Агар сиз сўнгги ўн йил ичида «Реал», «Барселона» ёки «Атлетико» эмас, балки Испаниянинг бошқа бирор клубига ишқибозлик қилсангиз, ёз даҳшатли ўтиши аниқ.
Чунки шу фаслда қайсидир гранд жамоа етакчи ўйинчингизни олиб қўйиши мумкин. Янги мавсум арафасидаги қизиқарли факт: Ла Лиганинг 8та клубида бош мураббий алмашди. Ярми бир испан жамоасини бошқасига алмаштирган бўлса, икки нафари бир йиллик танаффусдан сўнг ишга қайтди.
Хориждан эса фақат биргина мутахассис ташриф буюрди. Демак, янги мавсумда янги иш жойидаги мутасаддилар ва ишқибозлар ишончини оқлашга астойдил киришган мураббийлар билан танишамиз.
Эрнесто ВАЛЬВЕРДЕ, «Барселона»
Кимнинг ўрнига келди? Луис Энрике Каталонияда ўтказган уч йил мобайнида кўплаб совринларга эга чиқди, аммо йилдан-йилга натижалар ёмонлашаверди. Дебют мавсумдаги кўрсаткич - барча турнирлардаги муваффақиятни сақлаб қолиш қийин бўлсада, хатолар устида ишлаш масаласи чўчитарди. Бор эътибор ҳужум чизиғига қаратилиши натижасида жамоанинг бошқа позициялари оқсай бошлади.
Тажриба: Вальверде иккинчи даражали жамоаларни ажойиб тарзда бошқарган. Испаниянинг қайси клубида ишламасин, унинг номини ишқибозлар ёрқин хотиралар билан ёдга олишади. Бильбаонинг «Атлетик» жамоасини Марсело Бьелсадан қабул қилиб олгач, ҳамкасби қолдирган ишни охирига етказди, ўйинчиларнинг руҳий ҳолатини яхшилаб, кейинги тўрт йилга пойдевор қўйди: чемпионатда 4-7-5-7-ўринлар ва мунтазам равишда еврокубокларга чиқиш.
Янги жамоасида нимани ўзгартиради? Баск ўлкасидан ташриф буюрган мутахассиснинг олдида маҳоратли футболчиларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, вазифасини эплай олмаётганларни бошқа клубга ўтказиш масаласи кўндаланг турибди. Шунингдек, Месси, Суарес ва бошқа юлдузлар билан муносабатни яхшилаши керак, зеро уларнинг аксарияти индивидуал ҳаракатларга кўпроқ эътибор қаратишмоқда. Демак, жамоавий прессингда қатнашишни истамайдиганларнинг ўрнига ушбу топшириқни аъло даражада бажарадиган ҳужумчиларни туширишга тўғри келади. Шуниси аниқки, Вальверде фаолиятида илк марта суперюлдузларга устозлик қилади, ваҳоланки, ушбу шогирдлари учун у обрўли мутахассис эмас.
Эдуардо БЕРИЦЦО, «Севилья»
Кимнинг ўрнига келди? Хорхе Сампаоли «Севилья»га келгач, дастлабки ҳафтадаёқ қочишга тайёр турганди, шу боис унинг мавсум охирида клубни тарк этишини тахмин қилиш қийин эмасди. Сампаоли яна битта жанговар жамоа тузишдан ташқари, андалусияликларнинг узоқ вақтдан сўнг чемпионлик йўлида грандларга жиддий кураш таклиф қилишларини таъминлади.
Тажриба: Луис Энрикедан сўнг «Сельта»ни қабул қилиб олган мутахассис кейинги уч йил мобайнида ўрта даражадаги таркибдан максимум самара чиқара оладиган мустақил мураббий эканини исботлади. Иккинчи мавсум якунига кўра олтинчи ўринни эгаллаган Бериццо асосий урғуни еврокубокларга қаратиб, ярим финалга қадар етиб борди. «Севилья»дагиларга унинг узоқ йиллик режа тузиши маъқул келди, зеро Андалусияда бу жиҳат энг юқори ўринда туради.
