Кеча, 19 октябрь куни Европа Чемпионлар Лигасининг 3-туридан ўрин олган барча учрашувлар якунига етди.
Мусобақада иштирок этаётган 32 жамоа ва футболчилар 3-турда турли хил рекордлар ва кўрсаткичларни қайд этишди.
Жумладан, Каталониянинг “Барселона” клуби ҳужумчиси Лионель Месси Еврокубоклардаги 100-юбилей голини “Олимпиакос” дарвозасига киритиб, асосий рақобатчиси Криштиану Роналдуга яқинлашиб олди.
Португалиялик футболчи эса Лионель Мессидан фарқли ўлароқ Еврокубокларда 113 та гол урган.
Римнинг “Рома” клуби ҳужумчиси Эдин Жеко “Челси”га қарши учрашув (3:3) да майдонга тушди ва ўзининг “Рома” учун юбилей 100-ўйинини ўтказиб, дубль муаллифига айланди.
Ўз майдонида “Рома”ни мағлуб этолмаган “Челси” эса бош мураббий Антонио Конте қўл остида энг ёмон натижани қайд этди. Яъни “Челси” илк марта ЕЧЛ мусобақасида ўз дарвозасидан учта гол ўтказиб юборди.
Туриннинг “Ювентус” клуби ярим ҳимоячиси Миралем Пьянич “Спортинг”га қарши ўйин (2:1) да жарима зарбасидан гол урди.
27 ёшли босниялик футболчи ушбу турнирда учта турли жамоаларда жаримадан гол урган илк футболчига айланди. Пьянич бундан олдин “Рома” ва “Лион” жамоалари таркибида ҳам ЕЧЛ ўйинларида стандарт вазиятдан дарвозани ишғол қилганди. Бундан ташқари, “Ювентус” турнирдаги сўнгги 21 та ўй ўйинларида мағлубиятсиз сериясини 21 тага етказиб олди.
Германиянинг “Бавария” клуби ярим ҳимоячиси Арьен Роббен “Селтик”га қарши баҳс (3:0) да майдонга тушди. Ушбу ўйин 33 ёшли футболчи учун ЕЧЛдаги 100-юбилей ўйин сифатида қайд этилди.
Арьен Роббеннинг жамоадоши Томас Мюллер ҳам ўзига яраша кўрсаткични қайд этди. Яъни “Селтик” дарвозасини ишғол қилган ҳужумчи ЕЧЛда кетма-кет 10 мавсум гол урган илк германиялик футболчига айланди. Мюллер “Бавария” учун ЕЧЛдаги дебют голини 2008/2009 йили урганди.
Парижнинг ПСЖ клуби ҳужумчиси Эдинсон Кавани “Андерлехт”га қарши учрашувда гол урди. Гап шундаки, ушбу гол 30 ёшли уругвайлик ҳужумчи учун ЕЧЛда ўтган мавсумдан бери кетма-кет 7 учрашувда киритилган гол сифатида ёзилди. Кавани жорий мавсум ЕЧЛда учта, ўтган мавсум тўртта учрашувда кетма-кет гол уришни уддасидан чиқди.
Аввалроқ ушбу кўрсаткични фақатгина “Манчестер Юнайтед” собиқ ҳужумчиси Руд ван Нистелрой ва “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду каби футболчилар амалга оширишган.
Озарбайжоннинг “Қорабоғ” жамоаси ЕЧЛ доирасида “Атлетико” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади ва бир очкога эга бўлди. Эътиборлиси, “Қорабоғ” Озарбайжоннинг илк жамоаси сифатида нуфузли мусобақада биринчи очкосини қўлга киртишга эришди. Гуруҳ босқичининг олдинги ўйинларда “Қорабоғ” “Челси” (0:6) ва “Рома”га (1:2) мағлуб бўлганди.
“Бенфика” дарвозабони Миле Свилар “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйинда жамоасининг асосий таркибида майдонга тушди ва 18 ёшу 52 кунлигида ЕЧЛда дебютини амалга ошириб, рекордчига айланди. Бундан олдинги рекорд “Порту” дарвозабони Икер Касильясга тегишли эди. Икер “Реал” таркибида 1999 йили “Олимпиакос”га қарши ўйинда 18 ёшу 118 кунлик вақтида илк марта асосий таркибда майдонда ҳаракат қилган.
ПСЖ клубининг 18 ёшли ҳужумчиси Килиан Мбаппе “Андерлехт”га қарши учрашувда ўз номига гол ёзиб қўйди.
Қизиқарлиси, Мбаппе учун бу гол ЕЧЛ ўйинларининг барчасида киритилган 8-голи ҳисобланади. Килиан бу борада “Аякс” собиқ ҳужумчиси Патрик Клюйверт кўрсаткичини янгилаб, 20 ёшгача гол урган футболчилари орасида тўпурар мақомига эга бўлди. Маълумот учун, Клюйверт 18 ёшлигида ЕЧЛ мусобақаси ўйинларида 7 та гол урганди.
