«Динамо» - «Олмалиқ» (1:0) учрашувида жарима зарбасидан муҳим голни уриб ўйин қаҳрамонига айланган Искандар Холмирзаевдан баҳс борасидаги фикрларини сўрадик.
«Анчадан буён ғалаба қозона олмаётганимиз сабабли «Олмалиқ» билан баҳсда фақат ва фақат ғалабани кўзлаган эдик. Рақиб жамоа таркиби бўйдор футболчилардан ташкил топганлиги боис, мураббийларимиз паслар орқали ҳужумкор тўп суришимизга кўрсатма беришганди. Худога шукурки, бу сафар омадимиз келиб, якунда ниҳоят ғалаба қозондик.
Киритган голим ҳақида гапирадиган бўлсам, мураббийлар ўйиндан олдин жарима зарбаларини мен тепишимни айтишганди. Зарба беришдан олдин рақиб дарвозабонининг узоқ бурчаги очиқлигини пайқаб, тўпни ўша томон йўналтирдим ва гол урдим.
Кубок доирасида нимчорак финалда ҳам айнан мана шундай голни сафарда «Олмалиқ» дарвозасига киритгандим. Қайси бири чиройли? Буни мухлислар айтгани маъқул. Мен учун гол урганим эмас, энг асосийси «Динамо» ғалаба қозонганидир.
Мухлисларимиздан миннатдормиз. Насиб қилса, кейинги ўйинларда ҳам уларни хурсанд қилиш учун интиламиз» - дейди «Динамо» жамоасининг 26 ёшли яримҳимоячиси Искандар Холмирзаев клуб расмий сайтига берган интервьюсида.