Германия терма жамоаси Россияда бўлиб ўтаётган Конфедерациялар Кубогида ўзининг бир қатор умидли ёшлари билан ташриф буюрган.
France Football нашри улардан баъзилари Никлас Зюле, Юлиан Брандт, Тимо Вернер ва Леон Горецка ҳақида тўхталиб ўтди. Немис футболининг келажаги сифатида кўрилаётган бу ёш иқтидор эгаларининг кўпчилиги ҳали 22 ёшга ҳам тўлмаган.
Юлиан Брандт (21 ёш, “Байер”)
“Байер” аъзоси ажойиб техникаси, бетакрор дриблинги, тезкорлиги, аниқ узатмалар узата олиши билан ажралиб туради. Рақиб жамоа Юлиан майдонда экан ҳар қандай хавф исталган томондан келишига тайёр туришлари керак. Чап қанотга ихтисослашганига қарамай, Юлиан ҳужумнинг исталган томонидан рақиб дарвозасига хавф сола олади. Франк Риберининг издоши бўлиши тахмин қилаётган Юлиан ўз устида янада кўпроқ ишлаши ва “Байер”да ўз ўрнини мустаҳкамлаб олиши талаб этилади.
Никлас Зюле (21 ёш, « Бавария »)
1.95 метрлик бўйга эга Зюле ҳар қандай рақиб ҳужумчиси учун ноқулайлик тугъдириши аниқ. “Бавария”да Жером Боатенг ва Матс Ҳуммелсларнинг асосий рақобатчиси сифатида кўрилаётган ҳимоячи замонавий ҳимоячига керак бўлган барча сифатларга эга. “Хоффенхайм”да 4 мавсум давомида 108 учрашувда иштирок этган ҳимоячи анча тажриба ҳам тўплаб олган. Зюле Ёахим Лёвнинг энг ишонган ёш футболчиларидан бири ҳисобланади.
Леон Горецка (22 ёш, « Шалке-04 » )
«Бохум» сафида футболчи сифатида шаклланган Горецка “Шалке-04” жамоасида ҳақиқий иқтидор эгасига айланди. Гелзенкирхенликлар ярим ҳимоясининг бош “меъмори” бўлган Горецка рақибга босим уюштириши, тўпни рақибдан олиб қўйиши, узатмаларни амалга ошириши ва голлар уриши билан ҳам афсонавий Пол Скоулс, Тони Кроос ёки Пол Погбани эслатиб юбормоқда.
Тимо Вернер (21 ёш, “Лейпциг”)
Мирослав Клозе терма жамоани тарк этганидан буён немис машинаси ўзига моҳир ҳужумчини қидириб келаётган эди. Лёв “Лейпциг”да порлаган Вернер мисолида излаётган жавоҳирини топди. Юқори техникага эга, тезкор ва голни ҳис қилувчи қобилиятларга соҳиб Вернер немис футболининг келажаги сифатида қаралмоқда.