Goal нашри Европа кучли бешлик чемпионатларининг энг яхшиларини тузишни бошлаб юборди. Эътиборингизга Англия Премьер Лигасининг 2016/17 йилги мавсуми расмий терма жамоасини ҳавола қиламиз.
Дарвозабон: Том Хитон (“Бёрнли”)
“Бёрнли” мавсумни кўтаринки рухда ўтказмаган бўлсада, унинг дарвозабони ҳақида бундай дея олмаймиз. Хитон чемпионат дарвозабонлари орасида энг кўп 137 сейвни амалга оширган ва қўшимчасига 10 та “қуруқ ўйин” ўтказган.
Ҳимоячилар: Давид Луиз (“Челси”), марказий ҳимоячи
Парижда икки мавсум ўтказган бразилиялик ҳимоячи Англияга қайтгач, ўзининг юқори савиядаги ўйинларини намойиш этиш учун вақт талаб қилмади. Ўзининг ишончли ўйинлари билан Луиз Антонио Конте жамоасининг муҳим бўлагига айланди. Жамоа унинг иштирокидаги 32 ўйинда 25 гол ўтказиб юборган.
Ян Вертонген (“Тоттенҳэм”), марказий ҳимоячи
Вертонген “Тақачилар” ўтказаётган фантастик мавсумнинг асосий сабабчиларидан биридир. Ҳимояда ўз ҳокимиятини ўрнатган Вертонген дуэлларнинг 74%ни омадли якунлаган. Маурисио Почеттино белгиялик ҳимоячини барча учрашувларида асосий таркибда майдонга чиқарган.
Сезар Аспиликуэта (“Челси”), чап қанот ҳимоячиси
Испаниялик қанот ҳимоячиси “Челси”нинг Премьер Лигани тўлиқ ўтказган ягона аъзоси ҳисобланади. Лондон ҳимоясининг учлигида алиштирилмас ўйинчига айланди. Аспиликуэта мавсум мобайнида 75 марта рақиблардан тўпни олиб қўйган. Бу эса ҳимоячиларда кузатиладиган камдан-кам ҳолатлардан бири.
Антонио Валенсия (“Манчестер Юнайтед”), ўнг қанот ҳимоячиси
Эквадорлик футболчи жамоага Моуриньонинг келиши билан қайта “туғилди”. Ўнг қанот ҳимоясига ўтказилган Валенсия бу позицияда ўзини йўқотиб қўймади. Катта тезликка эга футболчи жамоаси учун 30 та голли вазият яратиб бергани, эътиборга молик.
Яримҳимоячилар
Нголо Канте (“Чесли”), таянч яримҳимоячиси
Франциялик футболчи Премьер Лиганинг энг яхши ўйинчисига айланди. Ёзда “Лестер”дан келиб қўшилган Канте Контенинг ўйин тизимида муҳим вазифаларни бажарувчига айланди. Янги жамоасига тезда киришиб кетган Канте ҳужум ва ҳимояни боғлаб турадиган “кўприк” вазифасини аъло даражада уддалади.
Деле Алли (“Тоттенҳэм”), таянч яримҳимоячиси
Ўтган мавсумдаёқ ўзини кўрсатиб қўйган Алли бу мавсум давомида янада ёрқинроқ порлай олди. 17 гол ва 48 голли вазият яратган Алли англиялик футболчи Почеттино жамоасининг энг самарали футболчиларидан бири бўлди.
Маркос Алонсо (“Челси”), ҳужумкор яримҳимоячи
Трансфер бозори якунланишига саноқли дақиқалар қолганида “Фиорентина”дан олиб келинган Алонсо Англия Премьер Лигасининг кашфиётига айланди. Антонио Конте ўйин схемасида топилган жой Алонсонинг қирраларини очиб юборди. “Челси” Алонсо иштирок этган ўйинларнинг 83 %ни ғалаба билан якунлади.
Филипе Коутиньо (“Ливерпул”), ҳужумкор яримҳимоячи
“Ливерпул”нинг Чемпионлар Лигасига чиқиши учун кўп меҳнати кетаётган футболчи Коутиньодир. Бразилиялик “даҳо” мавсум мобайнида ўзининг юқори чўққисида бўлди. Жамоаси учун 12 гол урган футболчи ўз позициясида энг яхши иккинчи бўлди.
Эден Азар (“Челси”), ҳужумкор яримҳимоячи
Ўтган мавсумда кўрсатган ўйинлари туфайли кўпчиликнинг танқидлари остида қолиб кетган Азар бу мавсумда муносиб жавоб қайтарди. “Аристократлар” сафида мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказа олган белгиялик футболчи рақиб дарвозасига 15 марта йўл топа олган. Бундан ташқари, чемпионатда 100 дан ортиқ дрибблинг қилган тўрт футболчидан бири ҳисобланади.
Ҳужумчи:
Алексис Санчес (“Арсенал”)
“Арсенал”нинг чилилик аъзоси мавсум давомида 31 гол киритиб энг самарали ҳужумчилардан бирига айланди. Бу эса «тўпчилар»нинг юқори тўртликка киришида муҳим омиллардан бири бўлди. Бироқ, амалдаги шартномаси ҳали узайтирмаган Санчес «Арсенал» мухлисларини хавотирга солишда давом этмоқда.