Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

"Қўқон-1912" клубининг юксалиш сирлари

Баҳо:
+ | -

Ўтган чемпионатда олий лигада қолиш учун кураш олиб борган жамоанинг тезда оёққа туришини кўпчилик кутмаганлиги шубҳасиз.

Эртакнинг ана тугаши, мана тугашини кутишиб, биринчи давра ўйинлари ҳам ортда қолганлигини сезишмади ҳам. Табиийки, эндиликда жамоага нисбатан муносабат ўзгариб, жиддий қаршиликларга дуч келишларини тахмин қилиш мумкин. Мана шу довондан эсон-омон ўтиб олишса, марра уларники бўлади. Шу каби фикрларга ойдинлик киритиб ўтиш мақсадида, клуб вице-президенти, ҳамкасбларимизни доим очиқлик билан қарши оладиган Бахтиёр ака Толиповга юзландик. Қолган гапларни бевосита мутасаддининг ўзидан эшитсак.

- Ушбу мавсум бошланиши арафасида режаларга ўзгартириш киритишингларга тўғри келди. Фарғона вилояти ҳокимининг қабулида бўлганларингда, чемпионат совриндорлари қаторида жамоани кўраётганлигини Шуҳрат Ғаниев алоҳида таъкидлаб ўтганди. Ривожланиш стратегиясига кўра, келаси йилга келиб ОЧЛ йўлланмасини берадиган ўринлар учун курашга киришишинглар кўзда тутилаётганди.

- Босқичма-босқич ривожланиш йўлини танлаган эдик. Ҳар бир амалга оширадиган ишимиз замирида реаллик ётган бўлиши талаб этилади. Ҳеч қачон қуруқ сафсата бўлган эмас. Бу йилги селекция ишлари яхши савияда олиб борилди. Клубимизнинг имиджи ортганлигидан ҳам даракдир. Таркибга яхши савиядаги ижрочилар жалб қилинди. Шу ўринда бош мураббийимиз Нўъмон Ҳасановнинг обрўси ҳам муҳим роль ўйнаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Мураббийлик тарафидан яхши ном қозониб келаётган экан, малакали ўйинчиларни таклиф қилишда катта муаммоларга дуч келинмади. Дарҳақиқат, сизга таништириб ўтган режамиз асосида 2018 йилги чемпионатда совриндорлар қаторига кириш учун кураш олиб боришимиз кўзда тутилаётганди. Чемпионат жамоамиз учун анча муваффақиятли бошланиб, яхши ўринларни банд этиб келдик. Йигитлар аҳил оила вакилларига айланиб боришди. Ички муҳит ҳавас қиладиган даражага келди. Расмий беллашувлар бошланиши арафасида Фарғона вилояти ҳокимининг қабулида бўлганимизда, амалга оширган ишларимизга юқори баҳо берган ҳолда олдимизга катта вазифа қўйдилар. Ҳар қандай кўмакни аямаслигини билдиришди. Ҳаракатларимиз анча қовушиб, биринчи даврани асосий таркиб ва ёшлар жамоаси 2-ўринда якунлаганликларини ўзига яраша муваффақият сифатида баҳолаш мумкин. Беш йилдан буён футбол ичига чуқур кириб бораётган бўлсам, ҳозиргисидек аҳил, бир-бирига меҳрибон футболчи йигитларга дуч келмаганман. Жамоадаги барча инсонлар ягона мақсад сари енг шимариб меҳнат қилишга киришишган. Иккинчи даврада ҳам чиройли ўйинлар кўрсатиб, мухлисларимизни хурсанд этган ҳолда чемпионат совриндорлари қаторида маррага етиб келишимизга умид қилиб турибмиз.

- Давралар оралиғида 4 нафар футболчи жамоани тарк этди. Уларнинг ўрнини тўлдириш учун иккитасини олиш билангина чекландинглар. Ёзги танаффус маҳалидаги олиб борган селекция ишларидан кўнглингиз тўлганлигини айта оласизми?