Янги жамоасида нимани ўзгартиради? Қисқа паслар орқали тўп назоратини қўлга олиш, фаол ротация, майдонда ташаббусга эга бўлиш - «Сельта»нинг собиқ бош мураббийига хос. Ўз навбатида, ўйин ташкил этишдаги номинал схемалар янада консерватив кўриниш касб этади, узоқ ва қисқа масофадан дарвоза томон йўлланадиган зарбалар сони ошади.
Хосе Анхель СИГАНДА, «Атлетик»
Кимнинг ўрнига келди? Юқорида Эрнесто Вальверде ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдик.
Тажриба: Примерани кузатиш бўйича етарлича стажга эга бўлганлар Сиганданинг «Осасуна» ва «Херес»даги фаолиятини яхши эслашса керак. Сўнгги олти йилни «Атлетик» ўринбосарлари устози сифатида ўтказиб, кўплаб муваффақиятларга эришди. 2015 йили учинчи дивизиондан «А» сегундага йўл олиниши ёшлар жамоаси учун ҳамиша катта ютуқ ҳисобланади. Кейинги йил ўринбосарлар яна қуйига равона бўлишди, аммо асосийси бош жамоа кўплаб иқтидорларни ўз сафига қўшиб олди. «Атлетик»нинг ҳозирги таркибидагиларнинг аксарияти нафақат Сигандани яхши танишади, балки унинг олдида қарздорлар.
Янги жамоасида нимани ўзгартиради? Тактика нуқтаи назаридан аниқ ниманидир кутиш қийин, зеро Сиганда «катталар» билан ўн йил аввал бирга ишлаган, ўшанда ҳам шароитлар ҳаминқадар бўлган. Демак, бошланишига Вальверде давридаги «Атлетик»нинг ўйинини кузатсак, ажабмас. Шунга қарамай, Хосе Анхелнинг қўл остидаги ўйинчилар билан муносабатларни яхшилаш орқали жиддий ўзгаришларга қўл уриши муқаррар.
Луис СУБЕЛЬДИЯ, «Алавес»
Кимнинг ўрнига келди? Маурисио Пеллегрино «Алавес»да ҳамжиҳатликни таъминлади, футболчиларнинг жисмоний ҳолати яхшиланишини назорат қилди, ҳужумдаги барқарорликка урғу берди. Натижада клуб Қирол кубоги финалига қадар етиб бориб, мунтазам чемпионатни кучли ўнликда якунлади.
Тажриба: 36 ёшли аргентиналик мутахассис учта мамлакат - Аргентина, Эквадор ҳамда Мексикада ишлашга улгуриб, ўзига яраша ютуқ ва индивидуал совринларга эга бўлди. Матбуот уни мунтазам равишда келажаги порлоқ мураббийлар рўйхатига киритади. Мана энди унда Европа футболида ном қолдириш имконияти туғилди.
Янги жамоасида нимани ўзгартиради? Асосан 4-4-2 тактик схемасини маъқул кўрадиган Субельдия рақобатбардош жамоа тузишга қодир. Ҳар ҳолда, уни Жанубий ва Марказий Америкадагилар ҳужумкорликка эътибор қаратадиган мутахассис сифатида танишади. Эҳтимол, бу натижаларга салбий таъсир ўтказар, аммо шу каби ўйин тарзи томошабинларга маъқул келиши тайин.
МАРСЕЛИНО, «Валенсия»
Кимнинг ўрнига келди? 2008 йилдан буён Воро беш марта бош мураббий вазифасини бажарувчига айланди. Сўнгги марта у жамоани Чезаре Пранделлидан қабул қилиб олди.
Тажриба: Марселино деярли бир йилни бекорчиликда ўтказди. 2016|2017 йиллар мавсуми бошланиши арафасида «Вильярреал» уни истеъфога чиқарди. Гарчи у жамоани примерага қайтариб, қаторасига уч йил еврокубоклар йўлланмасини қўлга киритган бўлсада, раҳбарият билан алоқаларнинг яхши эмаслиги панд берди. Умуман олганда, «Валенсия»нинг бу танлови кўпчилик томонидан ижобий қабул қилинди.
