Москванинг «Локомотив» клуби собиқ ҳужумчиси, шотландиялик Гарри О’Коннор яна бир бор ноқулай вазиятга тушиб қолди - кийимлар дўконидан пиджак ўғирлаганликда айбланди. Championat.com сайти ушбу воқеа баҳона шу каби жиноят чоғида қўлга тушган бошқа футболчилар ҳақида мақола тайёрлади.
Де Хеа ва кулча (пончик), 2011 йил
Ҳозирда де Хеа жаҳоннинг энг кучли дарвозабонларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Аммо «МЮ»даги илк мавсумида испаниялик кипернинг манзилига танқидлар ёғдирилганди. Топ-клубда яхшигина шартномага имзо чеккан 20 ёшли йигитчанинг Манчестердаги дўконда кулчани паққос тушириб, ҳақини тўламагани Англия жамоатчилигининг ҳайратига сабаб бўлганди. Давид мазкур ҳолатга аниқлик киритаркан, инглизчани яхши ўзлаштириб улгурмагани боис сотувчи билан тушунмовчилик юзага келганини таъкидлаганди. Факт шуки, футболчини ташқарига чиқиб кетаётганда ушлаб қолишган. Масала ўша заҳоти ечимини топди. Жазо чораси сифатида Де Хеанинг икки ой мобайнида дўконларга кириши тақиқланди. Таъкидлаш жоизки, дарвозабон тановул қилган кулчанинг нархи бир ярим фунт бўлган.
Абдессадки ва шампунь,2011 йил
Турли даражадаги меҳмонхоналарда тез-тез учраб турадиган ҳолат: тўртта идишдаги шампунь йўқолди, қаватларнинг бирига ўрнатилган сув идиши (кулер) бузилди. Воқеа Германияда рўй бергани боис, дарҳол муҳокамага киришилди. Текширувлар натижасида ҳаммасига Кёльндаги меҳмонхонага жойлашган «Фрайбург» клуби аъзоси Ёсин Абдессадки айбдор экани ойдинлашди. Бино маъмурияти дарҳол клубнинг компенсация тўлаши кераклигини билдирди. Эртасига эса жамоа тартиббузар футболчи билан шартномани бекор қилди.
Кейта ва президент жомадони, 2012 йил
Ўша йили Португалиянинг «Лейрия» клуби жиддий молиявий муаммоларни бошдан кечираётганди - тўрт ойлик маошлар тўланмаётгани боис 16 нафар футболчи навбатдаги турдан ўрин олган «Фейренсе»га қарши сафар баҳсида майдонга тушишдан бош тортишди. Мураббий ёшлар жамоасидан ўйинчиларни жалб этди, аммо бу ҳам етарли эмасди - таркибдан фақатгина саккиз футболчи чиқди. Ўйин «Лейрия»нинг 0:4 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди, жамоани «Атлетико»нинг бўлажак кипери Ян Облак ҳам қутқариб қололмади. Энг қизиқ ҳолат учрашув арафасида рўй берди. Клуб президенти Жоау Бартоломеу олти минг евро солинган чемодан билан ташриф буюрган, баҳс якунлангач, ўйинчилар маошининг бир қисмини тўлашга ваъда берганди. Мутасаддининг айтишича, уни кузатиб юрган ярим ҳимоячи Альфуссени Кейта қўлидан чемоданни тортиб олиб, стадион яқинида аввалдан тайёрлаб қўйган автомобилга ўтириб, жуфтакни ростлаган. Қизиғи, бир неча кундан сўнг клуб расмий сайтида тушунмовчилик юзага келгани, Кейтанинг пулларни ўғирламагани ҳақида баёнот пайдо бўлди. Бартоломеу «Лейрия»ни тарк этди, «айбдор» эса «Бенфика»га қарши кечган навбатдаги ўйинда майдонга тушди. У кейинчалик ҳам маошлар тўланмаётганидан шикоят қилди ва мавсум охирида барибир, клубдан кетди.
Руни ва сувенирлар, 2016 йил