- Футболчиларнинг учтасига ўзимиз рухсат бердик. Дарвозабонлар ўртасидаги рақобатнинг ўта юқори эканлиги сабабли, айримлари ўйин амалиётисиз қолиб кетиши табиий эди. Шунинг учун Музаффар Абдуллаев омадини бошқа жамоада синаб кўрмоқчи эканлигини айтганида, муаммоларсиз қўйиб юбордик. Руслан Мельзиддиновни жароҳатлар анча қийнаб қўйганди. Ўзига келиб, майдонга қайтмоқчи бўлганида, ўйин амалиётининг камлиги ҳисобига асосий таркибдаги ўрнини рақобатчисига бериб қўйди. Шунингдек, Собир Ҳамидов ҳам доимий равишда майдонга тушишни хоҳлаган ҳолда рухсат беришимизни сўради. Янгилардан Қувондиқ Рўзиевни қўшиб олдик. Жамоа учун янги дейишга тил бормайди. Ўтган йили мухлисларимизнинг суюкли футболчиларидан бирига айлана олганди. Қанчалик илтимос қилганимизга қарамай, «Локомотив» ортга қайтариб олганди. Мана яна биз билан бирга.

- Яна ижарага олиндими?

- Ҳа. «Обод»дан Дониёр Ҳасановни чақирдик. Ўйин ташкил этиш борасида моҳир ижрочилардан бири саналади. Анчадан буён унинг хатти-ҳаракатларини мураббийларимиз кузатиб келишарди. Йил бошида таклиф этиш мақсадида «Обод» раҳбарияти билан музокара олиб боргандик. Рад жавобини қайтаришганди. Ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида яхши ижрочиларни жалб қилишни мўлжаллаётгандик. Музокаралар муваффақиятли якун топса, 10 августгача ушбу масалада ҳам олдинга қадам ташлашга эришишимиз ҳеч гап эмас. Бош мураббийнинг фикрига кўра, ҳозирги таркиб билан юқори ўринлар учун бемалол кураша оладиган имкониятга эгамиз.

- Жавоҳир Сиддиқовнинг иккинчи даврадан «Пахтакор»га қайтишидан маҳаллий мухлислар хавотирга тушаётганликларини изҳор этишганди. Масала шу қадар ижобий ечим топдики, хатти-ҳаракатлар фойдангларга хизмат қилди. Истеъдодли ярим ҳимоячи нафақатқўқонни тарк этди, балки тўлақонли клубнинг аъзосига айланди. Ижара ўз кучини йўқотди.

- Жавоҳирни олиб келганимиздан кейин «Пахтакор» клуби раҳбариятида катта ўзгаришлар юз берди. Таркибимизга яхши киришиб кетиб, мухлисларнинг суюклисига айланганидан сўнг, олиб қолиш учун «Шерлар»нинг янги раҳбарияти билан музокаралар олиб борилди. Вазиятни тушунтиришга уриндик. Илтимосимизни инобатга олишди. Никита Рибкин иккаласи эндиликда тўлақонли жамоамиз аъзосига айланишди. Ҳужумчи Сидоров эса ижара асосида қоладиган бўлди.

- Сиддиқов борасида ижобийликка эришишингларни кутмагандик. Чунки миллий терма жамоага номзод ҳисобланган футболчини «Пахтакор» мутасаддилари осонликча қўйиб юборишларига ишонмагандик.

- Энди воқеликка очиқлик киритиб ўтмоқчиман. «Пахтакор» клубининг хўжайини Бобур Шодиев Қўқонга ташриф буюриб, стадионимизда жамоа иштирокидаги ўйинни кузатганди. Ишқибозларнинг кўплиги, жамоани қўллаб-қувватлашдаги жонбозликларини кузатиб, ҳаяжонини яшира олмади. Айниқса, Жавоҳирга нисбатан ишқибозларнинг ҳурмати баланд эканлигини ўз кўзи билан кўрди. Бу йил Қўқон футболи 105 ёшини қарши олади. Муҳтарам меҳмон ушбу сана муносабати билан биздан ўзига хос совға бўлсин, дея Сиддиқовни бепулга бериши ҳақида ваъда қилди. Ёрдамчиси Умиджон исмли йигитга шуни тайинлади. Айнан мана шу гаплар туфайли музокара чоғида муаммоларга дуч келмадик. Қўқонлик мухлислар ва шахсан ўз номимдан, ёрдам қўлини чўзиб, вазиятни тўғри баҳолаб, саховатпеша инсон эканлигини яна бир карра намоён этган «Пахтакор» клуби хўжайинига миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман.

