«Челси» клуби яримҳимоячиси Роберт Кенедининг қилиғи учун Хитой халқидан узр сўради.
The Telegraph хабарига кўра, 21 ёшли футболчи жамоаси билан Хитойга ташриф буюрганида, иш жойида ухлаб қолган хитойлик қўриқчи фотосуратини инстаграмга жойлаштириб, ирқий камситувчи руҳдаги гапларни ёзган. Шундан сўнг, «Арсенал»га қарши бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви вақтида маҳаллий мухлисларнинг ҳуштакбозлигига учраган.
«Челси» футбол клуби Хитой халқидан футболчининг ижтимоий тармоқдаги ҳақоратомуз пости учун расман узр сўради.
«22 июль куни клуб хитойлик мухлислар томонидан илиқ ва дўстона қарши олинди. Аммо биз ёш футболчиларимиздан бири Кенедининг ижтимоий тармоқдаги постидан ҳайронмиз, у бу иши орқали хитойликларнинг туйғуларини ҳақоратлаган.
Футболчимиз бу постини тезда ўчирган ва узр сўраган бўлсада, афсуски, ижтимоий тармоқларда бу ҳодиса кенг тарқалиб кетди. «Челси» бу ҳолат учун узр сўрайди. Кенедининг ҳаракати хато эди, унинг ҳаракати бутун жамоа футболчилари ёки клубнинг позициясини билдирмайди. Кенедига қатъий танбеҳ берилди», — дейилган лондонликлар клуби расмий сайтидаги инглиз ва хитой тилларида келтирилган мурожаатда.
Бу ҳолат юзасидан Кенедининг ўзи ҳам узр сўраган.
«Мен хитойликлардан узр сўрамоқчиман. Кимнидир камситиш ёки хафа қилиш ниятида бўлмаганман, аммо бу ҳазилни бошқача тушунишди. Айтишни истардимки, хитойликлар ва бу мамлакатни чуқур ҳурмат қиламан. Мен шунингдек, «Челси»дан ва жамоадошларимдан уларни ноқулай аҳволда қолдирганим учун узр сўрайман», — деб ёзди Кенеди.