Франция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Давид Трезеге фаолиятини деярли иккита клубда ўтказган. Дастлаб беш мавсум «Монако»да тўп сурди. Бу давр оралиғида у таниқли футболчилардан бирига айланди. Кейинчалик ўн йил «Ювентус»да ўйнади. Буни қарангки, ЕЧЛ-2016 |2017 ярим финалида унинг собиқ жамоалари тўқнашадиган бўлди. Мазкур учрашувдан олдин ФИФА расмий сайти Трезеге билан суҳбат уюштирди.
- «Монако» ва «Ювентус» баҳси сиз учун алоҳида аҳамият касб этади. Бу икки жамоанинг ўзаро тўқнашишини билганингизда хаёлингизга нима келди?
- Тўғрисини айтсам, «Монако»-«Ювентус» финалини кўришни истагандим, лекин улар олдинроқ тўқнашадиган бўлишди. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу мен учун ўзига хос ўйин. Чунки ушбу икки клуб ҳаётимнинг муҳим бўлагига айланиб улгурган. Албатта, бўлажак ўйинда «Ювентус» фаворит ҳисобланади. Бироқ «Монако»нинг олдинги учрашувлардаги иштирокини кўриб, бемалол рақобатлаша олади, деган фикрга келдим.
- «Реал» ва «Атлетико»? Қайси клубга мухлислик қиласиз? Ҳамюртингиз Антуан Гризманн бўлажак учрашувда ўзини кўрсата олармикан?
- «Реал» бундай ўйинларда жуда кучли ўйнайди. Қолаверса, жамоанинг таркиби ҳам юлдузли. Уларнинг ЕЧЛ бош соврини учун асосий даъвогар саналишлари бежиз эмас. Бошқа тарафдан, Антуан мазкур баҳсда муҳим роль ўйнайди, деб ҳисоблайман. Биринчидан, у «Атлетико» етакчиси. Иккинчидан, у Миланда бўлиб ўтган финалдаги мағлубият учун реванш олишга уринади. Ўшанда Гризманн пенальтини аниқ амалга ошира олмаганди. Жорий мавсумда у янада кучайди. Антуан ва унинг жамоаси учун бўлажак ўйиндаги ғалабанинг аҳамияти жуда юқори.
- Гризманн «Олтин тўп-2016»ни топшириш маросимида Криштиану Роналду ва Лионель Месси билан кучли учликдан жой олди. Нима деб ўйлайсиз, у шундай шарафга ҳақли равишда эришдими?