Дунё спорт гимнастикасининг тирик афсонаси, Олимпия ўйинларининг етти карра иштирокчиси, Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони Оксана Чусовитина Халқаро гимнастика шуҳрат залидан ўрин олди. Тантанали маросим АҚШнинг Оклахома штатида бўлиб ўтди. Чусовитина билан биргаликда шуҳрат залидан шунингдек, япониялик Сюн Фудзимото, америкалик Алисия Сакрамоне ва россиялик Алексей Немовлар ҳам ўрин эгаллашди.
Эътиборлиси, Оксана профессионал фаолиятини тугатмасдан туриб шуҳрат залидан ўрин олган биринчи гимнастикачи бўлиб тарихга кирди. АҚШда жойлашган Халқаро Гимнастика шуҳрат залига бунга қадар жами 22 та мамлакатдан 91 нафар спортчи киритилган бўлиб, ҳамюртимиздан ташқари бошқа барча спортчилар фаолиятларини якунлаганларидан сўнг бундай юксак эътирофга сазовор бўлишганди.
Оксана Чусовитина ўтган йилнинг ноябрь ойида спорт гимнастикаси тарихида еттита Олимпия ўйинларида иштирок этган биринчи аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилганди. Фаолияти давомида Чусовитина уч карра жаҳон чемпиони, Европа чемпиони, Осиё ўйинлари чемпионлиги билан биргаликда Барселона-1992 Олимпия ўйинларида олтин, Пекин-2008 Олимпия ўйинларида эса кумуш медалларга сазовор бўлган.
Шу йилнинг ўзида Оксана Баку (Озарбайжон) ва Доха (Қатар) шаҳарларида бўлиб ўтган жаҳон кубоги босқичларида ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, Озарбайжон пойтахтида ташкил этилган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”да олтин медалга сазовор бўлди. Айни пайтда юртдошимиз ўзининг 42 ёшида жорий йилнинг октябрь ойида Канаданинг Монреаль шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўрмоқда. Унга қадар Чусовитина сентябрь ойида Венгрия ва Францияда бўлиб ўтадиган ва Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун қимматли рейтинг очколарини тақдим этадиган жаҳон кубоги босқичларида иштирок этади.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Меҳнат Шуҳрати” ва “Дўстлик” орденларининг соҳиби Оксана Чусовитина билан хақли равишда фахрланади ва унга келгуси фаолиятида ҳам омад ва муваффақиятлар тилаб қолади.