Бугун, 12 сентябрь куни Тошкентдаги Radisson BLU меҳмонхонасида Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Кун тартибидан маъмурий масалалар, президент мурожаати, ЎФФ президентининг ўтган йиллар мобайнида олиб борган ишлари ҳисоботи, молиявий ва бухгалтерлик ҳисоботлари, Ижроия қўмитаси тавсиясига кўра мустақил аудиторларни тайинлаш ва энг асосийси ЎФФнинг янги президенти, вице-президентлари ва Ижроқўм аъзоларини сайлаш каби масалалар ўрин олди.
ЎФФ президенти лавозимига ёзма равишда тақдим этилган Аҳмаджонов Умид Махаматжонович номзоди барча делегатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон Футбол Федерациясининг биринчи вице-президенти этиб Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси Раматов Ачилбай Жуманиёзович, вице-президент лавозимларига эса Ўзбекистон Ички ишлар вазири Бобожонов Пўлат Раззоқович ҳамда Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти ректори Исроилов Шоакрам Холматович сайланди.
Шунингдек, ЎФФ Ижроия қўмитасининг янги аъзолари сайланди. Қуйида улар билан танишиш мумкин:
Қурбонов Рустам Жавдатович – Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Шодиев Бобур Кабулович – “Пахтакор” ПФК президенти Алиев Мурод Боқиевич – “Бунёдкор” ПФК бош директори Ражабов Мансур Қўчқорович – “Локомотив” ПФК президенти Ярашев Комил Деҳқонович – Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти проректори Жалолов Наримон Жалолович – Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раисиКонференция давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Рўзиқул Бердиев, Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгаши раиси Наримон Жалолов сўзга чиқиб, ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган ишлаб ҳақида тўхталиб, ЎФФнинг собиқ раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
ЎФФнинг янги президенти этиб сайланган Умид Аҳмаджонов унга билдирилган ишонч учун барчага ташаккур билдириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида ўзбек футболини юқорига кўтаришга ҳаракат қилишга ваъда берди.
“Ишончингиз учун миннатдорчилик билдираман. Худо хоҳласа кейинги халқаро мусобақаларда ва Олимпия ўйинларида биргаликда, маслаҳатлашган ҳолда. Ўзбек футболини кўтаришга ваъда бераман. Бундан буён муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ва халқимизни хурсанд қилиб, футболимизни биргаликда кўтарамиз деган умиддаман”, – деди ЎФФнинг янги президенти Умид Махаматжонович.
Конференция якунида ЎФФнинг собиқ президенти Мираброр Усмонов ҳам сўзга чиқиб, сўнгги йилларда олиб борилган ишлар, бўлиб ўтган камчиликлар борасида тўхталиб, янги раҳбариятнинг ишига омад тилади.
Мираброр Усмонов Ўзбекистон футболига қўшган улкан ҳиссаси учун тантанали равишда эсдалик совғалари билан тақдирланди.