21 июнь куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда спорт: янги вазифалар, олимпия ҳаракати ва соғлом турмуш тарзи» мавзусидаги анжуманда ЎФФ қошида ташкил этилган Келишилган ўйинларга қарши курашиш қўмитаси бошлиғи Аҳрол Иноятов ҳам иштирок этди ва журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.
Аҳрол Иноятовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўзини-ўзи танимаяпти ва стадионларга келмай, қочиб юрибди. Шу боисдан ҳам уни қўллаб-қувватлаш керак.
"Ҳозир Бабаян ўзини-ўзи танимаяпти. Қочиб юрибди, стадионларга келмаяпти. Ёмон десанг, ёмон бўлиб кетаверади. Ёрдам берайлик, ёмон бўлиб кетмасин. Имкониятимиз бор-ку.
Йигитлар, 2 ой қолди. Ичимизда ҳар хил ниятларимиз бор. Яхши кўрамизми, ёмон кўрамизми шу 2 ой ичида уни қўллашимиз керак" - деди Аҳрол Иноятов.
Самвел Бабаян матбуот анжумани олдидан Конфедерациялар кубогини томоша қилиш учун Россияга жўнаб кетганди. Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаевнинг маълум қилишича, миллий терма жамоа мураббийи анжуманга таклиф этилмаганди.
Йиғилишда Самвел Бабаян шогирдлари ғолиб чиқаётганида ҳеч ким уни танқид қилмагани, ютқазишни бошлаганида эса жамоа танқидлар ёмғири остида қолиб кетганига урғу берилди.
"Яхши кунда ўртоқмиз, ёмон кунида кетдингиз. Нега ютган вақтларида негатив фикр бермадик биттамиз ҳам? Бирорта мураббий ёмон сўз айтмади" - деди Аҳрол Иноятов.
Маълумот учун: Самвел Бабаян бошқарувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА рейтингида ўзидан кейинги ўринларда турувчи жамоаларнигина мағлуб этди. Ўзидан кучли бўлган Эронга икки марта, Жанубий Кореяга эса бир марта ютқазди. Беқарор вазият ҳукмронлик қилаётган Сурия футболчилари ҳам Ўзбекистон термасидан устун келишнинг уддасидан чиқа олди.
Солиштириш учун: 2014 йилги ЖЧ саралашида Вадим Абрамов бошқарувидаги жамоа Японияни таслим қилишга муваффақ бўлганди. Кейинроқ Миржалол Қосимов шогирдлари Жанубий Корея билан дуранг ўйнаб, сафарда Эронни мағлуб эта олганди. Самвел Бабаян ҳал қилувчи саралашнинг саккиз ўйинида 12 очко ишлади, тўрт йил аввал деярли шу рақибларга қарши етти ўйинда Миржалол Қосимов жамоаси 14 очко олишни уддалаганди.
Аҳрол Иноятов фикрлар орасида Самвел Бабаян томонидан Ўзбекистон термасининг ҳозирги авлоди тарихдаги энг зўри деб эълон қилинганига ҳам муносабат билдирди.
"Бизнинг терма зўр дейди, ҳеч қачон шундай бўлмаган дейди. Қани Миржалол, Шквирин, Пятницкий, Кечиновлар вақти? Нима, 94 йилги жамоа ёмонмиди? Яхши эди. Бу термадан ёмон эмасди" - деди Аҳрол Иноятов.
Сўзининг якунида Иноятов вазиятдан чиқиш учун «буниси ҳам яхши», деб қўшиб қўйди. Аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сервер Жепаров ҳам Самвел Бабаян қўли остидаги таркиб энг кучлиси эмаслигига шаъма қилганди.
Аҳрол Иноятов фикрлари орасида яҳудийлардан ўрнак олиш мумкинлигини таъкидлади:
"Еврейлар ҳеч қачон ўз боласини ёмон демайди. Сен ақллисан, сен яхшисан, сен зўрсан, сендан яхши футболчи, яхши олим чиқади дейди. Биз ҳозир буни ёмонлайверсак, моғорлаб кетади" - деди Аҳрол Иноятов.