Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Обид Жўрабоев: "Шўртан" охирги марта январь ойида маош берди"

Баҳо:
+ | -

Ғузорнинг «Шўртан» клуби биринчи давра ўйинларини нотекис ўтказяпти. Эътиборлиси, жамоа ўз майдонида «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Локомотив»ни мағлубиятга учратди. Бу рақиблар ҳаттоки, мезбонлар дарвозаси томон йўл топа олишмади.

«Шўртан» шунинг баробарида ўртамиёна клубларга қарши кечган ўйинларда қимматли очколарни йўқотди. Хуллас, биз жамоанинг етакчи вакилларидан бири Обид Жўрабоевдан айни мавзу юзасидан интервью олдик.

- Обид, ФИФА кунлари муносабати билан юзага келган танаффус қандай ўтяпти?

- Мураббийлар аввалига қисқа таътил эълон қилишди ва 4 июндан яна машғулотларга қайтдик. Ҳозир кунига икки маҳал шуғулланяпмиз. Ушбу тайёргарлик жараёни биринчи навбатда, «Насаф»га қарши кечадиган навбатдаги ўйинга қаратилган.

- Лекин жамоа назорат учрашувларига эҳтиёж сезмаяпти, шекилли.

- Ҳа, ҳозирча ўзимиз икки таркибга бўлинган ҳолда ўйнадик, холос. Муҳими, аввалги учрашувларда йўл қўйилган камчиликлар устида ишлаяпмиз. Албатта, тегишли хулосалар чиқардик. Энди қолган ўйинларда хато-камчиликларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Кўз тегмасин, бизда яхшигина таркиб шаклланган. Ўйлайманки, кейинги натижамиз шунга яраша, яхшироқ бўлади.

- Беқарор ўйинлар хусусида шахсий фикрингиз қандай? Муаммонинг илдизи нима...?

- Очиғини айтиш керак, етарлидан кўп хато қилдик. Шунингдек, гранд клубларни енгганимиздан сўнг раҳбарият футболчилар ва мураббийларни рағбатлантирмади. Демоқчиманки, қўллаб-қувватлаш кузатилмади ва бунинг таъсири ҳам бор, менимча.

- Ҳа, «Локомотив», «Пахтакор» ва «Бунёдкор»ни мағлуб этган ҳолда, ўртамиёна рақибларга очко улашдинглар. Бунда руҳий тайёргарликка боғлиқ ҳолат улуши каттами ёки  сиз айтган сабабники?

- Албатта, руҳий тайёргарлик ҳам панд бергани аниқ. Кейин ўзимиздан хатолар ўтди. Дейлик, хавфли вазиятлардан фойдаланишда оқсадик. Хуллас, омадсизликда сабаблар кўп.

- Балки мураббийлар штабидаги ўзгаришлар ҳам салбий таъсир қилгандир...

- Йўқ, менимча, бу ҳолат мураббийлар билан боғлиқ эмас. Жамоага ҳар қандай кучли мураббий келган тақдирда ҳам, муаммолар бартараф этилмаса, натижа чиқиши даргумон.

- Хўш, айнан қандай муаммолар бор ва улар ҳал этиляптими?

- Келинг, шу савол жавобини ке­йинги суҳбатимизга қолдирайлик...

- Унда саволни бироз бошқача қўямиз: маошларни вақтида оляпсизларми?

- Очиғи, охирги марта январь ойи учун маош олганмиз. Шундан буён қўлимиз пул кўрмади. Табиийки, мукофот пуллари ҳам бир четда турибди.

- Олдинда «Насаф»га қарши кечадиган муҳим учрашув турибди. Кучли клубларни енгиш анъанасини давом эттиришингларга ишонсак бўладими?

- Қандай муаммолар борлигидан қатъий назар, «Насаф»ни мағлуб этишга уриниб кўрамиз. Бу футболчилар фаолияти учун муҳим. Тайёргарлик шунга монанд тарзда олиб борил­япти. Қаршиликлардан ўз кучимизга ишонч ҳисси эвазига 3 очко тортиб олишимиз мумкин.

- Обид, вақтида «Бунёдкор»да ўйнагансиз, аммо «қалдирғочлар» сафида узоқ вақт қололмадингиз.

- Бунинг сабаби оддий - жамоа ўйи­нига мослашолдим. Лекин жамоадан ўз хоҳишимга кўра, кетдим. Аслида жамоа таркибида қолишим ҳам мумкин эди, аммо иккинчи даврада ҳам ўйин амалиётисиз ўтиришни истамадим.

- Жорий мавсум қайд этилаётган кутилмаган натижаларни қандай изоҳлайсиз? Бу чемпионат савияси ошганидан далолатми ёки ҳаммаси вақтинчалик тасодиф?

- Менимча, бу йил рақобат даражаси анча ошди. Ҳарқалай, қайд этилаётган натижалар тасодиф маҳсули эмас. Ахир тасодиф 1-2, борингги, 3та ўйинда кузатилар, аммо деярли бир давра давом этмайди.

- Қизиқ, «Қўқон-1912», «Навбаҳор» ва «Бухоро» каби жамоаларнинг охирига қадар совринли ўринларга даъво қилишига нечоғли ишонасиз?

- Спорт олами кутилмаган натижаларга тўла. Олий лигамиз ҳам бундан мустасно эмас. Демак, вилоят клубларидан бирининг якунда сов­рин ютишини кутиш мумкин. 

- Ўзи «Шўртан» олдига ҳам қандайдир вазифа қўйилганми?

- Ҳа, албатта - мавсумни юқори саккизталикда якунлашимиз керак.

- Футболчи борки, у муайян олий орзу сари интилади. Обид Жўрабоевники нима?

- Шукрки, орзуларим рўёбини кўряпман. Энг каттаси эса ҳали олдинда - миллий жамоамиз либосида майдонга тушиш.

- Сизнингча, терма жамоамиз бу сафар жаҳон чемпионатига чиқа оладими? Имкониятларни қандай баҳолайсиз?

- Насиб қилса, мундиалга чиқамиз. Чунончи, жамоамизда кучли ва истеъдодли футболчилар етарли.

- Фаолиятингиз давомида бирор қарорингиздан қаттиқ афсусланганмисиз?

- Ҳа, шунақаси ҳам бор. Лекин ҳаммаси ортда қолди, энди фақат олдинга интилиш керак.

- Афсусланарли ҳолат бирор клуб сафига ўтмаганингиз билан боғлиқми ёки...?

- Балки шундайдир. Аммо тарихни ортга қайтариш - иложсиз.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:51, 22.06.2017.
Ўқилди: 3905 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.