Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Анзур Исмоилов ЖЧ саралаши доирасида Хитойга қарши кечадиган ўйин олдидан интервью берди.
- Анзур, аввало жамоадаги ички муҳит ҳақида билмоқчи эдик. Кайфият қандай?
- Жуда яхши. Узоқ йўлга учиб келиш қийин бўлди, лекин дам олиб, анча ўзимизга келиб олдик. Биринчи машғулот ҳам яхши ўтди. Ҳаммаси жойида.
- Хитой чемпионати ҳақида жуда яхши тасаввурга эгасиз ва терма жамоасини ҳам биласиз. Нима деб ўйлайсиз, бу рақибни енгса бўладими ва ниманинг ҳисобига енгиш мумкин?
- Хитойни ютса бўлади, албатта. Хитой чемпионатини ҳам, терма жамоасини ҳам яхши биламан. Футболчиларини яхши танийман, анча кучли ўйинчилар. Аммо легионерсиз уларга барибир қийин бўлади. Хитойлик футболчилар легионерлар билан ўйнашга ўрганиб қолишган. Клубларида асосан легионерлар орқали ўйинларни ҳал қилишади. Терма жамоада уларга легионерлар ёрдам бера олмайди, бу бизнинг фойдамизга ишлаши керак.
- Хитой терма жамоасининг асосий камчилиги шундами? Биз ғалаба учун қандай услубда ўйнашимиз лозим?
- Прессинг қилсак яхши бўлади, деб ўйлайман. Тажовузкор, агрессив ўйин кўрсатсак, ғалаба қозона оламиз.
- Хитой терма жамоаси таркибида етакчи футболчилар борми? Улар ҳақида нима дея оласиз?
- Бор, албатта. Жуда ҳам тезкор ярим ҳимоячи бор - Гао Ли. Яхши футболчилар кўп, уларга ўйин бермасак, ғалаба биз томонда бўлади.
- Хитой терма жамоаси бош мураббийи ҳақида нима дея оласиз?
- Энди Липпини ҳамма яхши билади. Лекин тактика масаласида қандай йўл тутишини аниқ айта олмайман, ҳар ҳолда янги мураббий. Фақат бир гапни айтишим мумкин, Липпи "Гуанчжоу"да ишлаган вақтда яхши билган футболчиларни терма жамоага олган. Кўпроқ ўзи яхши билган ўйинчилар билан ишлашни истаяпти.
- Анзур, нима деб ўйлайсиз, эртага бизга стадиондаги мухлислар ҳалал бера оладими? Ҳар ҳолда минглаб мухлислар келиши кутиляпти, стадионда муҳит даҳшатли бўлади...
- Йўқ, мухлислар бизга ҳалал беради, деб ўйламайман. Терма жамоадаги барча футболчилар профессионал ва бундай атмосферага ўрганиб қолган. Бизнинг бошқа иложимиз ҳам йўқ, фақат ғалаба қозониш керак. Рақиб мухлислари кўп бўладими ёки кам, барибир ютиш шарт.