Ғузорнинг «Шўртан» футбол клуби Эдгар Гессни бош мураббий сифатида таништирди. Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, Гесс «оқ бўрилар» бошқарувига муносиб номзод деб топилган.
Бунда Гесс аввал ҳам «Шўртан»да фаолият кўрсатган, ғузорлик мухлислар меҳрини қозонган ва айтиш жоизки, ҳозирча жамоа тарихидаги энг юксак натижани қайд этган мутахассис сифатида таништирилган.
Эдгар Гесс бунга қадар ҳам икки бор «Шўртан» бош мураббийи этиб тайинланган ва табиийки, шунча марта истеъфога чиқарилган. Бу борада мураббий учинчи истеъфо сари биринчи қадамни ташлади.
У 2009—2011 ва 2012—2013 йилларда «Шўртан»ни бошқарган. Клубнинг Олий лигадаги энг яхши натижаси 4-ўрин бўлиб, бу Эдгар Гесс мураббийлигида 2010 йил қўлга киритилган. Ўша йили ғузорликлар Ўзбекистон кубогининг финалига қадар етиб борган ва келаси йил ОФК кубогида иштирок этиб, гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтган.
«Шўртан» айни вақтда муаммолар гирдобида қолган. Сербиялик собиқ футболчисидан қолиб кетган қарзини бир амаллаб тўлаган клуб, энди беларуслик мураббий Игорь Криушенко ва у олиб келган ёрдамчига ҳам қарзини қайтариши керак. ФИФА эса «Шўртан»ни Биринчи лигага тушириб юбориш талабини қўйган.