Эроннинг Табриз шаҳрида Осиё чемпионатига саралаш босқичида иштирок этган футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкент шаҳрига етиб келди.
17 октябрь куни Табриз–Истанбул–Тошкент йўналиши бўйлаб йўлга чиққан Баҳодир Аҳмедов бош мураббийлигидаги жамоа вакиллари бугун, 19 октябрь куни тунги 01:30 да пойтахтга учиб келди.
Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидан Осиё чемпионатига саралаш босқичи “А” гуруҳида 3 та ўйин ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган ҳолда гуруҳда 1-ўринни эгаллади ва Осиё чемпионати финал босқичига йўлланма олди.
Осиё чемпионати финал босқичи йўлида Ўзбекистон терма жамоаси дастлаб Непални 14:1 ҳисобида таслим қилган бўлса, кейин мос равишда Туркманистон (4:2) ва Қирғизистон (4:3) футзалчилари мағлубиятга учратилди.
Футзал бўйича ОЧ саралаши
“А” гуруҳи ўйинлари
Табриз шаҳри, Эрон
15 октябрь, 1-тур
Ўзбекистон – Непал 14:1
Қирғизистон – Туркманистон 5:3
16 октябрь, 2-тур
Непал – Қирғизистон 0:5
Туркманистон – Ўзбекистон 2:4
17 октябрь, 3-тур
Ўзбекистон – Қирғизистон 4:3
Туркманистон – Непал 9:3
Терма жамоа ўз тарихида 15-бор қитъа биринчилигида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Тошкентда ўтган сўнгги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси кумуш медалларга сазовор бўлган эди.
Маълумот учун, футзал бўйича навбатдаги Осиё чемпионати 2018 йилнинг 6–18 февраль куни Хитой Тайпейи мамлакатида бўлиб ўтади. Унда қитъанинг 16 мамлакат терма жамоаси иштирок этади.