Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Жалолиддин Машарипов: "Алдамчи ҳаракатлар қилиш орқали чиройли ўйин кўрсатишни ёқтираман"

Баҳо:
+ | -

“Локомотив” жамоасининг аксарият мухлислари ўз севимли ўйинчилари ҳақида кўпроқ маълумот билишга, уларни ўзлари учун қайтадан кашф этишга истак билдиришмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда “Локомотив” ПФК матбуот хизмати яқин вақтдан буён #LOKOMANIA лойиҳасини тақдим этиб келмоқда.

Лойиҳа орқали футболчилар ва мураббийлар билан эксклюзив суҳбат уюштирмоқдамиз ҳамда улар ҳақида янада қизиқроқ маълумотларни бериб бормоқдамиз. Бир муддат қисқа танаффус қилган ушбу лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони – “Локомотив” жамоасининг маҳоратли ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов.

– “Локомотив”га келиб қолишингиз қай тариқа рўй берган?

– Ростини айтадиган бўлсам, ушбу мавсумда “Локомотив”да ўйнайман, деб ўйламагандим. Бироқ ушбу жамоанинг Чемпионлар Лигасида иштирок этиши ҳамда ўзимнинг ҳам бу орқали халқаро тажрибамни янада орттиришим мумкин эканини ҳисобга олиб, ҳар икки жамоа раҳбарияти ҳам келишган ҳолда ушбу қарорни қабул қилдик. Аслида “Локо” мен билан 2 йилдан буён қизиқар эди. Мана айни дамда ушбу жамоа шарафини ҳимоя қиляпман.

– “Локомотив”га кўникиб кетиш жараёни қандай кечди?

– Жамоага кўникиш жараёни қийин бўлмади, дея оламан. Дастлаб Туркияда ўтган ўқув-машғулот йиғинида “Локомотив”га бориб қўшилдим. Ҳамма мени яхши кутиб олди. Ўйинчиларнинг кўпчилиги билан олдиндан таниш эдим. Лекин биласизми, мен учун мавсумнинг боши бироз қийин ўтди. Сабаби янги жамоа, янги шериклар билан биргаликда тўп тепиш, қолаверса, дастлабки 2 та ўйинда ўз позициямда ўйнамадим. Яна бироз ҳаяжон бўлганини ҳам таъкидлай оламан. Шу сабабли ҳам Чемпионлар Лигаси доирасидаги дастлабки 2 та учрашувда ўйиним чиқмади. Ўшанда биринчи ўйинда ҳужумда, иккинчи учрашувда эса ўнг қанот ярим ҳимоясида ҳаракат қилдим. Лекин мен ёшликдан чап қанотда ўйнаб ўрганганман. Буни инобатга олган мураббийлар штаби кейинчалик мени яна севимли ўрнимда ўйната бошлашди.

– “Темирйўлчилар” сафидаги дастлабки ўтказган учрашувингиз ёдингиздами?

– Ҳа. Биз ўша хориж йиғини давомида Туркманистоннинг “Олтин аср” жамоасига қарши ўйин ўтказгандик. Ўша учрашувда биринчи марта “Локомотив” футболчиси сифатида майдонга чиққандим. Якунда гол уришга ҳам муваффақ бўлгандим.

– Шу пайтга қадар ушбу клуб таркибида бир қанча ўйинларда иштирок этишга улгурдингиз. Улар ичида энг қийини қайси бўлган?

– Энг мураккаб ўйинларни ОЧЛнинг илк турларида ўтказдик. Мавсум аввали бўлгани ва ўйин амалиёти ҳали пастлиги учунгина қийналдик. Қолаган учрашувларда унчалик ҳам қийинчиликка дуч келмадик. Биласизми, Чемпионлар Лигасида гуруҳдан чиқа олмаган бўлсак-да, “Локомотив” турнирда ёмон қатнашмади. Барча рақиблар биз билан ўйинда осон очко олишмади.

– Миллий чемпионатимизда қайси ҳимоячиларга қарши ўйнашда қийинчиликка дуч келасиз?

– Илгари Шухрат Муҳаммадиев “Насаф” сафида тўп сурган пайтда айнан унга қарши ўйнашда қийналардим. Зеро “Насаф” жамоасида ҳимоячилар анча зич ўйнашарди ва бир ўйинчидан ўтиб кетсанг ҳам, ортида яна биттаси пойлаб турган бўларди. Ҳозирда эса Шухрат билан бир жамоа аъзосимиз!

