Кириш Регистрация
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас - Бетис
17/05 00:30 Альмерия - Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад - Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе

ЕЧЛ: Барчаси «Ювентус» - «Монако» ўйини ҳақида

Баҳо:
+ | -

Европа Чемпионлар Лигасида ярим финалнинг жавоб учрашувлари бўлиб ўтди. Туринда бўлиб ўтган «Ювентус»-«Монако» учрашувидан сўнг дастлабки финалчи номи маълум бўлди. Унга кўра 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган «Кекса синьора» дастлабки финалчига айланди. Эслатиб ўтамиз, биринчи учрашувда туринликлар 2:0 ҳисобида зафар қучишганди.

Учрашувнинг 33-дақиқаси ўтиб бораётган бир вақтда Дани Алвес тўпни жарима майдончаси ичига узатди, ҳимоячилардан илгарилаб кетган Марио Манжукич тўпга зарба берди. Бироқ унинг зарбасини дарвозабон қайтаришга эришди. Хорватиялик футболчининг такрорий зарбасидан сўнг ҳисоб очилди.

Биринчи бўлим сўнггида мезбонлар бурчак зарбасини ижро этдилар, узатилган тўпни дарвозабон қайтариб юборди. Қайтган тўпга Дани Алвес чамаси 18 метрлардан тўхтатиб ўтирмай зарба берди ва ўйинни безаган гол муаллифига айланди. Шу тариқа Дани Алвес фаолияти давомида илк марта мусобақада учта тўп киритди. Бундан олдин 34 ёшли бразилиялик гуруҳ босқичида «Динамо»га, нимчорак финалда эса «Порту» дарвозасига гол урганди.

Иккинчи бўлимнинг ўрталарига келиб монаколиклар ҳисобни қисқартиришга эришдилар. Гол муаллифи – Килиан Мбаппе. Бу билан Мбаппе Европа Чемпионлар Лигаси ярим финал босқичида гол урган энг ёш футболчига айланди. У тўп киритган вақтда 18 ёшу 140 кунга тўлганди. Бундан ташқари, Килиан ЕЧЛнинг жорий мавсумида 9 марта майдонга тушиб, 6 та гол уришга эришди.

«Ювентус» нинг ЕЧЛдаги «қуруқ серияси» 690 дақиқада тўхтади.  Юқорида таъкидлаганимиздек, Килиан Мбаппе бу серияга барҳам берди. Шу тариқа, «бьянконерилар» 2016 йил ноябрь ойидан буён илк бор ЕЧЛ доирасида гол ўтказишди. Туринликлар бу борада «Милан», «Аякс» ва «Челси»ни ортда қолдириб бу борада иккинчи ўринга чиқиб олишди.

Энг яхши натижани 2005-2006 йилги мавсумда «Арсенал» қайд этганди. Лондон клуби ўша мавсум ЕЧЛда 995 дақиқа давомида умуман тўп ўтказмаган.

Хуллас «Ювентус» дастлабки финалчига айланди. Эътиборли томони, туринликлар посбони Жанлуиджи Буффон фаолиятида учинчи бор финал йўлланмасини қўлга киритди. Аммо бундан олдинги икки финалда унинг жамоаси мағлубиятга учраган. Охирги марта икки йил олдин «Ювентус» финалда «Барселона»га мағлуб бўлганди. Таъкидлаш жоиз, Чемпионлар Лигасининг финал учрашуви 3 июнь куни Уэльснинг Кардифф шаҳрида бўлиб ўтади.

***

Ўйиндан сўнг

Леонарду Жардим («Монако» бош мураббийи):

- Ярим финалда ўта тажрибали ва асосан ёш футболчилардан ташкил топган жамоа тўқнаш келди. Биз турнирнинг шу босқичига етиб келганимиздан жуда хурсандмиз. Шанба куни «Монако» Нансида ўйин ўтказганди. Сешанба куни эса сафарда «Ювентус»га қарши баҳс олиб борди. Шунга қарамай, футболчиларимиз чарчоқларини билдиришмади. Бугун ҳеч бўлмаганда дурангга умид қилгандик. Энди бор эътиборимизни Франция чемпионати ўйинларига қаратамиз.

Массимилиано Аллегри («Ювентус» бош мураббийи):

- «Монако»га иккита учрашувда ҳам сифатли футбол намойиш этгани учун миннатдорчилик билдириш лозим. Бу иқтидорли йигитлар мақтовга лойиқлар. Бу сафар финал учрашувида Буффон ва мухлисларимиз учун ғалаба қозонишга умид қиламиз. Уч йилда икки марта финалгача етиб бориш – бу оддий натижа эмас. Бунинг учун «Ювентус»ни табриклаш керак.

Килиан Мбаппе («Монако» ҳужумчиси):

- Биз «Ювентус»га муаммо туғдиришни истагандик. Аммо рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятларни унчалик ярата олмадик. Бу эса етарли эмас.

Менинг голим? Ундан фойда бўлмади. Биз турнирни бошимизни тик тутган ҳолда тарк этяпмиз. Афсусланишимизга ҳожат йўқ. Турнирдан кўп нарсани ўзлаштирдик. Жумладан мен ҳам. Келгуси мавсумда мусобақага янада яхши тайёрланган ҳолда қайтишга ҳаракат қиламиз.

Дани Алвес («Ювентус» ҳимоячиси):

- Мен учун энг мухими жамоамнинг ғалаба қозониши ва жамоадошларимнинг гол уришларига ёрдам бериш. Одатда кўп гол урмайман. Албатта, урган голларимдан хурсанд бўламан. Аммо кўпроқ голли пас беришни маъқул кўраман.

Финалга чиқиш ёқимли. Жамоамиз яхши формади. Бундай чўққига чиқиш учун тинимсиз меҳнат қилдик. Бироқ ҳозирча ҳеч нима ютилмади. Барчаси идеал бўлиши учун совринни уйга олиб келишимиз керак.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:27, 10.05.2017.
Ўқилди: 4663 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.