Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

12 жамоалик миллий чемпионат ва унинг афзалликлари

Баҳо:
+ | -

Биринчи лига карвонбошиси «Цементчи» келгуси мавсум учун Олий лига йўлланмасини аллақачон ҳал қилди. Бу ҳақда мабодо ёзилган бўлса ҳам, шахсан менинг бирор жойда менинг кўзим тушмади. Чунки кўникиб кетганмиз, «Цементчи» келгуси мавсум олий лигада ўйнаш-ўйнамаслигининг ўзиёқ мавҳум нарса. Балки «Нефтчи»нинг ўрнига ўйнар. Бу ёқда ҳали Фарғонанинг «Истиқлол» клуби ҳам ўтган йили «Норин» «Навбаҳор»ни «суғурталагани» каби захирадаги аскардек тайёр турибди.

Олий лигада жамоалар сонини қисқартириб, жон сақловчи ўртамиёналар учун «бемалол яшаш» учун шароитни йўқ қилиш кераклиги ҳақида журналистларимиз, жамоатчилик ёзавериб чарчади. Ҳа, тўғри келмайди бизга 16–18 талик чемпионат. Ҳатто 14 талиги ҳам. Биз кўзни чирт юмиб, 12 та жамоа қатнашадиган, 4 давралик тизимга ўтишимиз керак. Тамом-вассалом.

Бу ҳақда ЎФФнинг янги президенти Умид Аҳмаджоновга ҳам таклиф сифатида ёзиб берганман, аниқ ишонаманки, бундай таклифлар бошқа ҳамкасбларим томонидан ҳам янграган. Бу каби таклифларни кейинги 7–8 йилдан бери тинимсиз бериб келамиз. Тўғрисини тан олиш керак, ўзаро гурунгларда «Пахтакор»нинг ўша вақтда ЎФФга таъсир кучи ҳаддан юқори бўлган Самвел Бабаян бошчилигидаги раҳбарияти томонидан бу таклифлар кескин рад этиб келинаётган эди. Энди Бабаян отдан тушди, эгарнинг устида бўлса ҳам, унинг гапини ҳам биров бир тийинга олмайди. ЎФФда эса раҳбарият алмашди, келинг, 12 жамоалик чемпионатнинг афзалликлари ҳақида яна бир бор батафсил фикр юритайлик.

12 жамоалик чемпионат. Унинг ўтказилиш тартиби қандай?

12 жамоалик чемпионат мутлақо янгилик эмас. Бундай форматдан УЕФАда Украина, Қозоғистон, Шотландия, Венгрия, Словакия, Ирландия, Шимолий Ирландия, Уэльс ва Финландияда, Осиё қитъасида Жанубий Корея, БАА, Қатар, Иордания, Малайзия, Ливан ва Покистонда фойдаланиб келинмоқда. Исроил, Болгария ва Дания каби давлатларда 14 та жамоа иштирок этаёган бўлса-да, чемпионат 1-2-давралардан сўнг 6 та юқорилик ва 8 та қуйи жамоаларга ажратилиб давом эттирилади.

Яқинда федерациямиз президенти БАА ва Қатар давлатларида бўлиб ҳамкорлик меморандуми имзолаб келди. Ушбу давлатлардан миллий чемпионатни ўтказиш борасида тажриба алмашиш ҳам йўлга қўйилиши керак. Қолаверса, ён қўшнимиз — Қозоғистонда айнан шу форматда чемпионат ўтади, Жанубий Кореяникидек Осиёнинг энг гранд миллий чемпионатларидан бири шунақа форматда. Украинада ҳам 16 талик, 14 талик форматлар кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлганидан сўнг, алал-оқибат мана шу формат маъқул деб топилди. Иқтисодий қудрати, ҳудудий катталиги жиҳатдан бизга яқин бўлган мамлакатларда миллий чемпионатлар мана шундай ихчам форматда ўтказилмоқда.

Таклиф этилаётган 12 жамоалик чемпионат формати ҳозиргисидан бироз фарқ қилади. Дастлаб жамоалар 1-2-давраларда уй-сафар тизимида 11 тадан 22 та тур ўтказишади. Сўнгра юқори олтилик ва пастки олтиликка бўлиниб, уй-сафар тизимида 5 тадан яна 10 тур ўтказилади. Бир жамоа чемпионат давомида жами бўлиб 32 та ўйинда майдонга тушади.

