«Милан» бош мураббийи Винченцо Монтелла Италия А сериясининг 8-тури доирасида бўлиб ўтган «Интер»га қарши ўйин (3:2) борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Биз иккинчи бўлимни ажойиб тарзда ўтказдик. Биз ҳақиқий «Милан» руҳиятида ўйнадик. Бугунги ўйинимиз менга ёқди. Афсуски, очко қўлга кирита олмадик, лекин ўйин сифати бўйича жамоа тўғри йўлдан кетяпти.
Бугунги ўйиндан кейин биз оптимистик руҳда бўлишимиз керак. Стаканнинг ярми тўла эканини кўряпман ва ишлашда давом этишни истайман.
Рақибимиз яратилган вазиятлардан фойдаланишда бизга нисбатан яхшироқ ҳаракат қилди. Мен эса футболчилардан кейинчалик ҳам шундай характер кўрсатишини сўрайман. Шундай ўйнашда давом этсак, бошқа ютқазмасак керак.
Ғурур ва қатъийлик кўрсатганимиз боис, учрашувнинг боришини ўзгартира олдик. Кўп сонли янги ўйинчилар билан қисқа вақт ичида бирданига янги лойиҳа тузиш қийин. Аммо чемпионат якунида кучли тўртликка кириш мумкин, деб ҳисоблайман», — деди Монтелла.
«Милан» Италия чемпионатининг ушбу мавсумида 12 очко билан 9-ўринни эгаллаб турибди. Монтелла шогирдлари жадвалда 4-ўринни эгаллаб турган «Лацио»дан 7 очко ортда қолмоқда.