Янги жамоасида нимани ўзгартиради? Валенсиядаги ҳолат Марселинога яхши таниш, ўйинчиларни саралашда эса 2014-2016 йиллардаги «Вильярреал»да белгиланган тартибга амал қилиши мумкин. Қанотлар орқали йўлга қўйиладиган қарши ҳужум тактикаси унга мос. Юқорида номи келтирилган ҳамкасбларидан фарқли равишда Марселино ўзгартириш эмас, балки яратишни кўпроқ маъқул кўради.
Хуан Карлос УНСУЭ, «Сельта»
Кимнинг ўрнига келди? Юқорида Эдуардо Бериццо ҳақида сўз юритдик.
Тажриба: Сўнгги тўрт йилни «Барселона» ва «Сельта»да Луис Энрикенинг ассистенти сифатида ўтказди. Лучо ҳамроҳлигида жамоанинг назарий тайёргарлигига масъул бўлди, каталонияликларнинг стандартлар вақтида тўғри ҳаракатланишларини таъминлади, кўпинча футболчиларни мустақил равишда шуғуллантирди. Сал қолса, «Барса»да Энрикенинг ўрнини эгаллаши мумкин эди, аммо ҳали «ПСЖ» футболчисига айланиб улгурмаган Неймар билан ўрталарида низо чиққач, номзодлар рўйхатидан номини ўчирди.
Янги жамоасида нимани ўзгартиради? «Сельта» сўнгги йилларда «Барселона» филиалига айланиб қолгандек - бу клубда каталонияликларни қизиқтирган мураббийлар синовдан ўтишади, «кўк-анорранглилар» сафида иши қовушмаган футболчилар Вигога йўл олишади. Унсуэ янги мавсумда «Сельта»да турли тактик схемаларни қўллаши мумкин, ўйинчилар билан ихтилоф келиб чиқиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бошқа томондан, еврокубокларда қатнашмаслик ушбу мутахассисга янги мақсад йўлида бироз фойда келтириши муқаррар.
Кике СЕТЬЕН, «Бетис»
Кимнинг ўрнига келди? Алексис Трухильо, Виктор Санчес ҳамда Густаво Пойет - яқин орада клубда ишлаган мураббийлар. Сўнгги пайтларда «Бетис»нинг иштироки клубнинг бюджети, тарихи ҳамда кенг фан-базасига сира мос тушмаяпти. Севильянинг бу жамоаси барча жабҳада «жон» сақлаш эмас, балки камида ўртамиёналик ёхуд еврокубокларда қатнашиш имконини берадиган ўринлар учун курашишга лойиқ.
Тажриба: «Лас-Пальмас»ни 2015|2016 йиллар мавсуми ўрталарида қабул қилиб олган Кике Сетьен уни қисқа муддатда чемпионатнинг энг мафтункор жамоасига айлантирди. Ҳазилга йўймангу, оролликлар кези келганда ўйин сифати бўйича «Барселона» ва «Реал»дан қолишишмади. Аммо 58 ёшли мутахассис ҳамкасблари ва матбуот томонидан ёғдирилаётган мақтовлар билан чекланмай, ҳақиқий натижаларга эришишни хоҳлади. «Лас-Пальмас» раҳбарияти йирик харидларга пул ажратишга тайёр эмасди, шу боис Сетьен март ойида клубни тарк этишини билдирди.
Янги жамоасида нимани ўзгартиради? «Бетис»да Кике Сетьеннинг ниятларини рўёбга чиқариш учун ҳамма нарса етарли. Узоқ вақтдан буён Севильянинг иккинчи жамоаси назардан четда қолди, аммо мўъжизаларга ўч Сетьен ҳаммасини изига солиши мумкин. «Бетис» футболчилари тез орада примеранинг аксарият жамоаларидан кўра тўпни кўпроқ эгаллаб туришни ўрганишади, рақиб жарима майдончасида комбинациялар уюштиришади, ҳар қандай прагматизмдан воз кечишади. Соф романтика камдан-кам ҳолларга йирик ғалабаларга етаклайди, аммо «Бетис» ишқибозлари энди чин маънода футболдан завқ олишади.