«МЮ» ёзги трансферлар даврида ўз сафига «Эвертон» ҳужумчиси Ромелу Лукакуни қўшиб олди.
Шу муносабат билан Soccer.ru «қизил иблислар» тарихидаги энг омадли ва омадсиз форвардлар харидига назар ташлаб, бельгиялик футболчини бундан ўзига яраша ибрат олишга чақирди.
«МЮ»НИНГ 5та ЭНГ ОМАДСИЗ ҲУЖУМЧИЛАР ХАРИДИ
5-ўрин. Луи САА. 2004 йил «Фулхэм»дан
17,5 миллион еврога
Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед» либосини кийганига ярим йил бўлгач, манкунианликлар деярли шунча пулни «Фулхэм»нинг франциялик ҳужумчиси учун сарфлашди. Саанинг «Олд Траффорд»даги дастлабки иштироки ёмон чиқмади: 10та ўйинда 7та гол урди.
Аммо кейинчалик сурункали жароҳатлар Луининг силласини қуритди. Гарчи у «МЮ» футболчиси сифатида 42та голга муаллифлик қилган бўлсада, турли шикастланишлар туфайли бор истеъдодини намойиш этолмади. Натижада тўрт йилдан сўнг текинга «Эвертон» аъзосига айланди.
4-ўрин. Дэвид БЕЛЛЬОН. 2003 йили
«Сандерленд»дан 3 миллион еврога
2003 йилнинг ёзи сэр Алекс учун муваффақиятли харид билан ёдда қолгани тайин. Зеро ўшанда сотиб олинган Криштиану Роналду барча ишончни оқлаганди. Аммо кўпчиликнинг наздида айнан шу трансферлар ойнаси шотландиялик мутахассис учун омадсиз кечган. Клеберсон, Эрик Жемба-Жемба ва Дэвид Бельон учун сарфланган пуллар ҳавога учди.
Айниқса, «Сандерленд» сафида икки мавсумда биттагина гол урган Бельон учун 3 миллион евро ажратилиши оммани ҳайрон қолдирди. Чунки 20 ёшли форвард «Олд Траффорд»да фақат юқори тезлиги билан ёдда қолди, холос. Кейинги уч йилни турли клубларда ижарада ўтказган Дэвид ниҳоят, 500 минг еврога «Ницца»га сотиб юборилди.
3-ўрин. БЕБЕ. 2010 йили «Витория Гимарайнш»дан 9 миллион еврога
Бебе тарихи ҳақиқий эртакка айланиши мумкин эди, аммо унинг «Манчестер Юнайтед»даги фаолияти ўхшамади. Карлуш Кейруш Фергюсонни катталар футболида атиги бир йил тўп сурган, бунга қадар бошпанасизлар чемпионатида қатнашган йигитча учун 9 миллион евро сарфлашга кўндирди.
Дастлабки кузатувлардан сўнг Бебенинг «яхши, аммо ҳали хом» экани ойдинлашди. «Қизил иблислар» либосида АПЛда 2та ўйинда майдонга тушган футболчи кейинчалик ижара асосида бошқа жамоаларда ўйнади. Сўнгра «Бенфика»га сотиб юборилди. Эътиборлиси, Лиссабонда ҳам Бебенинг ишлари юришмади.
2-ўрин. Радамель ФАЛЬКАО. 2014 йил
«Монако»дан 8 миллион еврога (ижара асосида)
Туманли ўлкага катта умидлар билан ташриф буюрган ҳужумчи Манчестерда кўпчилик кутганидек «йўлбарс»га айлана билмади. Радамель «Монако»да жиддий жароҳат олганди ва кейинчалик Англия клубларида ўтган йиллари шунчаки аввалги ўйин ҳиссиётларини қайтаришга сарфланди. Ван Гал бошчилигидаги «МЮ» ҳамда Моуриньо қўл остидаги «Челси»да биз ҳақиқий Фалькаони кўрмадик. У ўзига бўлган ишончини йўқотган футболчидек тасаввур уйғотди.
1-ўрин. Диего ФОРЛАН. 2002 йили
«Индепендьенте»дан 11 миллион еврога
Уругвайлик маҳоратли ҳужумчи катта эҳтимол билан йирик клубга бироз эртароқ келиб қолганди. Ёки у Англия футболига мослаша олмади. «Юнайтед»даги голлари ҳисобини очиб олиш учун Диего 30га яқин ўйинда майдонга тушди.