- Демак, ушбу трансфер учун қўқонликлар 75 минг доллар сарфлашди, деган хабарлар ҳақиқатдан йироқ экан-да?

- Албатта, булар қуруқ сафсата. Энг аввало футболчининг хоҳиши ҳам инобатга олинди. Пойтахтликлар билан тузган шартномаси ярим йилдан кейин якунига етаркан. Бизга ижарага беришса ҳам йил якунида барибир эркин агентга айланарди. Ҳеч қандай пул тўлангани йўқ. Захирада яна ярим йил ушлаб ўтириб, футболчига зиён келтиришнинг фойдаси бўлмаслигини тўғри тушунишди шекилли.

- Йил бошида кўтарма пуллар ҳақида гаплашгандик. Янгича услубдаги тўлов жорий қилиниши ҳақида гапириб ўтгандингиз. Аммо амалда яна «Бухоро»дан таклиф этилган 4 нафар ўйинчига пулларнинг олдиндан берилганлиги ҳақида эшитиб қолдик. Имконини қила олмай қолдингизми?

- Ўйлаб қўйганларингизни бир кун ичида амалга ошириш қийин масала экан. Бизда асосий таркиб ўйинчилари қаторида 22 нафари рўйхатга олинган. Шулардан еттитасига кўтарма пули тўлалигича берилди. Қолгани билан ўзаро келишувга асосан ҳар ойда маошларига қўшиб тўлаб бормоқдамиз. Хуллас, йўлга қўйган янги тизимимиз аста-секин ўз самарасини бермоқда. Иккинчи тарафдан, футболчиларни ҳам тўғри тушунамиз. Тўп сурган клубларининг баъзиларида алдаб қўяётганликларини изҳор этишади. Мавсум бошида берилган ваъдаларига йил якунига бориб амал қилмасликларига кўп дуч келаётганликларини эшитиб қоламиз. Кейин оворагарчиликлар бошланади. Шикоят қилиб, пулларини ундиришга уринишади. Натижада асаббузарлик юзага келиб, вақтдан ютқазишади. Футболчиларнинг ўзларига бериладиган имкониятдан фойдаланиб қолишга интилишларини тўғри қабул қиламиз. Келажаги ҳақида қайғуришмоқда. Фикримизда собит қолиб, ҳеч кимга олдиндан пул бермаймиз деяверсак, айрим яхши савиядаги ижрочиларни жалб этишимиз қийин кечаркан. Буни ҳаётнинг ўзи исботлаб қўйди.

- «Бухоро»дан таклиф этилган ўша тўрт нафар малакали футболчиларга бошқа жамоалардан ҳам харидорлар чиқаётганди.

- Айнан шу сабабли ҳам пулларини олдиндан беришга мажбур эдик.

- Ҳар бирига 250 миллион сўмдан берилгани ҳақиқатга яқинроқми?

- Йўғ-е, сизга нотўғри маълумот беришибди. Айтилган миқдорнинг ярми ҳам эмас.

- Баҳодир Пардаев ҳам барча пулларини олиб бўлганди. Кейин Жанубий Кореядан вариант чиқиб, жамоани тарк этди. Молиявий ҳисоб-китоб ишлари қай тарзда амалга оширилди?

- Футболчи олган барча пулларини қайтариб берди. Энг аввало тарбияси зўр йигит эканлигини таъкидламоқчиман. Жанубий Кореядан таклиф келиб тушганида, жамоа бош мураббийи билан биргаликда олдимга киришди. Анча вақт муҳокама қилиб ўтирдик. Пардаев 30 ёшга борганлигига ишора қилиб, бундай имконият кейин бўлмаслиги ҳақида тўхталиб ўтди. Мабодо розилик бермасам, шубҳасиз жамоада қолишини изҳор этди. Оқ йўл тилаб, яхшиликча хайрлашдик. Олган пулларининг барчасини қайтаришини билдирди. Ўртада ҳеч қандай кўнгилхонлик бўлмади. Мана шундай тарбияси жойида бўлган ўйинчиларга бераётган пулларимиздан доим розимиз. Йил бошида сафимизга келиб қўшилган футболчиларнинг аксарияти катта ҳажмдаги меҳнатларни амалга оширишмоқда. Жамоанинг юқори ўринларда туришида ҳам муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.

