Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Барчаси энди Самвел Бабаяннинг мураббийлик фалсафасига боғлиқ

Баҳо:
+-1 | -

Таниқли шарҳловчи Александр Елагин «Арсенал» таркиби май ойига келиб ҳар жиҳатдан тоблангани, тўкисланганини бир неча бор тилидан бол томиб таъкидлади. Англия кубоги финали унинг сўзларида жон борлигини тасдиқлади. Жамоада қолиш-қолмаслигидан қатъий назар, Арсен Венгер мавсумни кўтаринки руҳда якунлаш учун барча чораларни кўрди.

Не бўлганда ҳам, у футбол профессори ва  бу номга соя тушишини ҳеч ким истамасди. Тажрибали мураббий буни теран англади, чоғи, ўз шону шавкати йўлида астойдил курашди. Натижада «Челси» «олтин дубл»сиз қолди. «Арсенал» - яна Англия кубоги соҳиби. «Барселона» ва «Боруссия» Д. ҳам худди шу йўсинда чемпионатдаги омадсизлик тафтини босди.

Кубокни қўлга киритиш мазкур жамоалар учун мавсум якунида сўнгги илинж, охирги имкон эди. Ҳар 3та жамоа шу имконни қўлдан чиқармади ва финиш маррасидаги масъулиятли вазифани шараф билан уддалади. Бизни масаланинг айни шу жиҳати кўпроқ қизиқтирди. 3та жамоа ҳам совринсиз қолишни ўзи учун шармандали ҳол, деб ҳисоблади. Айни шу туйғу сабаб, «Арсенал» жуда қийин кечган баҳсда «Челси»ни енгди. Ҳолбуки, Антонио Конте ҳам кубок соҳиби бўлишни жуда-жуда хоҳлаганди. Диего Костанинг Давид Оспина дарвозасига ўзгача виқор ва шиддат билан хавф солиши фикримиз далилидир.

Хуллас, мавсум якунидаги тобланиш ва кучли иштиёқ «Арсенал»га сов­рин туҳфа айлади. Демоқчимизки, излаган имкон топади, яхши от энг сўнгги паллада кучини кўрсатади ва бошқача шукуҳ билан чопади. Жозе Моуриньо шу маънода ишнинг кўзини биладиган мураббий эканлигини яна бир бора исботлади. «МЮ» Европа Лигасини менсимайдиган топ-клублардан фарқли ўлароқ, «беназир» мураббийлигида яна бир шонли тарих яратди ва «Арсенал» мухлислари кўзини қизартириб ЕЧЛда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Битта йўл ўзини оқламаса, иккинчиси орқали мақсадга эришиш - Жозе Моуриньога хос одат. Қойил қолиш керак унинг муаммоли вазиятлардан чиқиб кетиш чоғидаги топқирлигига.

Энди юқоридаги мулоҳазалар асосида миллий жамоамизнинг ҳозирги ҳолатига назар ташласак. Зеро, бош жамоамиздаги вазиятдан аксарият мухлислар хавотирланишмоқда. Аёнки, мухлисда хавотир туйғуси ўз-ўзидан уйғонмайди. Қачонки муаммолар баралла кўзга ташланса, мухлис қалбидаги яраланган шер бош кўтаради ва наъра тортади. Хўш, мухлисларни бугун қайси муаммолар ўйга толдирмоқда?

Олий лиганинг 12-тури ортда қолган бўлсада, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» таркибидаги терма жамоамиз аъзолари ўйинида ўсиш-улғайиш кузатилмаяпти. Бундай вазиятда Самвел Бабаян қандай йўл тутади? Яна Игорь Сергеев, Жамшид Искандеров ва Элдор Шомуродовга ишонч билдирадими? Агар ишонч билдирса, бош мураббий ишончини қайси тамойиллар асослайди? «Терма жамоа аъзоси бошқа футболчилардан алоҳида ажралиб туриши керак!» қабилидаги тамойилга асослансак, ўша Игорь Сергеев, Жамшид Искандеров ёки Элдор Шомуродовнинг майдондаги ҳаракатларига қандай баҳо бериш мумкин? Сал юқоридан қарайликчи, истеъдод кўзгусида нималар аксланади?

