Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Дурангга ўрин йўқ ёхуд Олий лига 17 тури ҳақида фактлар

Баҳо:
+ | -

Олий лиганинг иккинчи давраси анча ғалати бошланганди. Яъни 16-тур доирасидаги нақ 5та ўйин дуранг натижа билан хотима топгач, Ўзбекистон чемпионати қанчалик даҳшатли кўриниш олишини ўйлаб қолгандик.

Бироқ аввалги ҳафта бўлиб ўтган ўйинлардан сўнг тасаввуримиз кескин ўзгарди. Дуранглар лимити чегараланган экан, шекилли, 17-турда бирорта учрашувда муроса йўли танланмади.

Аксинча, 8та ўйиннинг барчасида томонлардан бири устун келди. Мағлуб жамоалардан 7таси ҳаттоки, гол уролмаган бўлса, 2та учрашувда йирик ҳисоб қайд этилди.

«Насаф»га осон эмас...

   17-турнинг асосий баҳси Бухорода бўлиб ўтди. Яна олдинга интилаётган Улуғбек Бақоев жамоаси бу сафар «Насаф»ни қабул қилиб, ягона гол эвазига 3 очко олди. Ҳа, мавсум бошида бухороликлар бошқарувига тажрибасиз саналган Бақоев тайинланганида, кўпчилик ҳайрон қолганди. Аммо ёш мураббий анча кучсизланган таркиб билан ҳам ўтган йилгидан кам натижа қайд қилмайдиган кўринади. Мана, бухороликлар 5-ўринга кўтарилишди. «Насаф» аксинча, мағлубиятдан сўнг яна 2-қаторни бўшатиб қўйди. Чунки «Қўқон-1912» аутсайдер - «Обод»ни ўз майдонида мағлубиятга учратиб, анча ўрганиб қолган жойига қайтди.

  Рўзиқул Бердиев жамоасининг муҳим очколарни бой бергани «Локомотив»га ҳам қўл келди. Чунончи, сафарда «Сўғдиёна»га қарши майдонга тушган «темирйўлчилар» ортга ишончи ғалаба билан қайтишди - 4:0. Эътиборлиси, Жиззахда Мурод Бобожонов ва Марат Бикмаев галма-галига 2тадан гол уришди. Хусусан, Маратнинг чемпионат давомидаги голлари сони 15тага етди ва ҳужумчининг терма жамоамиз ўйинлари яқинлашган сари яхши ҳолатга кириб бораётгани қувонарли ҳол. Айтиш жоиз, «Сўғдиёна» бошқаруви Игорь Шквиринга топширилгач, жамоанинг руҳияти анча кўтарилганди. Бироқ «Бунёдкор»га қарши кечган ўйиндаги дурангдан сўнг кузатилган 0:4 Игорь Анатольевич олдида қилинадиган ишлар ҳали жуда кўплигини кўрсатиб қўйди.

Арвеладзе «имзо»сими ёки...?

   Ўтган турнинг энг йирик натижаси Тошкентда кузатилди - янгиланган «Пахтакор» Вадим Абрамов бошчилигида янгиланаётган «Нефтчи»ни меҳмон қилдию, сира аямади. 90 дақиқа давомида нақ 6та гол урилди ва уларнинг барчаси иккинчи бўлимда бир томондаги дарвозага йўлланди. Хуллас, фарғоналиклар 45 дақиқага чидашди, танаффусдан кейин эса... Вадим Абрамов эса ҳаттоки, биринчи бўлимдаги ўйинга ҳам «ноль» сифатини берди. Унинг ҳужумкор футболни ёқтириши барчага маълум. Шунинг баробарида қўл остидаги жамоаларнинг кучли рақибга қарши ўйинларда ҳимояни унутиб, аянчли аҳволга тушиб қолганини ҳам кўрганмиз. Хуллас, Вадим Карленович шогирдларини сусткашликка йўл қўйганликда айблаётган бўлсада, хоҳлаймизми-йўқ, 0:6да ўз «имзо»си ҳам бор. У шунингдек, «Пахтакор» ўйинида катта ўзгаришни сезмаганини айтди, аммо бу Шота Арвеладзе иши самара келтира бошлаганини инкор қилолмайди. Игорь Сергеевнинг 2та гол ургани хусусида эса Марат Бикмаев ҳақида айтилган фикрларни такрорлаш мумкин.