- Пардаевнинг хориждаги ишлари юришмай, ортга қайтаётганлиги ҳақида гап-сўзлар бўлаётганди. Сизлар билан алоқага чиқмадими?

- Жамоамизни тарк этаётганда ҳам айтганман: қачон ортига қайтса, клубимиз эшиклари доим очиқ. Жанубий Кореяга уни таклиф этган мураббий ишдан олингач, Пардаевнинг фаолиятида бироз тушунарсиз ҳолат юзага келган. Шартнома йил охиригача тузилган. Муддатидан илгари кетмаслиги аниққа ўхшаб турибди.

- Хориждан футболчи таклиф этишда янглишмаётган ягона клуб сифатида «Қўқон-1912»ни эътироф этиш мумкин. Нархи баланд бўлмаса-да, савиялиларини танлашга эришмоқдасизлар.

- Россиядан Игорь Голбанни олиб келганлигимиз ўзини оқлади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон чемпионатининг малакали марказий ҳимоячиларидан бирига айланди. Ўтган йили таклиф этган икки нафар сербиялик ҳимоячиларимиз ҳам сифат борасида ҳеч қандай эътироз уйғотишмади. Ҳозирда сафимизга Райевац қўшилган. Нўъмон Ҳасановнинг Сербияда футбол ичида яхши обрўга эга таниши бор экан. Футболчи таклиф этаёганимизда ҳеч ким ўртага тушмаяпти. Агентларнинг хизматига таянилмайди. Ўша инсон мамлакатимиз футболини яхши билади ва кимларнинг ўйнаб кетишини тушунаркан. Кўз тегмасин, ҳозирча бу томондан янглишилмаяпти. Дарко Гожкович ушбу мавсумда ҳам биз билан бирга. Агар унда ўзбек паспорти бўлганида, бемалол миллий терма жамоада тўп сурадиган даражадаги футболчидир. Филипп Райевац ҳам чемпионат бошларида белидан жароҳатга йўлиқди. Уколлар ёрдамида майдонга тушишига тўғри келди. Уйига жўнатиб юбордик, даволаниб қайтди. Иккинчи даврада аввалги формасига қайтишга эришса, рақибларига жиддий муаммо туғдиришга эришади. Жароҳати билан ҳам бошқалардан бир калла устун эканлиги сезилиб турди. Рақибларнинг 2-3 нафар ҳимоячисини сергак тортишга ундаётганди.

- Майдондан ташқарида ҳам бошқаларга ўрнак бўла олаётганликларини таъкидлаган эдингиз.

- Европаликлар ишлашдан тўхташмас экан. Қўшимча машғулотлар кўп ўтказишади. Жисмоний томондан жуда бақувват йигитлар. Легионер мақомига ҳар томонлама мос тушишади.

- Иккинчи давра ўйинлари бошланиши арафасида қандай ҳис-туйғуларни бошингиздан ўтказмоқдасиз?

- Келаси мавсумда Осиё Чемпионлар лигасида тўп суришни кўзлаб турибмиз. Бу йилгидагидек имконият яна юзага келадими-йўқми, билмадим. Биринчи даврани яхши савияда ўтказишга эришдик.қандай ишларни амалга оширган бўлсак, чемпионатнинг иккинчи қисмида шуларга яна озроқ қўшиб боришимиз талаб этилади. Бунинг учун жамоа аъзоларига барча шароитларни кўнгилдагидек яратиб бераверамиз. Вилоят ҳокими ҳам клубнинг тақдирига бефарқ эмас. Энг муҳими, мухлисларимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

“Футбол Экспресс” газетасидан олинди

Манба: kokand1912.uz
Киритилди: 16:57, 02.08.2017.
Ўқилди: 3347 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.