Балки 22 та ўйин ўтказилганидан сўнг, жамоалар юқори ва пастки олтиликка бўлингандан сўнг, 3-4-давраларда фақатгина ўз гуруҳида қатнашаётган жамоалар билан 1-2-давраларда бўлган учрашувлар ҳисоби ва очкоси сақланиб қолиши керакдир. Буниси алоҳида ўрганиладиган масала.

Хуллас, юқори олтиликда 1-ўринни эгаллаган жамоа чемпион бўлади. 2-3-ўринларга кумуш ва бронза медаллари топширилади. Пастки олтиликда 11-12-ўринни эгаллаган жамоалар Биринчи лигага тўғридан-тўғри тушиб кетади. 10-ўриндаги жамоа Биринчи лиганинг учинчи ўрнини эгаллаган жамоага қарши нейтрал майдонда Олий лигада қолиш ўйинида майдонга чиқади.

Хўш, бундай форматдан мақсад нима?

Аввало, йил давомида чемпионатдаги ўйинлар сонини камайтирмасдан, уни янги сифат даражасига олиб чиқиш. «Локомотив», «Бунёдкор», «Пахтакор», «Насаф», «Бухоро» каби клублар иштирокида ўйинлар бир мавсумда 4 мартадан бўлиб ўтиши албатта чемпионатга бўлган қизиқишни кучайтиради. Ушбу ўйинларнинг ҳар бири ТВ орқали ҳам намойиш этилиши ҳам юртимизда шиддатли футболнинг тарғиб этилишига сабаб бўлади.

12 талик чемпионатда бир турда 6 та ўйин бўлиб ўтади. Ўйинларни жума, шанба ва якшанба кунларига орасида 2 соат фарқи билан иккитадан қўйиб (айтайлик, бири соат 16:00 да бошланса, кейинги ўйин 18:00 да), бемалол ҳаммасини тўғридан-тўғри эфирдаги телетрансляция билан қоплаб олиш мумкин.

Маълумки, бутун жаҳонда лигалар ва клублар асосан телетрансляциялардан даромад қилади. Футболимизни ҳам шу йўл билан даромад топишга ўтказиш фурсати етмадимикан? Шиддатли, кўримли ўйинлар кўпайгач ва улар жонли эфирда намойиш этилса, ПФЛга ҳам жиддий ташкилотлардан реклама ва ҳомийлик қилиш учун таклиф туша бошлайди, бу аниқ.

Айни пайтда клубларнинг маълум бир вилоят ёки шаҳар номидан чемпионатда қатнашиши, уларнинг маҳаллийлашгани эмас, клуб брендини яратишга эътибор кучаяди. Чунки жамоалар сони кўп бўлса ва бирор туманнинг ўртамиёна бир жамоаси ўз майдонида футбол ўйнайверса-ю, уларни тарғиб этишнинг имкони бўлмаса — футбол бу жойда ривожланмайди. Эътибор берганмисиз, «Барселона», «Реал» каби жамоалар бошқа стадионларга сафарга борганида ҳам стадионда уларни қўллаб-қувватловчи маҳаллий мухлислар бўлади.

12 та жамоа иштирокидаги ўйинларнинг барчасини жонли эфирдаги телетрансляция билан қоплаб олиш йўли билан ўша ўйинларнинг ҳар бири ТВда муҳокама ва таҳлил (Россиядагидек) этилишига эришамиз. Қолаверса, нопок ҳакамларимиз ҳам ўз устларида ишлаб, ҳозиргидек, ТВда олиб кўрсатилмайдиган чеккадаги ўйинларида билган найрангларини қила олмайди. Бу томондан ҳам барчаси назорат остида бўлади. Жамоатчилик ва мухлислар назорати ортади.

Масалан, айни пайтда айтайлик, «Динамо» таркибида бирор ёш, иқтидорли футболчи етишиб чиқаётган бўлса, уни самарқандлик мухлислардан бошқа ҳеч ким танимайди. Озгинаю-созгина чемпионатда барча футболчилар мутахассислар ва мухлислар эътибори остида бўлади.