Шу боис, унинг асосий вақтини захира ўриндиғида ўтказганига ажабланмасак ҳам бўлаверади. Кейинги икки ярим йил шу тариқа кечди ва «МЮ» Уэйн Рунини харид қилгач, ўша трансферлар мавсумида Форлан 3 миллион евро эвазига «Вильярреал»га кўчиб ўтди.
«МЮ»НИНГ 5та ЭНГ ОМАДЛИ ҲУЖУМЧИЛАР ХАРИДИ
5-ўрин. Уле-Гуннар Сульшер. 1998 йили
«Мольде»дан 2,5 миллион еврога
Сэр Алекс «Мольде»нинг ёш форвардини «Манчестер Юнайтед»га таклиф қилганидан мутлақо афсусланмаса керак. Сульшер ўйинчилик фаолиятининг кейинги даврини тўлиқ «Олд Траффорд»га бағишлаб, юздан ортиқ тўп киритди.
Жаҳон футболи жамоатчилиги уни энг машҳур «сеҳрли таёқча» сифатида таний бошлади. Бинобарин норвегиялик ҳужумчи асосий таркибда кўп кўриниш бермасада, захирадан майдонга тушиши ҳамоно «МЮ»нинг ўйинини кучайтирарди.
4-ўрин. Энди КОУЛ. 1995 йил
«Ньюкасл»дан 9,6 миллион еврога
Буюк магистр Фергюсон амалга оширган ҳар жабҳада идеал трансфер. Дарвоқе, «Олд Траффорд»га қишда кўчиб ўтган Энди мавсумнинг қолган қисмида 12та гол уришга эришди.
Умумий ҳисобда эса, етти йил мобайнида рақиблар дарвозасини 121 марта ишғол қилиб, манкунианликларнинг 11та соврин ютишларига ҳисса қўшди. Энг эътиборли жиҳати шундаки, 30 ёшга тўлганида «Блэкберн»га 12,2 миллион еврога сотиб юборилди. Яъни бу борада ҳам «МЮ»га фойда келтирди.
3-ўрин. Рууд ВАН НИСТЕЛРОЙ. 2001 йили ПСВдан 28,5 миллион еврога
Мазкур харид ҳақиқий таваккал эди ва буни кейинчалик сэр Алекснинг ўзи ҳам тан олган. Тиззасидан жиддий жароҳатланган футболчи учун йирик сумма тўланганди-да.
Умуман, Рууд «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти ва ишқибозларининг шубҳаланишларига ҳеч қандай сабаб қолдирмади: дастлабки мавсумда барча турнирларда 41та гол, иккинчисида эса - 52та. Ван Нистелройни тўхтатиб бўлмади, «қизил иблислар» либосида ўтказган беш йили давомида 175та тўп киритди.
2-ўрин. Уэйн РУНИ. 2004 йили
«Эвертон»дан 37 миллион еврога
13 йил муқаддам «МЮ» 18 ёшли форвард учун йирик сумма сарфлаб, унинг клуб ва терма жамоа афсонасига айланишига умид боғлаганди. Гап «Манчестер Юнайтед» ҳамда «уч шерлар»нинг энг яхши тўпурари ҳақида бормоқда.
Гарчи Жозе Моуриньо бошқарувни қўлга олгач, Уэйн Рунининг «Олд Траффорд»даги юлдузли даври ортда қолган бўлсада, у ҳали кексайиб қолмаган. 31 ёшида «Эвертон»га қайтган ҳужумчи ҳали футболда ҳамма сўзини айтиб улгурганича йўқ.
1-ўрин. Эрик КАНТОНА. 1992 йили
«Лидс»дан 1,8 миллион еврога
Биринчи ўринга буюк ва даҳшатли Кантона муносиб кўрилди. Фергюсон оғир феъл-атворга эга французга ишонч билдиришдан қўрқмади ва натижада «МЮ»га совринлар келтирадиган футболчига эга бўлди. Эрик мўъжиза яратаётгандек тасаввур уйғотишдан ташқари, кунг-фу бўйича эксклюзив «сабоқ» беришни ҳам унутмасди.
«Қизил иблислар» сафида кўплаб юксак иқтидор эгалари тўп суришди - Жорж Бестдан тортиб, Криштиану Роналду ва Уэйн Рунигача. Аммо Кантона ҳақиқий қиролга айланиб, ҳақли равишда клуб тарихида алоҳида ўринга эга бўлди.