Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Қаҳрамон Асланов мақоласи: "Бабаян истеъфога чиқиши керакми?

Баҳо:
+3 | -

Бу мақолада ҳеч қандай янги фикр, янги таҳлил кўрмайсиз. Шунчаки, мен ҳам сизлар билан эканлигимни кўрсатиш учун ёзилди.

“Барселона” чорак финалда “Ювентус”га ютқазгач, Дани Алвеш масаласи кўп муҳокама қилинди. Клуб бразилиялик ҳимоячини кетказиб катта хато қилганини ҳамма айтди. Чунки Алвеш Туринда ҳали ҳам яхши ўйнаётганди. Лекин аслида, “Барселона”нинг хатоси Алвешни кетказгани эмасди. Алвешнинг кетиш пайти аллақачон келган, клуб у билан хайрлашиб тўғри қарорга келган. Аммо “Барселона”нинг хатоси бу ерда жараённи тўлиқ бошқармагани, яъни Алвешнинг ўрнига яхшироқ ҳимоячи олиб келмагани. Натижада Алвешнинг кетиши муаммога айланди.

Бу ҳолатни мен кўпроқ, мураббийларимизнинг истеъфосига ўхшатаман. Биз доим бу жараённи тўлиқ бошқара олмаймиз, натижада, худдики, истеъфодан фойда йўқ, деган хулосага келиб қолинади.

Бир неча ой олдин “Истеъфо” сарлавҳаси остида мақола тақдим этгандим. Ўшанда терма жамоамизнинг бош мураббийи Самвел Бабаяннинг ўша пайтда истеъфога чиқариш тўғри бўлмаслиги ҳақида фикр юритганман. Агар ҳозир ҳам фикрим қизиқ бўлса, бошқача ўйлайман – Самвел Бабаян шу бугуноқ, ёки эртага истеъфога чиқарилиши шарт. Фикримнинг ўзгарганига бир нечта сабаблар бор.

Биринчидан. Ўшанда “агар ҳозир Бабаянни бўшатиб юборсак, у ҳам қутулиб қолади, ундан кейин келадиган мураббий ҳам бор масъулиятни бўйнига олмайди, натижада, хатоларни таҳлил қилишимиз, бу сафарги турнирдан ҳеч бўлмаса, тажриба сифатида фойдаланишимиз иложсиз бўлиб қолади” деган эдим. Бу ҳолат ўзгарди – бемалол айтишим мумкинки, Самвел Бабаян саралаш ўйинларидаги бу босқичда ўз ниятига ета олмади. Агар кеча, Бабаянга умуман боғлиқ бўлмаган икки жамоанинг ўйинида бошқача натижа қайд этилганда, биз деярли ЖЧ га тўғридан тўғри бориш имкониятини бой берган бўлардик. Тўғри, футболда бошқа жамоанинг натижасидан умид қилиш учраб туради, аммо биз ўз рақибимизни ютиб, кейин Қатардан умид қилмадик, биз ўз рақибимизни юта олмай, энг ёмони, буни амалга ошириш учун бирор кичик нарса намойиш қила олмай, кейин Қатарга мухлис бўлиб қолдик. Фарқи бор.

Иккинчидан. Ўша пайтда биз фақат Эрон ва Кореяга ютқазган, олдинда яна бир давра ўйинлари кутиб турган эди. Ҳозир эса, аҳвол янада бадтарроқ, ўша таассуротга Суриядан учралган мағлубият ва Эрондаги мазмунсиз, мазасиз ўйин қўшилди.

Учинчидан, ёзилаётган фикрлар ўлчов ёки принцип эмас, вазиятга қараб, таъсир этувчи омилларга қараб ўзгариб туриши табиий ва шарт. Айтавераман ҳам, қайтавераман ҳам.

Ва энг асосийси, ҳозирда терма жамоамиз учун жуда ҳам қулай имконият юзага келди – биз ўз ўйинларимизни ютиб, ва ҳатто ўша икки ўйиндан бирини ютиб ҳам, жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўл олишимиз мумкин. Бу паллада имкониятлардан максимал фойдаланишимиз ва ҳар қандай ноқулайликларни четга чиқариб, айни пайтда энг керакли қарорларни қабул қилишимиз керак.

