Алехандро Хосе Эрнандес Испания чемпионатининг 2016/17 мавсуми энг яхши ҳаками деб топилди.
Бу ҳақда Примера ҳакамларининг техник қўмитаси қарор чиқарган, деб хабар бермоқда As.
Ўтган мавсумда Эрнандес энг катта шов-шувга сабаб бўлган баҳслардан бирини бошқарган. 20-турдан ўрин олган «Бетис» - «Барселона» (1:1) ўйинида у каталонияликларнинг тоза голини ҳисобга олмаган. 78-дақиқада, ҳисоб мезбонлар фойдасига 1:0 бўлиб турганида, Неймарнинг зарбасидан сўнг, тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтган, бироқ ҳимоячи Айсса Манди уни чиқариб юборишга улгурганди. Бош ҳакам Алехандро Хосе Эрнандес эса гол бўлганини пайқамай қолганди.
Кейинчалик, каталониянинг Sport нашри тўп дарвоза чизиғини 57 см.га кесиб ўтганини ҳисоблаб, голни аниқлаш технологиясини зудлик билан жорий этилишини талаб қилганди.