Кириш Регистрация

"Нефтчи" дарвозабони Абдумавлон Абдужалилов: “Дербида ғалабадан бошқа йўлимиз йўқ”

Баҳо:
+ | -

“Нефтчи” дарвозабони Абдумавлон Абдужалилов сўнгги баҳсларда жамоа дарвозасини ишонч билан қўриқлаб келмоқда.

Иқтидорли посбон Навоийда бўлиб ўтган “Қизилқум” – “Нефтчи” баҳсидан сўнг клуб матбуот хизматига интервью бериб ўтди. Абдужалилов суҳбат давомида “Қизилқум”га қарши баҳс, жамоа кўрсатаёган ўйин, бўлажак дерби ва фарғоналик мухлислар ҳақида фикр билдириб ўтди.

– Абдумавлон, Навоийдаги 11-тур доирасидаги баҳсда жамоа 0:2 натижасида олдинда бораётганда кўпчилик “Нефтчи”нинг галдаги муваффақиятига шубҳа қилмаганди. Бироқ иккинчи бўлимда ғалаба қўлдан чиқарилди. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз, ғалабага нима етишмади?

– Ҳужумларга бой ўйин бўлди. Баҳсга ҳар икка жамоа ҳам ҳужумор режа асосида чиққани яққол кўзга ташланди. Сермаҳсул беллашув ўтказдик деб ўйлайман. Мавсум бошидан бери гол уриш борасидаги кўрсаткичларимиз яхши эмас эди. Бироқ бу сафар меҳмонда ўйнашимизга қарамай, “Қизилқум” дарвозасига 2 та гол уришга муваффақ бўлдик . Бу ҳам жамоанинг ҳужумга бўлган эътиборидан далолат беради. Дарвозабон ўз нуқтасидан майдонни жуда яхши кўради. Ўша куни жамоа ҳимоячилари ўз ишларини яхши бажаришди деб ўйлайман. Чунки “Қизилқум” футболчилари дарвозамиз қаршисида жуда кўплаб хавфли вазиятларни ярата олишди. Ғалабага нима етишмади ? Балки икки тўп фарқи билан олдинда бора туриб, бироз хотиржамликка берилган бўлсак керак. Ўтказиб юборилган тўпларда бир киши эмас, балки барчанинг хатоси бўлади. Ғалабани сақлаб қола олмаганимиз ёқимсиздир.

– Ўйинга қандай режалар бор эди?

– Ҳужумкор футбол намойиш этишни истадик. Шу сабабли 3 та яққол ҳимоячи билан ҳаракатландик. Бошқа футболчилар эса асосий эътиборни ҳужумга каратишди.

– “Қизилқум” сизда қандай таассурот қолдирди ?

– Навоийликларни кўп таърифлаш шарт эмас. “Қизилқум” сафида яхши савиядаги футболчилар жам бўлган. Артур Геворкян, Илҳом Юнусов, Жасур Ҳасанов шунингдек Эркин Бойдуллаев сингари етакчи футболчиларни алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин.

– Дербига ҳам оз қолди. Ишқибозлар қатори жамоалар ҳам мазкур рақобатни интиқлик билан кутиб, унга ҳозирлик кўрмоқда. Тўғрими ?

– Албатта. Фарғонада бизни ажойиб беллашув кутмоқда. Ўз мухлисларимиз қаршисида нимчоракнинг дастлабки учрашувини ўтказамиз. Бу эса, ғалабадан бошқа йўлимиз йўқлигини англатади.

– “Навбаҳор” ҳақида қандай фикрлар билдира оласиз ?

– Наманганликлар сафида биз билан бирга тўп сурган ажойиб футболчилар ҳаракат қилмоқда. Мансур Саидов, Жаҳонгир Меҳмонов ҳамда Алишер Саматовдек ўйинчилар қандай савиядаги ижрочилар эканлиги бизга жуда яхши маълумдир. Ҳозир улар Наманган жамоасининг асосий ва етакчи футболчилари саналишади. “Навбаҳор” – яхши жамоа. Уларнинг қайд этаётган натижалари барчасини кўрсатиб турибди.

