Ўзига хос характер соҳиби ва сўзга чечан агент Мино Райоланинг қайсидир воқеага берадиган изоҳи худди қайноқ, ўткир ва аччиқ қаҳвадек. У ҳамон мижозларидан бири Марио Балотеллини улуғлашдан чарчамаяпти ва «Милан» раҳбариятидан кечирим сўрашини талаб қиляпти.
Гап шундаки, «бебош» ҳужумчи Франция лигасидаги иккинчи мавсумини ҳам бинойидек бошлади, гол кетидан гол урмоқда. Soccer.ru сайти эса Балотеллига шу руҳда давом этишини тилаган ҳолда, унинг агентига тегишли энг сара фикрлардан яхлит «гулдаста» ясадики, бу «ўткир» иборалар шайдоларини сира бефарқ қолдирмаса керак.
Райола футболга қандай кирган? «Харлемда, ота-онамга тегишли ресторанда ишлардим. Маҳаллий клуб президенти эса ҳар ҳафда кечки овқат учун олдимизга келарди. Вақт ўтиши билан иккимиз иноқлашиб қолдик ва унга доимо футбол бобида ҳеч балони тушунмаслигини таъкидлардим. Охир-оқибат, унинг сабр косаси тўлдими, ҳарқалай, ёрилди: «Шунчалик доно экансан, бир ўзингни синаб кўр!» Шу тариқа қўққисдан «Харлем» спорт директорига айландим».
Фамилияси қандай талаффуз қилиниши керак? «Фамилиямни қандай талқин этишларига шунчаки, тупураман. Менга пул тўлашар экан, хоҳлаган шаклда ёзаверсинлар, айтаверсинлар».
Ибрагимович иши (Златан Ибрагимович «Барселона» билан шартнома тузганидан 1 йил ўтиб, клубдан кетгач, Йохан Кройфф ва Хосеп Гвардиола швед ҳужумчиси ўйин услуби бўйича итальян футболига кўпроқ мос келишини таъкидлашганди). «Қизиқ, улар Златанга «Барселона»га мос келмаслигини нега шартнома тузишдан олдин айтишмаган? Менимча, Гвардиола ва Кройффни тенгданига жиннихонага жўнатиш лозим. Шунда улар хотиржам шароитда ўзаро қарта ўйнаб ўтиришади ва бу билан «Барселона»га кўпроқ наф келтирган ҳисобланишади».
Ибрагимович фаолияти қандай баҳога лойиқ (2001 йил)? «Ибранинг виждони нафақат ўзи, балки бошқалар олдида ҳам пок. Ҳозир унинг «Милан»да яна қанча вақт тўп суришини билмайман, аммо бир нарсага ишончим комил - фаолиятини камида 35 ёшга тўлгунича юқори савияда давом эттиради».
Гвардиолани қандай таърифлаш керак? «Пеп - буюк мураббий, буни тан оламан, аммо у инсон сифатида шунчаки, чиқинди. Ахир Златанни «Барса»га мулойимлик билан чақирди, аммо кейин мижозим билан худди эчкидек муносабатда бўлди».
«А» сериясига ачиниш ҳисси. «Златан ғолиблик руҳи билан ту-йинган. У «ПСЖ»га ўтиб кетса, «A» серияси ўзининг охирги юлдуз футболчисидан айрилади».
«Олтин тўп»ни кимга бериш керак (2012 йил)? «Златан «Олтин тўп»га эга чиқиши шарт. Агар ушбу сов-рин унга насиб этса, бу мустақил ҳамда адолатли қарор ҳисобланади. Акс ҳолда, танлов ташкилотчиларининг мустақил эмасликлари ва сиёсий асослардан келиб чиқиб қарор чиқаришлари ойдинлашиб қолади».
Фаолиятни қандай узайтириш мумкин (2015 йил)? «Златан 15 йил давомида ўзи учун етарлича ишлашга улгурди. Энди кейинги 8 йил мен учун меҳнат қилади. Биламанки, Ибра 42-43 ёшигача хотиржам ўйнай олади, ахир у худди Бенжамин Баттон каби вақт ўтган сари ёшариб бораверади».
Златан ким? «Златан ноёб нусха. Унда Месси техникаси, Муҳаммад Али характери ва Майк Тайсон кучи мужассам».
Балотелли иши (Жозе Моуриньо ва Роберто Манчини ҳақида, 2011 йил). «Балотелли - қойилмақом футболчи! Марио яқин орада сайёра бўйича биринчи ўринга кўтарилади. Бунда Манчинининг ҳиссаси катта. Робертодан миннатдорман, чунки у Моуриньодан фарқли равишда, Мариога ишоняпти».
Ховард Уэббга «таъриф» (Балотелли «Тоттенхэм» ярим ҳимоячиси Скотт Паркер бошига оёқ қўйгани оқибатида унинг олдида 4та ўйинлик дисквалификация хавфи юзага келганди). «Марионинг бу ҳаракати тасодифан рўй берди, бош ҳакам эса қўрқоқнинг ўзгинаси. У барчасини яхши кўрганди. АПЛда мантииқсиз қоидалар кўп, ФА Балотеллини ҳимоя қилиши керак, акс ҳолда, у лигани ўзгартириш ҳақида ўйлашга мажбур бўлади».
