Хитойнинг Нанкин шаҳрида эртага, 15 октябрь куни 19 ёшгача бўлган аёллар ўртасида Осиё чемпионати старт олади. Ўзбекистон U-19 аёллар терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Носафаров мусобақадан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида қатнашиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Мазкур турнирда иккита Осиё чемпиони (Ш.Корея U-16 ва Япония U-19) иштирок этаётганини тушунамиз ва улар кучли эканини биламиз. Аммо биз Хитойга келаси йили бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун келдик. Хитойга қарши илк ўйин қийин кечиши табиий. Рақибни ҳар томонлама ўрганиб, АҚШ, Япония ва Эронга қарши ўйинларини таҳлил қилдик”, – деди Баҳром Норсафаров.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-19 аёллар термаси “А” гуруҳида Хитойдан ташқари Таиланд ва Шимолий Кореяга қарши баҳс олиб боради.
Маълумот учун, гуруҳ босқичида 1–2 ўринларни эгаллаган терма жамоалар ярим финалга чиқади. Осиё чемпионати якунида 1–3 ўринларни эгаллаган терма жамоалар эса 2018 йили Францияда бўлиб ўтадиган 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма олади.