«Милан» Сильвио Берлусконидан хитойлик сармоядорлар қўлига ўтганидан кейин катта ўзгаришлар амалга оширилди. Сўнгги пайтларда бир қатор трансферларга қўл урилди.
Бунда жамоанинг спорт директори ва техник менежери Массимилиано Мирабеллининг ҳизматлари катта.
Эътиборли томони, бундан олдин у клубнинг ашаддий рақиби - «Интер»да ишлаган, айнан хитойликлар келганидан сўнг «Милан»га кўчиб ўтганди. Яқинда ушбу мутахассис Premium Sport нашрига интервью берди.
«Милан»га қўшилиши ҳақида
- Бу таваккал эди. Фақатгина воқеанинг бахтли якуни қарорим тўғри эканини кўрсатди. Жараён ойларга чўзилиб кетди. Бу пайтда анча қийналдим. Шунингдек, «Милан» мухлисларига ҳам осон бўлмади. Гарчи барча масала ҳал этилмаган бўлсада, ишлашдан тўхтамадик. Турли мамлакатлар, шаҳарларга бориб, футболчиларни кўздан кечирдик. Бизга шубҳа билан қарашаётганини билардик. Энг ёмони - «Милан» номидан гаплаша олмасдик. Бу жараён 9 ой давом этди.
Ўзининг роли ҳақида
- «Козенце» ёки «Милан»да спорт директори бўлиб ишлаш қийинми? Бу турли масъулият. Лекин ҳеч қачон иш услубимни ўзгартириш ҳақида ўйламаганман. Гарчи жаҳоннинг энг совриндор клубларидан бирида фаолият юритаётган бўлсангизда, ўзлигингизни сақлаб қолишингиз лозим. Қуйи дивизионларда ишлаганим менга жуда қўл келди, чунки барчасига ўз кучим билан эришдим. Ҳеч ким менга бирор лавозимни шунчаки совға қилмади. Дилетантлардан тортиб, «В» сериядаги ғалабаларим билан мақтана оламан. Бу ўз кучимга бўлган ишончни янада орттиради. Ўз соҳамда ўзимни ҳақиқий профессионал ҳис қила оламан. Албатта, камчиликлар ҳам учрайди, ахир хатодан ҳеч ким кафолатланмаган.
Скаутинг ҳақида
- Узоқ ўйланишларсиз клубни янги даврга бошлай оладиган қатор футболчиларни харид қилишга тўғри келди. Ҳар бир клуб ўз скаутларига ишонч билдириши лозим. Лекин «Милан»да гап бир ёки икки миллион евролик ўйинчилар ҳақида кетмайди. Шу боис ҳам ҳар бирини қисқа вақт ичида яхшилаб ўрганишимизга тўғри келди. Скаутлик ҳизматига бир қатор мутахассисларни таклиф қилмоқчимиз. Бу ёшлар, болалар жамоаларига ҳам боғлиқ. Биз керакли ўйинчини ҳаммадан биринчи топишни истаймиз. Ўшанда уларни арзон нархларда харид қилиш имкониятга эга бўламиз.
«Милан»нинг трансфер бозоридаги ҳолати ҳақида
- Барча ишни овоза қилмасдан, тинчгина амалга оширишимиз лозимлигини билардик. Бу борада маслаҳатлашдик ва режа туздик. Кейинчалик режамизни аста-секин амалга ошира бошладик. Натижасини ўзингиз кўриб турибсиз. Энг осон харид? Андреа Конти. Чунки телефон орқали гаплашганимиздаёқ, у қора-қизил футболкани кийиб бўлганини айтди. Энг ёқимли трансфер? Леонардо Бонуччи. Ҳаммаси ажойиб кечди. Бу хариднинг қандай амалга ошганини ўзимиз ҳам билмай қолдик. Лео Серхио Рамос сингари жаҳоннинг энг кучли марказий ҳимоячиларидан биридир, катта тажрибага эга. Уни «Ювентус»дан «тортиб олиш» осон бўлмади.
Доннарумма билан янги шартнома ҳақида
- Энг қийин келишув? Доннарумма билан шартномани узайтириш биринчи кунданоқ биз учун «бажариб бўлмас вазифа»га айланганди. Зеро, шартномаси якунланаётган футболчини «мерос» қилиб олгандик. Олдинги раҳбарият бу вазифани амалга оширмаганди. У билан янги шартнома имзолашдаги имкониятларимиз нолга тенг эди. Лекин якунда натижага эришдик. Биз Жижининг қолишини истадик. Унинг оиласи ҳам фақат «Милан»ни хоҳлади. Натижада бу истак ишимизни енгиллаштирди.
Лотито ҳақида
- Лотито билан муносабатларимиз яхши. У президент вазифасини ажо-йиб тарзда бажармоқда. Агар бирор-бир футболчининг нархини айтса, ўша фикрини осонликча ўзгартирмайди. Мақсадимиз Бильяни қўлга киритиш эди, биз буни уддаладик.
Кейинги мақсадлар ҳақида
- Белотти? Афсуски, бизнинг қизиқишларимиз «Торино»нинг жаҳлини чиқармоқда. Бир қатор ҳужумчиларни кўздан кечиряпмиз. Белотти ҳам улардан бири. Бу борада туринликларни ҳам огоҳлантирганмиз. Матуботда турли номларни ўқиб қоляпмиз. Аммо уларнинг айримлари кимлигини ҳам билмайман. Биз ҳаммасини холисона олиб боряпмиз. Аввал клубга мурожаат қиламиз, кейин эса футболчининг ўзи билан гаплашяпмиз. Мората? У аввалданоқ режамизда бўлган, дастлаб розилик ҳам берганди. Кейин ЕЧЛ финалидан сўнг қийинчиликлар юзага келди. Яъни бошқа клублар аралашди. Натижада музокаралар тўхтаб қолди. Албатта, унинг номзодига қайтишимиз мумкин, аммо ўз шартларимиз билан. Саншеш? Бу футболчини «Бенфика»да ўйнаб юрган кезлариданоқ биламан. «Бавария»да керакли ўйин амалиётига эга бўлмаяпти. Албатта, унинг номзодини ҳам ўрганиб чиқамиз.
«Милан» ҳақида
- Ҳозирги «Милан» - мисоли қурилиш майдончаси. Янги элементларни топиб, эскилари билан бирлаштириш лозим. Мақсадимиз - ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Лекин олдимизда узоқ йўл турибди. Ўйлайманки, 2-3 йилдан сўнг яна жаҳоннинг энг кучли клубларидан бирига айланамиз.