Футбол бўйича Перу терма жамоаси ва “Фламенго” клуби ҳужумчиси Хосе Паоло Герреро ЖЧ-2018 мусобақасида иштирок эта олмайди.
Чунки Герреро ФИФА томонидан бир йиллик муддатга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда халқаро футбол ташкилоти (ФИФА) Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Футболчига бир йил муддат мобайнида терма жамоа ва клуб футболчиси сифатида ҳар қайси расмий ўйинларда иштирок этиш тақиқланди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Хосе Паоло Герреро Перу терма жамоаси сардори ҳисобланади.
Маълум бўлишича, 33 ёшли футболчининг қонида тақиқланган кокаин моддаси ва бензоилэкгонин (кокаинни қайта ишлаш воситаси) топилган.
Герреронинг қонида допинг борлигини аниқлаш ишлари ЖЧ-2018 саралаш босчиқидан ўрин олган Аргентина терма жамоасига қарши учрашув (5 октябрь) дан кейин олиб борилган.
Хосе Паоло Герреро четлатиш муддати 3 ноябрь кунидан бошлаб кучга кирган.
Эслатиб ўтамиз, Перу терма жамоаси қитъалараро саралаш босқичида Янги Зеландияни жавоб учрашувида мағлубиятга учратиб, ЖЧ-2018 гуруҳ босқичига йўл олганди.
Перуликлар жаҳон чемпионатининг “С” гуруҳида Франция, Австралия ва Дания терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришади.
Маълумот ўрнида, ЖЧ–2018 финал босқичи 2018 йилнинг 14 июнь кунидан 15 июль кунига қадар Россиянинг 11 шаҳри: Москва, Санкт-Петербург, Казань, Сочи, Нижний Новгород, Самара, Калининград, Екатеринбург, Саранск, Волгоград ва Ростов на-Донудаги 12 та стадионда бўлиб ўтади.