Бокс бўйича жаҳон чемпионатида учинчи боксчимиз ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. 91 кг. вазндаги Санжар Турсунов чорак финал босқичида нидерландиялик Рой Корвингга қарши чиройли жанг ўтказди.
Рақиб спортчиси бўй жиҳатдан устунликка эга бўлганига қарамай, ҳамюртимиз тактик жиҳатдан яхши жанг олиб борди ва аниқ зарбалар эвазига керак очколарни қўлга киритди. Натижада ҳакамларнинг 4 нафари ғалабани Турсуновга тақдим этган бўлса, бир нафари Корвингни устун санади — 30:27, 30:27, 30:27, 30:27, 27:30.
Делегациямиз таркибидаги энг ёш боксчи ҳисобланган Санжар Турсунов фаолиятида илк марта жаҳон чемпионатида иштирок этаётганига қарамай, 3та жангда ғалаба қозониб, энг камида бронза медаль масаласини ҳал қилиб қўйди. Ҳамюртимиз ярим финалда қозоғистонлик Василий Левитга қарши рингга кўтарилади.
Бугун кечки дастурда яна 5 нафар боксчимиз ярим финал йўлланмаси учун жанг олиб боришини эслатиб ўтамиз.