Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 17 сентябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ушбу нуфузли халқаро спорт анжуманини юксак савияда ўтказиш учун Туркманистон пойтахтида пухта тайёргарлик кўрилган. Олимпия шаҳарчасида иштирокчи давлатлар делегациялари, мураббий ва спортчиларнинг яшаши, мусобақага тайёрланиши, машғулотлар ўтказиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилган.
Давлатимиз раҳбари Ашхобод Олимпия стадионига ташриф буюрди. 45 минг томошабинга мўлжалланган муҳташам иншоотга кўплаб мамлакатлардан келган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, Осиё олимпия кенгаши раҳбарияти, фахрий меҳмонлар, минглаб спорт ишқибозлари тўпланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини баланд тутган спортчимиз – оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Улуғбек Алимов ва Ўзбекистон делегациясини мухлислар олқишлар билан кутиб олди.
Делегация таркибида 189 спортчи – жаҳон ва қитъа чемпионатлари, турли нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришган тажрибали спортчиларимиз билан бирга, ёш иқтидор эгалари спортнинг 20 тури бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида иштирок этаётган спортчиларимизга омад тилаймиз.