...Кондиционер тагида, момиққина креслода оёғини осилтириб, планшетини титкилаб ўтирарди. Ора-сирада мийиғида, истеҳзо билан кулиб қўяди, баъзан ёқимсиз ишшаяди, узоқ керилгач, бежирим мўйлабини меҳрла силаб, яна интернет оралайди...
"Вей, қанақа оми одамлар-а, булар", - дейди ўзига-ўзи энса қотириб. Петициямиш, имзо тўплашармиш. Ҳиқ, қанақа петиция!? Ҳали ҳаммангни битта-битта чақириб, кетингга имзо қўйишмасами...Ҳиқ.
Порталга ёзганиничи бу ахмоқларни! Агар авом бўлишмаса, ўша икки тийинга қиммат шикоят айланиб-ўргилиб яна каминанинг қўлиги тушишини билишардида... Ҳиқ!
Йўқ, кечириб қўясизлар Саша ёки Андрюшани Хитойга сотмагунча тинчимайман! Балки, Эронга пулларман... Ҳа, майли бир гап бўлар. Аммо, роса содда одамлар яшайдида, бизда. Ҳиқ. Бошида ҳамкасблар, журналистлар, мухлисларни йиғиб, бирдам бўлайлик, менинг вертикал-горизонтал футбол фалсафам ҳали бутун Осиёга машҳур бўлади, десам лаққа ишониб ўтиришибдия. Ҳииииқ.
Аммо, ўзимда ҳам айб бор. Совунимга кир ювадиганларни ҳаддан ташқари эркалатиб юбордим. Биттасини қорни осилиб, белидан пасти ўзига кўринмайдиган бўлиб қолди, бошқаси ғирт тахта, учинчим эса аксинча, латта. Турган жойида тиззасини қайириб ўтирибдия! Ҳошимжонимга нима бўлдики, кейинги вақтларда ўзини қутурган итдек тутяпти?! Ҳиқ. Бунақада бизнесим касод бўлади. Янги шериклар топишим керак. Тезда. Балки яна Азимбойни ўйнатарман "основа"да...
Уффф, шу иссиқда пресс клубга бало борми? Мана бораман (бош бармоғини қолган тўрттаси орасига қисиб ишора қилади)! Ундан кўра, ана Россияга кетаман. Мусобақа баҳона эски танишлар билан улфатчилик қиламан, рус саунасида сайратаман. Ҳа, энди у бу ким ғинг деса, бўлажак рақибимизни ўйинини кузатишга келдим, деб қўяман. Ҳиқ. Олам гулистон.
Хуллас, пайтавақулоқлар, дод дейсизми, вой дейсизми барибир августда кўришамиз. Ҳалиги ҳофиз нима дерди, "чидайсизда бу заҳматлар ўткинчидир..." Ҳиҳ, ҳиииииқ!"
ПС: Юқоридаги пойинтар-сойинтар ўйлар кимнинг бошида ғужғон ўйнаётганини сезган бўлсангиз керак.
Омон бўлинг!
Ўткир Қаламтебратар