– Сиз кўпинча ўйин пайти турли хил алдамчи ҳаракатлар амалга оширасиз. Бунда сизни ким ёки нима илҳомлантиради?

– Неймар ҳамда Азар! Биласизми, ёшлигимдан менга алдамчи ҳаракатлар қилиш, чиройли ўйин кўрсатиш ёқади. Шунинг учун тез-тез ҳар хил финтлар амалга оширишни хуш кўраман. Бўш вақтимда Неймар ва Эден Азар каби футболчиларнинг ўйинлари видеолавҳаларини диққат билан кузатаман. Уларнинг рақибларни қандай алдаб ўтиши, қанотдан рақиб жарима майдонига ёриб киришларини ўрганиб, сўнг машғулот пайти уларнинг ҳаракатларига ўхшаш уринишларни амалга ошириб бораман. Футбол – мухлислар учун ўйналади. Ишиқбозлар стадионга чиройли футбол кўриш истагида ташриф буюришади. Умид қиламанки, мен ҳам баъзан бажараётган чиройли ҳаракатлар ишқибозларимизга маъқул келяпти.

– Сизга гол уриш кўпроқ ёқадими ёки голга ассистентлик қилишми?

– Гол уриш, албатта! Агар футболчи рақиб дарвозасини ишғол этса ва жамоаси ғалабасига хисса қўшса, бундан мухлислар жуда-жуда қувонишади. Футболчи ҳам ўз меҳнатидан хурсанд бўлади. Лекин жамоадошлари киритган голларга ҳаммуаллифлик қилиш ҳам ёқимли.

– Жамоа таркибида кимни энг хушчақчақ ўйинчи, дея эътироф этган бўлардингиз?

– Жамоамиздаги энг хушчақчақ йигит – Марат Бикмаев. Марат ака ёши биздан каттароқ бўлса-да, доим ҳазиллашиб юради. Жамоа ютказган пайтда ҳам ҳамманинг кайфиятини сал бўлса ҳам кўтариб, жамоага яхши руҳият бериб турадиган ўйинчи.

– Энг жиддий футболчичи?

– Тимур Кападзе. Тимур ака – жамоамиз сардори, қолаверса жуда тажрибали ўйинчи. У киши ҳаммага ўз маслаҳатларини аямайди.

– Клубда энг яқин дўстингиз ким? Масалан, йиғинлар пайтида ким доим бирга юради?

– Ҳамма билан яхши муносабатдаман. Айниқса, Мурод Бобожонов, Шухрат Муҳаммадиевлар билан кўп суҳбат қурамиз. Яна Икром Алибоев ва Қувондиқ Рўзиев ҳам яхши суҳбатдош. Улар билан биргаликда вақт ўтказишни ёқтираман.

– Клуб автобусида ўзингизни алоҳида жойингиз борми? Ёки ҳар сафар ҳар хил ўринда ўтирасизми?

– Автобусда ўзимнинг жойим бор. Доим Мурод Бобожонов билан биргаликда автобуснинг марказида ўнг тарафдаги ўриндиқларда ўтириб кетамиз.

– Нега айнан 99-рақам?

– Сабаби мен “Пахтакор”да 9-рақамда ўйнардим. Бу рақам менга жуда ёқади. Лекин “Локомотив”да ушбу рақам банд экан. Шу сабабдан 99-рақамни олишга тўғри келди.

– “Локомотив” мухлислари ҳақида қандай фикрдасиз? Айниқса, мухлисалар хусусида.. Зеро “Локо” Ўзбекистондаги энг кўп мухлисаларга эга футбол жамоаси…

– Бу гапингизга қўшиламан. “Локо”нинг қиз-мухлисалари анча кўп экан. Умуман олганда, жамоа яхши ишқибозларга эга. Кўпчилик доим стадионга келиб, бизни қўллаб-қувватлаб туради. Агар стадион ишиқбозлар билан тўлиб-тошса янада яхшироқ бўларди.

– Уйлансангиз, фарзандингиз кейинчалик катта футболга қадам қўйишини истармидингиз?

– Ҳайронман. Фарзандим қайси спорт турини маъқул кўрса, ўша билан шуғулланиши тарафдориман.

– Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

– Бўш вақтимни кўпроқ яқин инсоним билан ўтказишни маъқул кўраман. Сабаби кўпинча ўйинлар сабаб бошқа шаҳарларда бўламиз. Шунинг учун бўш вақт топсам, албатта яхши кўрган инсоним билан учрашиб, у билан вақт ўтказишга ҳаракат қиламан.

