Ашхободда давом этаётган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида 22 сентябрь куни ўзбек кураши бўйича мусобақалар ҳамюртларимизга улкан зафар келтирди. Олтита вазн тоифасида ўтказилган беллашувларда беш спортчимиз финалга чиқди ва рақибларини енгиб чемпион унвонига сазовор бўлди.
Қашқадарёлик Шуҳратжон Арслонов (-90кг вазн тоифасида) ва Илҳом Жўраев (-100кг) финалда мос равишда эронлик рақиблари Муқаддам Замоний ҳамда Некбин Мўжтабани доғда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди. Сурхондарё вакили Муҳсин Ҳисомиддинов (+100кг) ҳам эронлик полвон Рустами Камронга имкон бермади ва олтин медаль соҳибига айланди.
Қизлар мусобақасида финалга икки вакиламиз етиб келди. Сурхондарёлик Гулнор Сулаймонова (-52кг) ҳал қилувчи беллашувда Ўйинлар мезбони туркманистонлик Сайёра Эрисова устидан ишончли ғалабани қўлга киритди ва ўз вазнида энг кучли эканини исботлади.
Хоразмлик Дилдора Шерметова (-57кг) таиландлик рақибаси Нарккарач Прапатҳипни финал учрашувида мағлуб этиб олтин медаль билан тақдирланди. Кураш бўйича мусобақаларни кузатар эканмиз, йигитларимиздаги босиқлик ва ўз кучига ишончни, қизларимизнинг тезкорлик ва техник маҳорат бобида устунлигини алоҳида таъкидлашимиз даркор.
Миллий спортимиз бўйича ўтказилган баҳслар якунига кўра Ўзбекистон терма жамоаси 9 та олтин ва битта бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Қолаверса курашчиларимиз бутун делегациямизнинг мусобақада муваффақиятли одимлашида катта ҳисса қўшишди. Зеро айнан полвонларимизнинг зафарли юришидан сўнг терма жамоамиз пешқадамлар сафига қайтди.
Белбоғли кураш усталарининг навбатдаги баҳслари бел олишнинг эркин усулида ўтказилди. Бизникилар аввалги кунлари кўплаб ғалабалари билан хурсанд қилишгани боис, бу сафар ҳам улардан медаллар кутганимиз бежиз бўлиб чиқмади. Фарғоналик Манзураой Мўйдинова (-55кг) тўрт марта гиламга кўтарилди ва ҳар гал рақибаларини таслим қилишга эришди. Финалда туркманистонлик Мержин Инатуллаевани мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.
Абдурасул Ҳабибуллаев (-60 кг), Элдор Неъматов (-80кг), Обидали Мавлонов (-90 кг), Шерзоджон Раҳимов (+100кг), шунингдек, Гулмира Исматова (-70кг) ва Шаҳодат Шералиева (-75кг) финал остонасида тўхтаб, бронза медали билан тақдирланишди.
50 метрга эркин усулда сузиш мусобақасида Хуршиджон Турсунов саралашда ўз гуруҳида маррага биринчи бўлиб келди. Финалда эса 22.04 сония натижа билан иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медаль соҳибига айланди.
Оғир атлетика бўйича Улуғбек Алимов (-85кг) чемпионлик учун охиригача курашди. “Ашхобод 2017” мусобақасида делегациямиз байроқдори даст кўтаришда 164 кг, силтаб кўтаришда 200 кг, икки машқ якунида 364 кг натижа билан кумуш медалини қўлга киритди.
- Мен терма жамоамизга олтин медаль келтирмоқчи эдим, Афсуски, бу сафар ироқлик рақибим 1 килограмм оғирлик эвазига ғалабани олиб қўйди. Келгуси турнирларга янада пухта тайёргарлик кўриб, албатта кучли эканимни исботлайман, - деди мусобақадан сўнг Улуғбек.
Дарҳақиқат, ироқлик спортчи бу сафар ўз натижаларини сезиларли яхшилашга эришди ва чемпионлик унвонига лойиқ эканини исботлади. Кутилмаган, лекин ўта қувончли ғалабадан сўнг атлет ва унинг кекса устози кўзидаги ёшларни кўриб, катта спортдаги муваффақиятлар қадрини яна бир бор ҳис қилиш мумкин.
Теннис кортларида шу куни вакилларимиз ғолибона юришни давом эттиришди. Санжар Файзиев эркаклар турнирида навбатдаги ғалабага эришди. Кейинроқ Арина Фольц билан биргаликда аралаш жуфтликлар мусобақасининг ярим финалига йўлланмани қўлга киритди. Фарруҳ Дўстов эркаклар мусобақасида ярим финалга чиқиб улгурганини эслатиб ўтсак, теннисда ҳам медаллардан умидимиз бор.
Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси медаллар сифати бўйича 3-ўринда бормоқда, медаллар сони бўйича эса делегациямиз 2-ўринни эгаллаб турибди. Спортчиларимиз ҳозирча 16 олтин, 19 кумуш, 43 бронза - жами 78 медаль билан тақдирланишди. Мусобақалар давом этмоқда.