Ҳужумчининг нархи қанча (2012 йил)? «Балотелли «Манчестер Сити»да ўйнамоқда ва бу клуб пулга муҳтож эмас. Айни ҳолатда у бебаҳо. Гап жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири ҳақида кетяпти. Агар барчасини ўзимга қўйиб беришса, Марио трансферини 250 миллион еврога баҳолардим. Нима, ақлдан озгандек кўриняпманми? Худди «Сити» хўжайинларидек...».
«Мона Лиза» асарига қиёс (2012 йил). «Италияда Балотеллини харид қилишга жазм этадиган жамоанинг ўзи йўқ. У тенги йўқ «Мона Лиза»дек жуда қиммат».
Олмами ёки олча (2013 йил)? «Сильвио Берлускони мижозимни барчасини бузадиган чириган олмага ўхшатиб, катта хато қилди. Йўқ, Марио олма эмас, у сифатли олча!»
«Ливерпул»даги ҳолат юзасидан (2015 йил). «Ҳа, Марио «Ливерпул»да мураккаб вазиятга тушиб қолди, аммо уни клубдан ажратиб олмайман. Бу хусусда ўзига шундай дедим: «60-70 миллион эвазигагина кетишинг мумкин - улушсиз қолишни истамайман. Йўқса, «Энфилд»нинг ўзида ўласан».
Мия алмашиш имкони борми? «Агар Марио Балотелли ва Златан Ибрагимович миясини алмаштириш имконияти бўлганидами, Месси ҳозир ўз коллекциясидаги «Олтин тўп»ларни санаб ўтирмасди».
Юрген Клоппдан хафагарчилик. «Афсус, Клопп ҳам Мариога нисбатан ўта адолатсизлик қилди. Яна бир чиқинди уюми...».
Балотеллини қандай йўлга солиш мумкин? «Ечимини топгандайман - Марио ортиқча сафсатабозлик қилмаслиги ва ўзини оқлаш имкониятига эга бўлмаслиги учун унинг тилини кесиб ташлашни истайман».
Погбанинг нархи қанча (2013 йил)? «Погбага баҳо белгилашнинг имкони йўқ - у сотув учун мўлжалланган эмас. Биламиз, санъат асарлари жуда қиммат туради. Айрим футболчилар ҳам шундай, хусусан, Погба. Поль дейлик, Дали картинаси каби бебаҳо».
Бэйлни камситишми ёки...? «Реал» Бэйл учун 100 миллион евро тўлаган экан, Погба камида икки баравар баланд нархда сотилиши керак!»
Мақтов. «Погба ҳозирнинг ўзида ўз позицияси бўйича дунёнинг энг яхши ўйинчисидир ва яқин келажакда барча футболчилар орасида биринчи рақамли бўлишга қодир».
Моуриньо журъатли йигит. «Рекорд даражадаги келишувни амалга ошириш учун шерюрак бўлиш керак. Моуриньо шундай йигит».
Нега айнан «МЮ»? «Ибрагимович огоҳлантирди: «Бордию, Погбанинг «Ювентус»дан «МЮ» эмас, бош-қа бирор клубни танлашига йўл қўйсанг, оёғингни синдираман». Ёзги трансферларнинг сирли назоратчиси...».
Дунёга қандай боқиш керак (ФИФА ва УЕФА, Йозеф Блаттер ва Мишель Платини ҳақида)? «ФИФА ҳам, УЕФА ҳам мафия қонунлари асосида иш юритади - улар мутлақо ёпиқ, шаффофликдан асар йўқ. Блаттер - телба диктатор, Платини - қонун доирасидаги ўғри, ақли ҳам жойида эмас, йўқса, молиявий «Фэйр-плей» қоидасини тасдиқлармиди?»
Италия футболи тирик эмасми (ЖЧ-2014даги омадсизликдан сўнг)?«Наҳотки, кимдир Италия терма жамоасининг жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишига ишонган бўлса? Тушунинглар, Италияда футбол ўлик ҳолда...».
Футболчилар сочиқ мисолими? «Мадридда футболчиларни худди сиз сочиқ харид қилганингиздек сотиб олишади. Кейин эса уларни яна худди сиз яроқсиз ҳолга келган сочиқни ташлаб юборганингиздек четга улоқтиришади».
«Наполи» ва кино. «Неаполда фақат фильмларни суратга олишни билишади».
17 ёшли Доннарумма рекламаси (2015 йил). «Бу йигит - Модильяни ва камида 170 миллион евро туради».
Адриано Галлианига эслатма. «Галлиани ҳар сафар нархлар ошиб кетаётганидан чуқур хўрсинади: «Эҳ, бу араблар...». Шунда унга бир ҳақиқатни эслатиб қўяман: «Тўхта, нақ 20 йил давомида ўзингга ҳам араб бўлиш ёқиб келди-ку».
У таниқли эмасми? «Очиғи, айрим спорт директорлари профессионалликдан жуда йироқлар. Ҳар ҳолда, қўнғироқ қилиб, ўзимни таништирганимда, сўрашдан уялишмайди: «Мино... Ким?» Мино Райолани билмайдиган футбол клуби менежери аслида ўзига бошқа иш қидириши керак».
Мино Райола чин башоратчими (2016 йил 6 сентябрь)? «Менимча, 3-4 йил давомида 200 миллионлик футбол трансферига ҳам гувоҳ бўламиз».