Халқаро чемпионлар кубоги доирасида бўлиб ўтган "Барселона" – "Ювентус" учрашувидан кейин "Барселона" раҳбарияти ҳамда Неймарнинг отаси ва футболчининг ўзи ўртасида навбатдаги музокара бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув натижаси "кўк-анорранглилар" раҳбарияти ва клуб мухлислари учун ижобий руҳият бермади. Неймар "ПСЖ"га ўтишга жиддий мақсад қилганини таъкидлаган, дея хабар тарқатди Marca.
Бундан аввалроқ Неймарнинг Лео Месси ва Луис Суарес билан суҳбати ҳам каталонияликлар учун кутилган натижани бермаганди. Жамоа етакчилари ҳам бразалиялик футболчини "Барселона"да қолишга кўндира олишмаганди.
Аввал тарқатилган хабарларга кўра, Неймар "ПСЖ" билан 5 йиллик шартнома имзолайди ва футболчи йилига 30 млн евро маош олади. Парижликлар ўйинчининг "Барса" билан шахсий шартномасида кўрсатилган 222 млн. евро бадал пулини тўлашга тайёр.