Самвел Бабаян ҳозир ҳордиқ олаётган Сардор Рашидов, Санжар Турсунов ва Темурхўжа Абдухолиқовга қандай муносабатда бўлади? Умуман, бу футболчиларнинг имконлари терма жамоамизга фойда келтирадими? Улар нима сабабдан терма жамоамиз ўйинини кучайтиролмаяптилар? Назаримизда, 3-4 нафар футболчигина ўзини терма жамоамизнинг тўлақонли аъзоси, деб ҳисоблайди ва шунга кўра, бўлажак учрашувларга тайёргарлик кўради. Бошқалар Самвел Бабаяннинг фикри ўзгариб қолишидан чўчишади ва шу боис, улардаги алоҳидаликка интилиш иштиёқи аста-секин сўнади. Сардор Рашидов, Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Турсуновнинг ички олами балки ҳозирда шундай туйғулардан нотинчдир. Эҳтимол, бош мураббий Таиланд термасига қарши учрашув сценарийсида шу футболчиларга кўпроқ эътибор қаратар. Чунки айни чоғда улар билан қўшимча ишлаш имкони мавжуд. Нима учун бу имкондан фойдаланмаслик керак?!

Виталий Денисовни ҳисобга олмасак, қанот ярим ҳимоячилари, ўнг қанот ҳимояси, ҳужум чизиғи - терма жамоамизда катта муаммо. Самвел Бабаян муаммони қай тариқа ҳал қилади? Яна Шуҳрат Муҳаммадиев, Жалолиддин Машарипов, Шавкат Муллажонов ва Акмал Шораҳмедов каби футболчилар таркибга жалб этиладими ёки мураббийда янги вариантлар борми? Балки Баҳром Абдураҳимов ва Жавоҳир Сиддиқов имконларини синовдан ўтказиш лозимдир. Ҳарқалай, Жавоҳир Россия ёшлар терма жамоасига қарши кечган баҳсда астойдил тўп сурди, айниқса, рақиб жарима майдонида қўрқмай ҳаракатланди. Терма жамоамиз ҳужум чизиғи эса шу каби эркинликка муҳтож.

Олий лига 12-турида «Навбаҳор» ниманинг ҳисобига «Бунёдкор»дан устун даражада тўп сурди? «Олмалиқ» донгдорларни енгиб, шуҳрат қозонаётган «Шўр­тан»ни Ғузорда мағлубиятга учратиб, етакчиларга яқинлашди. «Сўғдиёна» эса «Пахтакор» футболчилари ва мухлисларини анча асабийлаштирди. Айни ҳолатлар - Самвел Бабаян учун ўзига хос хулоса майдони. У икки ўт орасида. Кимга ишонч билдириш ўзини оқлайди: важоҳатини йўқотган тажрибагами ёки «Қўқон-1912» тимсолида оловланаётган иштиёққа? Бу саволнинг жавоби ўта мушкул ва ижобий самарага кафолат берадиган мардни топиш қийин айни чоғда. Негаки, миллий жамоамиз мукаммал таркиб шакллантириш нуқтаи назаридан аллақачон вақт­ни бой берган.

Равшан Ҳайдаров шогирдларини Россия ёшлар терма жамоаси жуда ажойиб тарзда синовдан ўтказди. Евгений Бушманов икки бўлимда икки хил таркибдан фойдаланиб, ёшларимизга нописандроқ муносабатда бўлганини инобатга олмасак, ҳаммаси яхши. Бу каби ўйинлар футболимиз кўзини очади. Таиланд термасидан футболчиларимиз қандай наф топишлари мутасаддилар ва мураббийлар виждонига ҳавола. Ҳеч бир истиҳоласиз айтамизки, 6 июндаги учрашув 12-санада бўладиган баҳс учун аҳамиятсиздир. Номигагина уюштириладиган ўртоқлик учрашувларида футболимизнинг ҳақиқий савияси кўринмайди ва бу ҳол умумий ўйин манзарасини режалашда чалғитувчи вазифасини ўтайди.

Хулоса ўрнида нима дейиш мумкин? Ҳеч нима! Зеро, вазият энди фақат Самвел Бабаяннинг ўзига, унинг мураббийлик фалсафасига боғлиқ.

Муҳаммад Вали

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:22, 01.06.2017.
Ўқилди: 7988 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.