Ўзбекистонлик жангчи Анвар Бойназаров Хитой мезбонлик қилаётган EM-Legend турнирида ярим финал чиптасини қўлга киритди. Бунга қадар у икки рақибини мағлуб этишга муваффақ бўлганди.
Анвар Бойназаровнинг чорак финалдаги рақиби таиландлик Манас бўлди. Ҳар бири уч дақиқадан иборат бўлган ва уч раунд давом этган жангда ўзбекистонлик спортчи очколар бўйича ғолиб чиқди.
Яримфинал жангини Бойназаров 9 июль куни ўтказади. Турнирда бор-йўғи тўрт нафар жангчи қолгани инобатга олинса, навбатдаги ғалаба унга финал чиптасини тақдим этади.
K-1 тик туриб жанг қилувчи спортчиларнинг энг яхшиларини ўзида жамлаган жанг тури ҳисобланади. Бунда бокс, кикбокс, муайтай, карате каби спорт турларида ўзини кўрсата олган жангчилар K-1 йўналишида иштирок этиши мумкин.
Анвар Бойназаров сўнгги беш йил давомида 100 дан ортиқ жангда иштирок этиб, бу борада рекорд қўйган спортчи ҳисобланади. Унинг ҳисобида ҳозирча 90 та ғалаба ва 22 та мағлубият бор. 51 жангда Бойназаров рақибларини муддатидан олдин таслим қилишга муваффақ бўлган.
Бойназаров Хитойнинг 3 та телеканали трансляция қиладиган EM-Legend мусобақасининг 2016 йилги мавсумида финалга қадар етиб борган бўлиб, виза билан боғлиқ муаммо сабаб ҳал қилувчи жангга ташриф буюра олмаганди. Қизиқ томони, ўшанда Бойназаров айнан таиландлик Манасга қарши жанг қилиши керак эди. 2017 йил эса Анвар мусобақанинг амалдаги ғолибини чорак финалда енгишга муваффақ бўлди.