Хуллас. Турнир давомидаги истеъфо икки турли бўлади. Биринчи ҳолат – бош мураббий ва футболчилар ўртасидаги мулоқотга путур етган бўлса. Мураббийнинг кўрсатмалари, ғояларини майдонга кўчириш имконсиз ҳолга келиб қолади. Мураббий ва футболчилар боғлантиси мавжуд бўлмай қолади. Бу пайтда истеъфо зарур. Бош мураббий ўрнига келадиган ҳар қандай номзод ўйин сифатини яхшилай олади, ижобий туртки бера олади. Бу шароитда энг муҳими мураббийни, муҳитни бошқачасига алмаштириш холос.

Эътибор берсак, бизнинг ҳолатимиз бундай эмас. Бабаян терма жамоасида Бабаян учун қадрли бўлган футболчилар тўп сурмоқда. Ўша футболчилар ҳам Бабаянни қадрлашади. Ички муҳит, мураббийга нисбатан ишончсизлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Айтмоқчиманки, ҳозир Бабаянни бўшатиб, ўрнига Шквирин, Абрамов, Қосимов, Бердиев, Ҳасанов, Саркисян, Кабулов каби ҳар қандай янги одамни қўйсак, вазият ижобий томонга ўзгармайди. Бу мураббийлар савия, кўлам, мақом, тажриба борасида Бабаяндан у қадар узоқда эмаслар. Кейин юқорида айтганимдек, бизнинг муаммоимиз бош мураббий ва футболчилар ўртасидаги муҳитда эмаски, Бабаянни ҳар қандай бошқага алмаштириб, вазиятни ўнгласак, йўқ.

Бу ҳолда, Бабаяннинг ечим эмас, шунчаки сиёсат, мухлисларни юпатишга қаратилган ҳаракат бўлиб қолади холос. Гўёки, ана, оҳларимиз етиб борибди, Бабаян бўшади-ку, деб вазиятга янгича, умидворроқ қарашимиздан бошқа фойда бўлмайди. Барибир эртага, Кореядан Тошкентда мағлуб бўлиб, айб кимда, деб ўтиришимиз аниқ.

Юқорида эслаб ўтилган мақоламда ҳам ёзганман, биз истеъфо деган воқеанинг орқасидан келадиган “тайинлов” деган жараённи ҳам қамраб ололмаганимиз туфайли, доим панд еймиз, истеъфоларимиз фақат вақтинча фойда келтиради холос. Аслида, бош мураббий истеъфога чиқарилганда, унинг ўрнига келадиган номзодни тўғри танлашимиз, кейинги режаларимизни тўғри белгилашимиз муҳим.

Энди саволга жавоб бераман. Хўш, бизнинг ҳолатимиз қандай? Бабаян нега истеъфога чиқиши керак?

Ҳаммаси очиқ кўриниб турибди, Самвел Бабаяннинг савияси, амбицияси, дунёқараши, режалари, стратегиялари, тактикалари, услуби айни пайтда терма жамоамиз олдида турган вазифани бажаришга етмайди. Шунчаки, етмайди. Олдимизда ғалаба қозонишимиз шарт бўлган икки ўйин ва ўзига яраша кучли бўлган икки рақиб турибди. Биз бу ўйинларни ютишни истасак, албатта, мураббийни алмаштиришимиз керак.

Алмаштирганда ҳам, Бабаяндан ўша юқоридаги омиллар бўйича устун бўлган, устунлиги кўзга шундоқ ташланиб турган шахсиятга мухтожмиз. Тарихимиздаги истеъфолар гўёки, бизга ҳеч нарса бермагандек туюлса-да, биз доим, қачонки, вазиятга айнан шундай қараганимизда, ижобий туртки бера олганмиз.

Биринчи ҳолат, ЖЧ-98 саралаш баҳсларида терма жамоамиз бошқарувига бразилиялик Вега Да Силванинг келиши. Саралаш ўйинлари муваффақиятсиз якунланаётгани аниқ бўлган, биз ушбу мутахассисга мурожаат қилдик. Аслида жуда савияли таркибга эга эканимиз ва чиройли ўйнай олишимизни ўшандагина пайқадик.Сўнгги босқичдаги илк ғалаба йирик ҳисобда Қозоғистон устидан қўлга киритилди. Кейин эса, Араб Амирликларида дуранг натижа қайд эта олдик.

