Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Кокос сотиб тирикчилик қилган Фирминьо тақдири ҳақида

Баҳо:
+ | -

Воқеалар ривожи 2006 йилга бориб тақалади. Ўшанда ўн беш ёшли оддий болакай Бразилиядаги кичик бир мактабда таҳсил оларди. Отаси пляж ва концерт заллари ёнида ичимлик сотар, онаси уйда ўтирарди. Бўлажак футбол юлдузи эса қашшоқ оиласига имкон қадар ёрдам бериш мақсадида Атлантика океани соҳилида кокос савдоси билан шуғулланарди. Мана, йиллар ўтиб, у Англияда тўп суриш орқали бутун дунёда мухлис орттиришга эришди. Бугун «Ливерпуль» ўйинчиси Роберто Фирмино ҳамда унинг тақдирига таъсир кўрсатган стоматолог ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Робертонинг ота-онаси фарзандларининг тўп ортидан қувмаслиги, ўқишдан чалғимаслиги ва бир неча йилдан сўнг Масейога нисбатан анча тараққийлашган, хавфсиз шаҳарга кўчиб ўтишини хоҳлашарди. Аммо бу режа амалга ошмади. Фирминони математика китоби билан холи тарзда уйга қамаш ҳам наф бермади, у дераза орқали ташқарига чиқарди.

Хуллас, унга маълумот олиш насиб қилмади, аммо шунга қарамай, халоскорини учратди.

Роберто КРБ («Клуб Регатас Бразил») мактабида шуғулланди, бироқ вақт ўтгани сари мураккабликлар ортаверди: клуб молиявий муаммоларга йўлиқди, мураббийлар ойлаб маош олишмади, академиядаги ёшлар ҳам зўрға кун кўришарди. Мазкур ҳолатда Фирминонинг жонига КРБда стоматолог бўлиб ишловчи Марселлуш Портелла оро кирди.

- Илк бор унинг ўйинини кўрганимда нақадар юксак иқтидор соҳиби эканини тушунгандим. Аммо Роберто ҳеч кимда қизиқиш уйғотмаётганди, - дея эслайди Портелла. - Вақти келиб Фирминонинг терма жамоада ўйнашини айтганимда, мени тентакка чиқаришган. Ҳозир эса ўша кишилар болакайнинг истеъдодини пайқашмагани учун ўзларини ко­йишмоқда.

Робертонинг стоматолог билан танишувидан сўнг рўй берган воқеалар афсонага ўхшайди, ваҳоланки, буларнинг бари ҳақиқат. Портелла инқироз арафасида турган КРБда қолиш нотўғри экани, бошқа ерда ўзини синаб кўриши лозимлигини айтганди.

Шу тариқа Марселлуш Фирминонинг оиласи билан танишиб, барчанинг қалбига ишонч уруғларини сепди. «Атрофдагиларнинг ишончини қозона олмаётганимда у мени қўллаб-қувватлади. Турли маслаҳатлари билан катта ёрдам берди», - дейди Роберто.

***

Гўёки, стоматолог Фирминонинг руҳий кўмакчиси, агенти ва ҳақиқий дўстига айлангандек эди. Тиббиёт вакили эски алоқаларини ишга солиб, Роберто учун «Сан-Паулу»да кўрик ташкил этди, лекин икки ҳафталик машғулотлар самара келтирмади. Биринчидан, ёш футболчига тўпни ишониб топширишмади, иккинчидан, у бирор-бир янги нарса ўрганмади, учинчидан эса, уни уйига қайтариб юборишди. Хуллас, қидирувлар қайтадан бошланди.

2008 йили Робертога «Фигейренсе» қизиқиш билдирди. КРБда ундан деярли мунтазам равишда таянч чизиғида фойдаланишарди, кўрик жараёнида эса Фирмино ҳужум уюштириш жараёнида ҳақиқий шоу кўрсатди.

- Илк машғулотда у икки марта чалқанча услубда гол урди. Робертонинг қандай даражага эга эканлиги тушунарли эди, - дея эслайди «Фигейренсе» мураббийи Эмерсон Мария. - Ҳа, унинг етарлича маълумотга эга эмас, аммо майдонда ҳамиша ақлли ўйин кўрсатарди. Тезкор қарор чиқариши кишини ҳайратлантиради, тактикага тезда мослашди. У ҳақиқий даҳо».

***

Фирмино «Фигейренсе»га ўтганида дастлаб ҳеч ким билан суҳбатлашмади, жамоадошлари уни ҳазиллашиб «соқов» деб аташарди. Вазият шу қадар ғалати эдики, айрим ўйинчи ва мураббийлар Робертонинг исмини ҳам билишмасди. Бўлажак юлдуз эса нотўғри ном билан чақираётганларнинг хатосини тўғрилашдан ийманарди.

- У жуда камгап эди, чунки илк бор уйидан йироқда узоқ вақт қолиб кетганди, онаси ҳар куни йиғларди, - дейди мураббий Эмерсон Мария. - Одатда, исмларни эслаб қолишда қийинчиликка дуч келмасдим, бироқ Роберто билан бутунлай бошқача ҳолатга тушдим. Бир ҳафта мобайнида уни Альберто деб чақирдим, кўрсатма бердим. Фирмино эса айтганларимни сўзсиз бажарарди.

Футболчининг номи аслида қандай эканлигини билиш ҳам қизиқ бўлди. Жисмоний тайёргарлик бў­йича мутахассис бош мураббийга шогирдининг исми Альберто эмаслигини айтди.

- Ҳой, Альберто, буёққа кел, - деди жамоа устози шундан сўнг.

 ДАВОМИ

Манба: www.std.uz
Киритилди: 09:53, 01.05.2017.
Ўқилди: 5612 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.