Юқори тўртликка интилиш

   Олий лигада юқори 4та ўрин учун алоҳида рақобат бошланганига анча бўлди. Чемпионатимиз иштирокчилари учун Осиё Чемпионлар Лигасининг 4та йўлланмаси ажратилганида, «кучли тўртлик» атамасини кенг қўллаш одат тусига кирди. Гарчи айни пайтга келиб, бу квотадан асар ҳам қолмаган бўлса-да, юқори тўртлик учун кураш сусайгани йўқ. Турнир жадвалининг айни ҳолатига қарасак, 4-ўринга илиниш йўлида нақ 5-6та жамоа кураш олиб бормоқда. Уларнинг очколари ўртасидаги фарқ эса атиги 4та, холос. Тўртликка кириш умидидаги иштирокчилардан бири - «Бунёдкор» ўтган ҳафта «Олмалиқ»ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа «қалдирғочлар» ҳисобидаги очколар сони 25тага етди ва улар 6-ўринга сакрашди. «Навбаҳор»да ҳам худди шунча очко бор. Наманганликлар нисбатан кучли «Қизилқум»ни 3:2 ҳисобида енгиш эвазига жадвалда ўз майдонида «Машъал»га ютқазган «Металлург»дан олдинга ўтишди ва очколар бўйича «Олмалиқ» билан тенглашишди.

Бечора «Обод» ночор...

    Олий лига мусобақа жадвали қуйи қисмида эса вазият анча ойдинлашиб бормоқда. Гарчи «Обод» иккинчи давра олдидан тарқалиб кетиш хавфидан қутулган бўлса-да, қуйи лигага равона бўлиш эҳтимолидан қутулмайдиган кўринади. «Ободчилар»нинг сира омадлари юришмаяпти. Қўқон сафаридан қуруқ қайтган жамоа ҳисобида атиги 9 очко бор. 14-ўриндаги «Сўғдиёна» эса бундан нақ икки баравар кўп очко йиққан. «Шўртан» эса «Динамо»ни кичик ҳисобда енгиш эвазига хавфли ҳудуддан бироз узоқлашди. Қуйи лигага тушиб кетиш таҳликаси остидаги яна бир жамоа «Нефтчи» 17-турдан кейин ҳам оғир аҳволда. 12 очкога эга фарғоналиклар агар келгуси турларда вазиятни тезда ижобий томонга буришмаса, кеч бўлиши мумкин. Умуман, ҳозирги ҳолатда «Нефтчи» «плей-офф» баҳсида биринчи лига вакилига қарши майдонга тушиш учун бош номзоддек кўринмоқда.

Тур қаҳрамони - Тиаго Безерра

     Олий лига ўйинларига киришгани ҳамоно қаҳрамонлик кўрсатиш осон эмас. Аммо бразилиялик Тиаго Безерра бу иш уддасидан чиқди. Бу ўринда гап футболчининг 2та гол урганида ҳам эмас. «Пахтакор» унинг голларисиз ҳам «Нефтчи»ни йирик ҳисобда ютарди, эҳтимол. Масалан, Игорь Сергеев гол масаласидаги тақчилликдан сўнг «дубл»га эришди. Аммо Сергеев ва Безерра натижаси ўртасида, таъбир жоиз бўлса, анча фарқ бор. Худди бўш қолган дарвозага тўп йўллаш ва шу вазиятни яратиш ўртасидаги каби. Хуллас, бразилиялик футболчи 2та голга муаллифлик қилишдан ташқари, жамоаси ҳужумларида фаоллик кўрсатди. Шуни инобатга олган ҳолда, айнан уни қаҳрамон сифатида эътироф этдик.

Тур иқтибослари

- Биринчи голда рақиб футболчиси хатоси қўл келди. Айнан тезкор гол жамоани қўшимча руҳлантирди ва қолган дақиқаларда ўз ўйинимизни кўрсатишда ортиқча қийналмадик. Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи).

- Шогирдларим лоақал 20 фоиз имкониятларини ҳам ишга сололмадилар. «Бунёдкор» билан учрашувдан кейин жамоани хайрихоҳликка бошлаш ва барқарор ўйинни тиклаш бироз қийин кечмоқда. Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи).

- «Пахтакор»да ўйин бобида катта ўзгаришни сезганим йўқ. Ўша-ўша «Пахтакор». Шунчаки, бугун биз жуда суст ўйнаб, устимиздан кулишларига йўл қўйиб бердик. Бошқа гап йўқ. Вадим Абрамов («Нефтчи» бош мураббийи).

- Жамоамиздан кетган футболчилар ҳақида такрор-такрор савол бериляпти. Бунга тўлиқ жавоб берганмиз ва яна такрорлаш шарт эмас. Гап айнан дарвозабон ҳақида кетаётган бўлса, Санжар Қувватов ишончни оқлаяпти. Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи).

- Тушунарлики, 3 очкога  ўз-ўзидан эришганимиз йўқ. Бунинг замирида тинимсиз меҳнат ва руҳий тайёргарлик бор. Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи).

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 20:18, 14.08.2017.
Ўқилди: 4492 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.