Иккинчиси ЖЧ-2006 саралаш ўйинларида рўй берганди. Боб Хоугтон айнан ҳал қилувчи олдидан ташриф буюрган ва Қувайт устидан ғалаба қозогандик. Хоугтон жамоамиз учун айни керак бўлган жиҳатни бера олган ва балки, бошқа ишлар бўлиб кетмаганда, Баҳрайн ва Триндад ва Тобагодан ўтишимиз ҳам мумкин эди.

Гуруҳимиздаги бошқа жамоаларнинг натижалари, бир-бирлари устидан қозонаётган кутилмаган ғалабалар шунки кўрсатмоқдаки, аслида, футболчиларимиз савияси вазифани бажаришга етади, аммо бунинг учун ташқаридан максимал тарзда аралашиш, ҳар бир йўналишда ижобий туртки беришимиз шарт. Вазиятни ўз ҳолига, яъни Бабаянга ташлаб қўйсак, эртага Хитойга ютқазамиз ва Эронга мухлислик қиламиз. Имконият эса, энг сўнгги тургача биз билан бўлиб, кейин кетади. Биз сўнгги тургача курашдик, деган гаплар аслида ёлғон бўлади, биз аслида курашган эмас, курашмаган, ўз вақтида керакли қарорларни чиқармаган бўлиб чиқамиз. Гап шу.

Энди яна бир масала. Одатда, аслида футболимиздаги, болалар футболидаги, ички чемпионатимиздаги камчиликлар, келишилган ўйинлар, майдон сифати, мухлислар ташрифи, футболчиларимизнинг ватанпарвар эмасликлари, бор муаммоимиз бош мураббийни алмаштиришдан иборат эмаслиги ҳақида ҳам фикрлар янграб қолади ва янграмоқда. Тўғридир. Футболимиздаги ҳамма муаммо Бабаян эмас, хўп.

Лекин бундай танқидлар, таҳлиллар, ҳар куни, терма жамоамиз ўйнайдими, ўйнамайдими, ютадими, ютмайдими, янграйвериши керак. Қизиқда, агар Сурияни ютганимизда бизда 15 очко бўларди, мундиалга бориб қоладиган бўлсак, футболимиздаги, болалар футболидаги, ички чемпионатимиздаги камчиликлар, келишилган ўйинлар, майдон сифати, мухлислар ташрифи, футболчиларимизнинг ватанпарвар эмасликлари айтилмаслиги керакмиди? Футболимиз ривожланяпти, дейилиши керак бўлармиди? Йўқ албатта.

Ўша муаммолар мавжуд, бу омиллар бош мураббийга ҳалақит бериши ҳам шубҳасиз, лекин биз ҳозир айнан терма жамоамиз ҳақида гаплашяпмиз. Ҳатто Англия терма жамоаси мураббийи ҳам муаммолар бор – чемпионатни легионерлар босиб кетган, мисол учун. Лекин маълум жамоага мураббий тайинланаётганда, айнан ўша муаммолар мавжуд конкрет ҳолатда ижобий натижа қайд этиш вазифаси қўйилади. Агар натижа бўлмаса, бош мураббий истеъфога чиқади. Ҳамма жойда худди шунақа.


Хулоса қилиб айтаманки, Бабаянни истеъфога чиқариш айни пайтда тўғри қарор, Шу билан биргаликда, унинг ўрнига Али ёки Вали эмас, савияли, халқаро футболда ўз ўрнига, тажрибасига эга бўлган, энг муҳими, олдимизга қўйилаётган вазифани бажаришга қодир бўлган бош мураббий зарур. Менимча, бундай мураббийни фақат узоқроқ хориждан олиб келиш мумкин.

Қаҳрамон Асланов

Манба: maydon.uz
Киритилди: 14:23, 14.06.2017.
Ўқилди: 18033 марта.
Фикрлар: 92 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.