– “Обод” ва “Қизилқум”га қарши беллашган “Нефтчи”нинг ўйинида қандай фарқ кўряпсиз ?

– Очиғи, уйда ўйнаш қийин бўлади. Чунки рақибнинг босимидан ташқари мухлисларнинг ҳам ўзига яраша босими юзага келади. Биласиз, фарғоналик мухлислар жуда талабчан. Уларни фақат ғалаба қониқтиради. Футболчилар ўз мухлислари қаршисида хатога йўл қўйиш хавфи мавжудлиги сабаб балки ўз имкониятини тўлиқ кўрсатиб бера олмас. Сафарда эса вазият бироз бошқа бўлади. Йигитларнинг сафардаги ўйинлари анча “очилиб” қолган десам муболаға бўлмайди. Жиззаҳда кечган қийин ўйинда ҳам илк ғалабани қўлга киритганимиз бунга мисол бўла олади.

– Мавсум старти омадсиз кечди. Бироқ секин аста жамоа ўзига келяпти. Тўғрими ?

– Фикрингизга қўшиламан. “Нефтчи” мураббийлари жамоада яхши савиядаги футболчиларни жамлашган. Доим майдонга ғалаба учун чиқамиз. Охиригача курашамиз. Йигитлар ҳамиша ўз имконятларини тўлиқ ишга солишади. Ўз навбатида кўп нарса омадга ҳам боғлиқ деб ўйлайман.

– “Истиқлол” стадионига охирги пайтларда жуда оз мухлис келяпти. Фикримизча, мухлисларнинг ташриф кўрсаткичини яхшилаш вақти келди.

– Бу ҳолат нима билан боғлиқ эканлигини жамоанинг сўнгги натижаларига боғлаш мумкин. Фарғонада футболни севишади ва ўз жамоаларидан ғалаба талаб қилишади. Улар стадионга севимли жамоаларидан голларни кўриш учун келишларини яхши биламиз. Ишқибозлар билан тўлиб тошган стадионда ўйнашни ҳар футболчи истайди. Бу ҳолат спортчини руҳлантиради. Мухлисларни стадионга қайтаришнинг ягона йўли – ғалабалар сериясидир! Буни жамоа футболчилари тушуниб туришибди. Яхши ниятлар билан айтаманки, биз мухлисларни стадионга қайтариш вазифасини уддалаймиз.

– Абдумавлон Абдужалилов ўтган мавсумни асосий дарвозабон сифатида бошлади. Бироқ ўйинингизда бир қатор хатолар кузатилди. Сўнг заҳирага олиндингиз. Бу йил эса вазият анча ижобий тарафга ўзгарган эканлигини кўриб турибмиз.

– Ҳа, бу саволни кутгандим. Ўтган йили кузатилган хатоларни қайта-қайта кўриб чиқдим, мураббийим билан таҳлил қилдик. Машғулотларда мазкур хатолар ва камчиликлар устида кўпроқ ишладим. Хамма инсон хато қилади. Фақат уни тўғри қабул қилиш керак. Ўз навбатида йўл қўйилган камчиликлар устида ишлаш кишини янада ўсишига сабаб бўлади. Дадам ҳам футболни жуда яхши тушанадилар. Ҳамиша керакли кўрсатмаларни менга бериб турадилар. Уларга ҳам катта раҳмат. Асосий дарвозабон сифатида атига 5 та ўйин ўтказдим. Бу кўрсаткич билан тўхтаб қолмасдан, жамоага кўпроқ ёрдам беришни истайман.

Манба: fcneftchi.uz
Киритилди: 17:20, 22.05.2017.
Ўқилди: 2429 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.