Миллий футболимиз мухлисларига ҳам ҳеч ким кўрмайдиган «Қизилқум»-«Металлург», «Сўғдиёна»-»Олмалиқ» каби ўйинлардан кўра, барча кўрадиган «Насаф»-«Бунёдкор», «Локомотив»-«Пахтакор» каби шиддатли ўйинлар бир мавсумда 4 марта бўлгани афзалроқ.

Яна бир жиҳат: ўйин услуби эскирган, кучдан қолган, жисмоний ҳолати яхши бўлмаган қария футболчилар бот-бот майдонга тушавермайди, ундай ўйинчилар холис футбол мухлислари томонидан ҳам аниқланиб, танқид остига олинади. Ҳозирги шароитда эса қариялар ёшларга ўрин бўшатиб беришга шошилишмаяпти.

Чемпионат янги форматга ўтса Биринчи лигага ҳам ижобий таъсир кўрсатади

Айни пайтда Биринчи лигадан Олий лигага чиқиб ўйнайман деган, умуман, Олий лигага тортадиган  жамоанинг ўзи йўқ. Жамоалар сони 18 тагача оширилса у ердаги хўжакўрсинликни тасаввур қилаверинг.

Олий лигада 12 та жамоа қолдирилса, ўз-ўзидан, Биринчи лигада ҳам бир қатор кучли жамоалар тўп сура бошлайди. Фақат биринчи лигада ҳам жамоалар сонини 16 та (2 давра, уй-сафар тизими — жами 30 та ўйин) билан чеклаб қўйиш керак.

Олий лига тўлақонли форматга ўтиб олгунга қадар, Биринчи лигада 2017 йилнинг фақат 1-ўринни эгаллаган ғолиби (Бу «Цементчи») ўтиш турнири орқали Олий лига йўлланмаси учун курашади, 2018 йилда фақат 1-ўринни эгаллаган жамоа тўғридан-тўғри Олий лига чиқади. 2-ўрин эгаси эса Олий лигада охиридан тўртинчи жамоа билан ўтиш ўйинида йўлланма учун курашади.

2019 йилги мавсумдан бошлаб 1-2-ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри Олий лига йўлланмасини қўлга киритиши, 3-ўрин эгаси эса Олий лигада 10-ўринни эгаллаган жамоа билан нейтрал майдонда ўтиш ўйинида иштирок этиши қатъий қилиб белгилаб қўйилади. Мавсум сўнгида Биринчи лигадан Иккинчи лигага тўртта жамоа тушиб кетишини ҳам. Уларнинг ўрни Иккинчи лиганинг тўрт зонасида ғолиб бўлган клублар билан тўлдирилади. Бу ҳақда пастроқда.

Дарвоқе, Биринчи лигада фарм-клубларнинг иштироки қатъий тақиқланади. Профессионал ва ярим-профессионал клубларга иштирок учун рухсат берилади.

Яна бир таклиф Иккинчи лига борасида

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри биринчиликларига Иккинчи лига мақоми берилган. Бу борада ҳам ўзгартириш қилиш керак, менимча.

Иккинчи лигани тўрт зонага бўлиш лозим:

Шарқий зона (Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари),

Марказий зона (Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари),

Жанубий зона (Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари),

Ғарбий зона (Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси)

Ҳар бир зонада 12 тадан жамоа чемпионатда иштирок этади — жами 48 жамоа. Фарм-клублар айнан мана шу лигада тўп суришлари керак ва чемпионат якунига кўра 1-ўринни эгаллаган тақдирда ҳам Биринчи лигага чиқиш имкониятидан маҳрум этилиши лозим. Ҳар бир зонада чемпион бўлган жамоалар Биринчи лигага йўлланма олишади. Зоналарга аъзо вилоят сонига қараб 3 ёки 4 та жамоа Учинчи лига — вилоят чемпионатига тушириб юборилади ва кейинги мавсум учун вилоят чемпионлари уларнинг ўрнига чиқади. Албатта, зонанинг қайсидир ҳудудидан жамоалар сони кўп ё кам бўлиши мумкин. Бу энди жойлардаги футболга бўлган эътиборга қараб шаклланади, тенгликни мажбурий сақлаш шарт эмас.