– Сўнгги пайтларда голларни ўзгача тарзда нишонлаяпсиз. Айниқса, “Қизилқум” билан ўйинда футболкангизда “V” ҳарфи туширилганини намойиш қилдингиз…

– Ростини айтсам, менга голни ўзгача тарзда нишонлаш ёқади. Масалан, ўша “Қизилқум” билан ўйинда киритган голимни севган инсонимга бағишладим ва унга кичик совға сифатида футболкамга унинг исми бош ҳарфини ёзиб чиқдим.

– Футболчи, умуман, машҳур инсон бўлиш қандай? Кўчада сизни кўпчилик таниб қолади, бемалол сайр қила олмайсиз…

– Бу – жуда ажойиб ҳиссиёт. Зеро ҳамма ҳам кўпчиликка танила олмайди. Мухлислар таниб, хурмат қилиши учун аввало футболчи ўз устида қаттиқ меҳнат қилиши ва яхши натижалар кўрсата олиши зарур. Шундагина сизни қаерга борсангиз танишади ва омма эътиборида бўласиз. Агар мени ишқибозлар таниб қолиб ёнимга келишса, бунга жуда яхши муносабат билдираман ва хурсанд бўламан.

– Тасаввур қилинг, яқин инсонингиз билан сайрга чиқдингиз. Мухлисларингиз сизни таниб қолиб, сиз билан суратга тушишмоқчи…

– Мен албатта суратга тушаман. Агар кимдир мени хурмат қилиб, ўйинларим унга ёқишини билдирса, ҳеч ҳам вақт аямайман ва биргаликда суратга тушаман.

– Ёшликда ҳамма ҳам футбол ўйнайди. Сиз ҳам ёш пайтингизда бир кун келиб профессионал футболчи бўламан, деб ўйлаганмисиз?

– Ростини айтсам, футбол ўйнашни кўпчилик қатори маҳаллада дўстларим билан тўп тепишдан бошлаганман. Маҳаллалараро учрашувларда ўзимдан бир неча ёшга каттароқ болалар билан биргаликда ўйнардим. Ўшандаги жамоадошларимни кўпчилиги агар мен футбол ўйнашни тўхтатмасам, албатта бир кун келиб катта футболда ўйнашим мумкинлигини айтишарди.

– Айни пайтда мамлакатимизнинг кўзга кўринган футболчиларидан бирисиз. Сиз каби профессионал бўлмоқчи бўлган ёшларга нималар қилишни маслаҳат берардингиз?

– Менимча, энг асосийси – меҳнат ва қийинчиликдан қочмаслик керак. Чунки қийинчилик ҳамма жойда ҳам бўлади. Аммо меҳнат ва сабр билан барчасини енгиб ўтиш мумкин. Зеро мен ҳам ёш пайтимда Тошкентга келганман ва кейинчлик Олимпия захиралари спорт коллежида ўқиганман. Бошида оиламдан узоқ бўлганим учун бироқ қийналганман. Лекин секин-секин барча қийинчиликлар ортда қолди. Шунинг учун ҳам ёш футбол шинавандаларига кўпроқ меҳнат қилишни ва қийинчиликлардан асло қўрқмасликни маслаҳат берган бўлардим.

– Футболчи сифатидаги энг катта орзуингиз?

– Ёшлигимдан миллий терма жамоа либосини кийишни ва Жаҳон чемпионатида ўйнашни орзу қиламан. Энг катта истагим – мундиал ўйинларида терма жамоамизни сардор ва етакчи сифатида майдонга бошлаб тушиш. Умид қиламанки, бу ниятим ҳали албатта амалга ошади.

Блиц савол-жавоб:

Севимли …

Автомобил – Ўз машинам.

Шаҳар – Барселона. Парижга боришни орзу қиламан.

Таом – Ош.

Китоб – Мутолаага вақтим камроқ.

Ашула – Наврўз Собиров. Ўзим ҳам ҳиргоя қилишни севаман.

Ижтимоий тармоқ – Фақат Instagram ишлатаман.

Кино – Турк киноларини ёқтираман.

Актёр – К.Каиф, Б.Питт

Хобби – Мода ва қўшиқ куйлаш.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 17:10, 21.05.2017.
Ўқилди: 5492 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.