Аввал хабар берганимиздек, 17 август куни Испаниянинг Барселона шаҳрида содир этилган мудҳиш теракт оқибатида юз киши жароҳатланган, яна ўн уч нафари қурбон бўлган.
Шу муносабат билан Каталониянинг “Барселона” футбол жамоаси аъзолари бўлиб ўтган воқеа юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.
Лионель Месси: Барселонада содир этилган террорчилик ҳуружида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Мен зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қаршиман. Зеро биз бошқалардан нафратланмаймиз, аксинча бир-биримизни ҳурмат қилган ҳолда тинч ҳаёт кечиришни истаймиз.
Андрес Иньеста: Яширмайман, бўлиб ўтган воқеалар менга ёмон таъсир қилди. Шунга қарамай шаҳар аҳолиси бундай қайғули дамларда бир-бирини қўллаши жуда муҳим. Шу жумладан, мен ҳам доимо Барселона аҳли билан бирга эканлигимни айтмоқчиман.
Луис Суарес: Албатта, бу ҳаммамиз учун кутилмаган воқеа бўлди. Мен фурсатдан фойдаланиб теракт оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлигимни билдираман.
Иван Ракитич: Ўйлайманки, ушбу теракт нафақат испанияликларни балки бутун дунё аҳлини чуқур қайғуга солди. Мен Барселона билан биргаман, мен унга ҳамдардман.
Шунингдек, “Барселона” футбол жамоасининг эндиликда собиқ ўйинчисига айланган Неймар ҳам “Твиттер”даги саҳифаси орқали ўз муносабатини билдирди. “Жабрланганларнинг яқинларига Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин. Барселона учун доим қайғураман. Барселона - сени севаман.” – деб ёзади Неймар.
Эслатиб ўтамиз, содир этилган терактлар қурбонлари хотираси учун Испанияда уч кунлик мотам эълон қилинди.