Бундай лига нимага керак, деганларга: Иккинчи лига ўйинлари учун ҳам ёш ҳакамлар тайёрланади. Футбол фақат тўп тепишдан иборат эмас-ку? Улар учун Республика семинарлари бўлади, ўқувлари ўтказилади. Хуллас, юртимизда футбол ҳакамлари мактабининг равнақ топиши учун катта қадам ташланади. Ёш ҳакамлар бригадалари секин-аста Биринчи, Олий лига ва Кубок ўйинларига жалб қилинади. Қолаверса, вилоят биринчилигидан нуфузлироқ турнирда ёш футболчиларнинг камол топиши учун катта имконият очилади.

Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб янги форматга ларзаларсиз қандай ўтиш мумкин?

Айни пайтда ҳеч иккиланмасдан, келгуси — 2018 йилги чемпионатда 14 та жамоа қатнашиши қатъий қилиб белгилаб қўйилиши лозим. Ҳозир «Обод» клуби мусобақалардан олинган. Ўйнамаяпти. «Шўртан» эса келгуси мавсумни Биринчи лигада ўтказиши аниқ. Биринчи лигада бу йилги ғолиб «Цементчи» Олий лиганинг 14-ўрни эгаси билан нейтрал майдонда ўтиш ўйинида куч синашиши керак. Ғолиб келгуси мавсумда Олий лигада ўйнаши керак. Бу билан «Олий лига–2018»да 14 та жамоа қатнашиши таъминланади.

Келгуси — 2018 йилги чемпионатда 12-13-14-ўринларни эгаллаган жамоалар Биринчи лигага тушириб юборилиши, 11-ўрин эгаси эса 2018 йилги Биринчи лигада 2-ўрин эгаси билан Олий лига йўлланмаси учун нейтрал майдонда ўйнаши аниқ қилиб белгиланиши керак.

2019 йилги чемпионатдан бошлаб Олий лигада 12 та жамоа тўп суради ва 12 талик чемпионат формати тўлиқ кучга киради. Ана шу даврга бориб, Биринчи ва Иккинчи лигалар ҳам тўлиқ шаклланган бўлади.

Тўғри, чемпионатини айни кўринишда қолдирилиши, 18-20 та жамоалик чемпионатлар ўтказиш тарафдорлари ҳам бор. Бунақасини ҳам бошдан ўтказганмиз. Айниқса 20 талик чемпионатда Жаъфар Ирисметов 45 та гол уриб, унинг бу кўрсаткичи довруғ қозониб, «Спартак» (Москва) таркибига бориб қўшилганию, ЕЧЛнинг муҳим ўйинида ишончни оқлай олмагани ҳам ёдимизда.

Такрорлайман, бизнинг шароитда кўп жамоали чемпионатдан фойда йўқ, ундан кўра, чемпионатни ихчам қилиб, қизитиш керак. Икки давралик тизимда 16 талик чемпионатда 30 та, 18 талигида 34 та ўйин ўтказиш мумкин. Мен таклиф қилаётган вариантда ҳам бир мавсумда 32 та ўйин бўлиб ўтади. Бу айни пайтдагисидан ҳам кўп.

Жамоаларни янада кўпроқ ўйнатиш керак бўлса, мисол учун, Олий лига жамоалари иштирокида «ПФЛ кубоги»ни ҳам ташкил этиш мумкин. Ушбу кубокнинг Ўзбекистон кубогидан фарқи шундаки, «ЎФФ кубоги»да барча лигалардаги жамоалар иштирок этса, «ПФЛ кубоги» фақат Олий лига жамоалари ўртасида ўтказилади. 12 та жамоа 3 гуруҳга 4 тадан бўлинади ва гуруҳда уй-сафар тизимида 6 тадан ўйин, 3 та гуруҳ ғолиби ва 2-ўрин эгалари, шунингдек энг яхши натижага эришган иккита 2-ўрин эгаси чорак финал ва ярим финалларда ҳам 2 тадан ўйин ўтказади. Сўнг финал бўлиб ўтади. Бу ҳар бир жамоага мавсумда қўшимча яна 6 тадан 11 тагача ўйин ўтказиш имконини беради.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

Манба: kun.uz
Киритилди: 23:30, 28.10.2017.
Ўқилди: 4073 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.