Россиянинг ЦСКА клуби ўз майдонида “Базель”га 2:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Ушбу баҳсда армиячилар дарвозабони Игорь Акинфеев ЕЧЛ доирасида кетма-кет 41-ўйинда, шунингдек, ўз майдонидаги қаторасига 17-учрашувда гол ўтказиб юборди. Бу Акинфеевнниг турнирдаги антирекорди ҳисобланади.
Москванинг “Спартак” жамоаси “Севилья”ни йирик 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу натижа эса Россия жамоаларининг Чемпионлар Лигаси доирасида қайд этган энг йирик ғалабаси сифатида тарихга ёзилди. 2001 йилда Москванинг “Локомотив” жамоаси ЕЧЛ турнири доирасида сафарда “Андерлехт”ни шундай натижа билан мағлуб этганди.
Бундан ташқари, “Спартак”нинг бразилиялик ҳужумчиси Луис Адриано мазкур ўйинда ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. Бу гол эса 30 ёшли футболчи учун ЕЧЛ мусобақасидаги 21-гол сифатида қайд этилди. Эндиликда Адриано бразилиялик тўпурар футболчилар орасида олтинчи ўринга кўтарилиб олди.
Шунингдек, 5:1 ҳисобида “Спартак”га имкониятни бой берган “Севилья” Еврокубоклар учрашувларида сўнгги 59 йилда ўз дарвозасидан илк марта бешта гол ўтказиб юборди. “Севилья” 1958 йил “Реал” жамоаси томонидан 8:0 ҳисобида таслим этилганди.
Дортмунднинг “Боруссия” клуби ҳимоячиси Сократис Папастопулос АПОЭЛга қарши учрашув (1:1) да ҳисобни тенглаштириб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Гап шундаки, 29 ёшли грециялик футболчининг киритган тўпи “Боруссия” учун Еврокубокларда урилган 400-голи сифатида қайд этилди. Афсонавий футболчи Хельмут Брахт 1956 йил “Боруссия”нинг Еврокубоклардаги илк дебют голини урганди.
Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду “Тоттенхэм”га қарши учрашув (1:1) да асосий таркибдан ўрин олди. Мазкур учрашув 32 ёшли футболчи учун ЕЧЛ мусобақасидаги 143 ўйини бўлди ва бу кўрсаткич борасида Роналду “Реал” собиқ ҳужумчиси Рауль Гонсалес (142) дан ўтиб кетди.
Ушбу рўйхатда Роналдуни “Барселона” собиқ ярим ҳимоячиси Хави (151) ва “Реал”нинг собиқ дарвозабони Икер Касильяс (166) “Порту” каби футболчилар ортда қолдиришмоқда.
Англиянинг “Ливерпуль” клуби сафарда “Марибор”ни 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Эътиборли томони, мерсисайдликлар ЕЧЛ мусобақасининг голлар фарқи бўйича рекордини такрорлашди.
Маълумот учун, 2014 йил “Шахтёр” БАТЭ устидан еттита гол фарқ билан ғалаба қозонган бўлиб, 2010 йил “Марсель” жамоаси ҳам “Жилина”ни еттита гол фарқи билан доғда қолдиришган.
Шунингдек, “Ливерпуль”нинг ушбу кўрсаткичи Англия клублари орасида сафарда қозонилган энг йирик ғалаба сифатида тарихга ёзиб қўйилди.
“Наполи” ярим ҳимоячиси Амаду Диавара “Манчестер Сити” дарвозасига пенальтидан гол урди. Гап шундаки, “Манчестер Сити” ЕЧЛ баҳсларида дарвозасига белгиланган пенальтиларнинг еттинчисида гол ўтказиб юборди. Бундан олдинги олтита пенальтининг барчасини “Манчестер Сити” дарвозабонлари қайтаришган бўлиб, Лионель Месси, Раффаэл, Златан Ибрагимович, Неймар, Радамель Фалькао ва Дрис Мертенс каби футболчилар “Сити” дарвозасига белгиланган пенальтиларни голга айлантира олишмаган.
“Манчестер Сити” дарвозабони Эдерсон ҳам “Наполи”га қарши учрашувнинг 38-дақиқасида Дрис Мертенс амалга оширган пенальтини қайтарди. 24 ёшли бразилиялик дарвозабон ўтган мавсумдан бери ЕЧЛда ҳеч қайси дарвозабон қила олмаган ишни бажарди. Яъни “Манчестер Сити”ни уч марта муқаррар голдан сақлаб қолди.
Акмалхон Эшонхонов