Пойтахтимизда аёллар ўртасида теннис бўйича Tashkent Open 2017 мусобақаси старт олди.
25 сентябрь куни жуфтликлар ўртасида биринчи давра баҳслари бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, ушбу баҳслар бир қатор ўзбекистонлик теннисчилар кортга чиқишди. Жумладан, Оқгул Омонмуродова – Нигина Абдураимова жуфтлиги ҳамда Ана Богдан – Штефан Фёгел ўртасида кечган матч анча қизиқарли ўтди. 3 сет давом этган учрашув супер тайбреккача давом этди. Якунда Руминия ва швейцариялик спортчилар жуфтлиги 3:6, 7:5, 10:6 ҳисобида ғалабага эришди.
Куннинг энг эътиборли воқеаси, бу албатта ўзбекистонлик машҳур теннисчи Ирода Тўлаганованинг кўп йиллик танаффусдан сўнг катта теннисга қайтиши бўлди. 35 ёшли теннисчи Tashkent Open жуфтлик баҳсларидаги иштирокини чехиялик Кристина Плишкова билан шерикликда Ипек Сойлу ва Ирина Хромачева жуфтлигига қарши бошлади. Республика Олимпия заҳиралари теннис мактаби марказий кортида ўтган ушбу учрашувни кузатишга келган мухлислар Ирода Тўлагановани қўллаб қувватлаб туришди. Афсуски, 58 дақиқа давом этган мазкур учрашув 6:2, 6:4 ҳисобида Туркия ва россиялик спортчилар жуфтлиги ғалабаси билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, соврин жамғармаси 226 750 АҚШ долларини ташкил қилувчи ушбу турнир 30 сентябргача давом этади. Айни шу куни яккалик ва жуфтлик баҳсларида ғолиблар аниқланади.