Айтганча, нимага ҳеч ким Ўзбекистон терма… э, тфу, Бабаян миллий терма жамоаси ҳақида ёзмаяпти?
Уйғонинглар, ҳурматли журналистлар. Ғофилликнинг пайти эмас. Ҳар ким ҳам Саудиянинг тўртинчи жамоаси устидан ғалаба қозонавермайди. Нега жимсиз?
Кейин, ягона гол муаллифи кимлигидан хабарингиз борми? Сергеев! Бунақаси энди худди ҳалиги ой тутилиши юз йилда бир содир бўладигандай гап, мен сизга айтсам! Газеталарни «бежаб», телевизорларни «ёриб», интервьюларни қалаштириб ташламайсизми-ей…
Мана ҳозир Бабаяндан интервью олишнинг айни пайти. Қўрқманг, сизни кўриб, Ахрор бобо айтгандай, қочиб кетмайди. Ахир «Ал-Таавон»дек номи дунёга машҳур клубни салкам ер тишлатди. Бу билан терма жамоамизнинг халқаро имижини яна юксакларга кўтарди. Ўзи бўладими! Интервью олиш қўлингиздан келмаса, жилла қурса кичик «ташаккурнома» эълон қилиб қўйинг-да…
А, «Зоб-Аҳан»га ютқазди-ку, дейсизми? Тушунмадим, нима сиз Марсда юрибсизми? «Зоб-Аҳан» кимлигини, яъни, қайси мамлакат жамоаси эканлигини билмайсизми? Осиё қитъасидан жаҳон чемпионатига биринчи бўлиб чиққан давлатники-я! Бундай даражадаги клублар билан ўйин ўтказишнинг ўзи катта «шараф», мен сизга айтсам. Кичик ҳисобдаги мағлубият-ку, умуман — ғалабага тенг!
Менимча, Лобанов ҳам голни атайин қўйиб юборган. Нега деганингиз нимаси, мабодо дуранг натижа қайд этилса, ҳамма бизга яна бошқача, «жиддийроқ» кўз билан қарай бошлаган бўларди. Бу эса Бабаяннинг «вертикал-горизонтал» тактикасига зид. Бўйиннинг давомини озгина ишлатингда…
Узр, хотирамдан фаромуш бўлди, терма жамоа ҳали ҳам Туркиядами? Агар шундай бўлса, ҳурматли журналистлар, «айбингизни ювиш» учун жуда яхши имкониятингиз бор! Жамоани қизғин дабдаба ва жўшқин кайфият билан кутиб олиш.
Ҳа, айтганча, Лобановнинг «айёрона» режаси ва Сергеевнинг «афсонавий» голини улуғлашга қаратилган плакат-млакат тайёрлатиш эсингиздан чиқмасин!
Ўткир Қаламтебратар