Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи сўнгги икки ўйини олдидан бугун, 20 август куни Тошкентда ўқув-машғулотлар йиғинига киришди.
“Пахтакор” стадионида ўтказилган йиғиннинг илк кунида асосан Олий Лига клубларида тўп сураётган футболчилар иштирок этди. Легионерлардан Анзур Исмоилов миллий термага келиб қўшилди. Қолган легионерлар терма жамоа ихтиёрига кейинроқ етиб келади.
Бугунги мағшулотлар тикланиш жараёни билан бошланди ва енгил машқлар бажарилди. Шунингдек, жисмоний тайёргарликка ҳам эътибор қаратилди. Голландиялик мутахассис Чима Мишель Онеке футболчилар билан якка тартибда ишлади.
Машғулот давомида футболчиларнинг кайфиятини кўтариш мақсадида кичик мусобақалар ўтказилди.
Берилган шартларни тез ва чаққонлик билан бажарган футболчилар бош мураббий Самвел Бабаян томонидан кичик рағбатлантирувчи совғалар билан тақдирланди.
Ўқув-машғулотлар йиғини давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 25 август куни Қирғизистонга қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Самвел Бабаян бўлажак ўртоқлик ўйини ҳамда ЖЧ–2018 саралаш босқичининг Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларига 27 футболчини жалб қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичида 31 август куни Ухань шаҳрида Хитой, 5 сентябр куни эса Тошкентда Жанубий Корея билан ўйнайди. Айни пайтда Ўзбекистон 8 та ўйиндан кейин 12 очко тўплаб, тўғридан-тўғри қўлга киритилиши мумкин бўлган ягона йўлланма учун курашда 2-ўриндаги Кореядан 1 очкога ортда қолмоқда.