Боку мезбонлик қилаётган «Ислом бирдамлик ўйинлари»нинг 13 май кунги мусобақаларида Ўзбекистон спортчилари делегация ҳисобига 8 та медални ёзиб қўйди.
Олтин - Садриддин Сайматов (каратэ)
Каратэнинг -60 килограмм вазнида татамига чиққан Садриддин Сайматов барча рақибларини мағлуб этишга муваффақ бўлди. Финалда у туркиялик Кайя Айкут билан жанг қилиб, якунда ўзбекистонликлар учун илк олтин медални олиб берди.
Аҳамиятли томони шундаки, Сайматов жанг якунига икки сония вақт қолганида ҳам 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб турганди. Унинг якуний зарбаси ҳал қилувчи ролни ўйнади ва иппон баҳосини қўлга киритган Садриддин қўшимча 3 очко ишлаб олишга муваффақ бўлди.
Кумуш - Анастасия Сердюкова, Нуринисо Усмонова, Сабина Тошкентбоева (бадиий гимнастика)
Бадиий гимнастиканинг жамоавий беллашувларида ўзбекистонлик қизлар делегация учун илк кумуш медални олиб берди. Трио томонидан бажарилган элементлар 2-ўринга лойиқ кўрилди. Олтин медаль озарбайжонлик қизларга насиб қилган бўлса, бронза Туркия термасига кетди.
Бронза - Саидхон Сайфуддинов (ўқ отиш), Сакина Мамедова (ўқ отиш), Барно Мирзаева (каратэ), Достон Отаболаев (каратэ), Диёр Ўрозбоев (дзюдо), Гулруҳ Раҳимова (дзюдо, паралимпия)
Делегация сафида илк медални ўқ отиш мусобақасида Саидхон Сайфуддинов қўлга киритди. Кейин эса унга аёллар мусобақасида ҳамкасби Сакина Мамедова эргашди.
Каратэда бронза учун уч ўзбекистонлик татамига чиқди. Улар орасидан фақатгина Иқбол Узоқов медалсиз қолди.
-70 килограмм вазн тоифасида гиламга чиқаётган Гулруҳ Раҳимова дзюдонинг медаль учун беллашувида туркиялик Ўзгурёк Ойтинни мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Диёр Ўрозбоев эса медаль учун жангда марокашлик рақиби Ёсин Моудатирни мағлуб этди.