масаласига жиддийроқ ёндашишидан умидворман. Бунга асос ҳам бор - чоршанба куни УЕФА президенти Александер Чеферин билан суҳбатлашдим. У ҳакамликка боғлиқ хатолар юзасидан билдирган эътирозимни тўғри қабул қилди. Менимча, футболда видеотакрорлар тизимини жорий этиш вақти келди. Франция лигаси маъмурий кенгашида 1-2-дивизионлар вакиллари ўртасидаги «плей-офф» учрашувларида видеотакрорлардан фойдаланишга қарор қилинди. «Барселона» - «ПСЖ» ва «Бавария» - «Реал» қарама-қаршиликларида кузатилган қўпол хатоларни барчамиз кўрдик. УЕФА президенти ҳам буни тан олди.
- Испания матбуоти ярим финал жуфтликларини аниқлаш жараёни холис ўтганлигига шубҳаланмоқда. Гўёки, финал бу сафар ҳам испанча дербига айланиши олдини олиш учун «Реал» ва «Атлетико»нинг битта жуфтликка тушиши сунъий равишда таъминланибди...
- Агар чиндан ҳам, шундай қилинган бўлса, бу ҳалоллик мезонларига мутлақо тўғри келмайдиган адолатсизлик саналади. Аммо ўйлайманки, қуръа жараёни холисона олиб борилган.
- Айни пайт барча мухлислар Килиан Мбаппенинг маҳсулдорлигидан ҳайратдалар. Ахир 18 ёшли йигитча 20тадан кўп гол уришга улгурди. Таққослаш учун айтсак, Криштиану Роналду 18 ёшида 5та, Лео Месси эса атиги 1та гол урганди. Мбаппени янги даҳо сифатида улуғлаш мумкинми?
- Шубҳасиз! Килиан яқин келажакда дунёнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилса, ажабланмайман. Бунинг учун йигитчада барча фазилатлар мужассам. Боз устига, Килиан улкан босим остида тўп сураётганига қарамай, камтаринлигича қолмоқда, мағрурлик, такаббурликдан йироқ. Ҳам ўзи, ҳам ота-онасини яхши биламан. Шунга асосан ишонч билан айтаман: Мбаппе кейинчалик ҳам ажойиб одоб-ахлоқини йўқотмайди.
- Унинг шартномасида кўрсатилган товон пули миқдори қанча?
- Ҳеч қандай товон пули йўқ! Зеро, Францияда бундай қилиш тақиқланган.
- Сизнингча, Мбаппе шартнома муддати ниҳоясига етгунига қадар қайсидир суперклубга ўтганидан кўра, «Монако»да тўп сургани маъқулми ёки...? Умуман, клуб харидорлар билан музокара бошлашга тайёрми?
- Албатта, яна маълум вақт «Монако»да қолиш аввало, Килианнинг ўзига фойдали. Чунки бугунги лойиҳамиз айнан унинг ўйинига ҳам боғлиқ. Ушбу масалани мавсум якунлангач, футболчи ва ота-онаси билан бафуржа кўриб чиқишга келишиб олдик. Ҳозир шартномалар ва олди-сотдилар тўғрисида ўйлайдиган пайт эмас. Бор диққат-эътибор мавсумни муваффақиятли якунлашга қаратилган. Хуллас, бирор жамоа билан на Мбаппе, на бошқа ўйинчилар хусусида музокара олиб боряпмиз.
- Леонарду Жардимни келажаги порлоқ мураббийлар қаторида тилга олишмоқда. Уни жамоада олиб қолиш қийинчилик туғдирмайдими?
- Ўртадаги шартномага кўра, Жардим «Монако»ни яна 2 йил бошқариши керак. Ўйлашимча, Леонарду ҳозирги ишидан хурсанд. Демак, ҳамкорликни давом эттирамиз.