Кириш Регистрация
30/12 00:45 Милан 1-1 Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче
31/12 00:45 Болонья - Верона
31/12 00:45 Ипсвич - Челси
31/12 00:45 Астон Вилла - Брайтон
31/12 01:00 Ман. Юнайтед - Ньюкасл

Кейсуке Хонда: «Мексикадан кетиш ниятим йўқ»

Баҳо:
+-1 | -

Япониялик 31 ёшли Кейсуке Хонда Россия чемпионатидаги ёрқин ўйинлари билан эсда қолган. Аммо у Москванинг ЦСКА клубини можароли тарзда тарк этганди.

Бир-икки йил олдин ЦСКА раҳбари Евгений Гинер «Хондадан ташқари барча собиқ футболчиларимиз билан яхши алоқадамиз», деганди.

Ўшанда у «СЭ» мухбирининг «Хонда билан кўришиб қолсангиз сўрашасизми?» деган саволига «Йўқ. Хонданинг трансферидан бир чақа ҳам олмаганмиз. У бу борада ягона футболчи. Чунки у бизни алдаган.

У бизга шартномани узайтирмоқчи экани ва ҳеч қаерга кетмаслигини айт­ган. Аслида эса арзимас пул эвазига «Милан»га ўтмоқчи бўлган. Энди эса уни бизга текинга таклиф қилишяпти. Уни қаергадир жойлаб қўйишмоқчи», деб жавоб қайтарганди.

Кейинчалик «Милан» шарафини ҳимоя қилган футболчи айни пайтда Мексиканинг «Пачука» клуби сафида тўп сурмоқда. Унинг жамоаси Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида учинчи ўрин соҳибига айланди.

Бироқ Хонда БААнинг «Ал-Жазира» клубига қарши учрашувда майдонга тушмади. Ўйиндан сўнг «Спорт -Экс­пресс» нашри мухбирлари Хонда билан суҳбатлашишди.

- «Пачука»нинг турнирда учинчи ўринни олиши яхши натижами?

- Финалга чиқишимиз мумкин эди. Аммо умуман олганда ёмон натижа эмас.

- Яқинда Япония матбуотида «Пачука»ни тарк этишингиз мумкинлиги ҳақида ёзишди. Шундан сўнг 3-ўрин учун кечган баҳсда майдонга тушмадингиз. Ҳақиқатдан ҳам муаммолар борми?

- Бу шунчаки миш-миш. Японияда бундан қандайдир жиддий янгилик ясашган. Аслида эса бундай эмас. Мексикадан кетиш ниятим йўқ. Шартномам май ойида ниҳоясига етади.

Шунингдек, яқин орада Европага қайтмоқчи эмасман. Ўша учрашувда ўйнамаганимнинг сабаби, тиззамдаги жароҳат туфайли майдонга тушолмадим.

Мураббий билан келишган ҳолда Мексика кубогининг финалидан ўрин олган «Монтеррей»га қарши учрашувга тайёргарлик кўрганим яхши деган қарорга келдик. Ушбу учрашув 21 декабрь куни бўлиб ўтади.

- ЦСКАни кузатасизми? Уларнинг ўйинларини томоша қиляпсизми?

- Йўқ.

- Умуманми?

- Уларнинг бу мавсум Чемпионлар Лигасида ўйнашганини биламан. Шунингдек, у ерда ҳамон дўстларим ўйнаётганидан хабарим бор.

- Улар билан гаплашиб турасизми?

- Йўқ.

- Нима учун? Жамоа сафида бир неча мавсум тўп сурдингиз. Наҳотки, «қизил-кўк» ранглар сиз учун жонажонга айланмаган бўлса?

- Гап унда эмас. Уларни дўстларим деб биламан. Шунчаки, мен шунақа инсонман. Бизда, Японияда ўтмишни кавлайверишмайди.

- Унда келинг, келажак ҳақида гаплашайлик. Ёзда терма жамоангиз билан Россияга қайтсангиз керак. Алоҳида туйғуни ҳис қиляпсизми?

- Шунақа деса ҳам бўлади. Япония терма жамоаси сафида Россияда ўйнаш, дўстлар билан яна кўришиш - ажойиб. Лекин бунинг учун январдан июнга қадар тинимсиз меҳнат қилишга тўғри келади. Агар форма жойида бўлмаса, рўйхатга киритилмаслигим мумкин. Унда бугунги суҳбатимиз бежизга кетади.

- Айтганча, Леонид Слуцкийнинг Англияда ишлаганидан хабарингиз борми?

- Ҳа. Бу мени ажаблантирмади. ЦСКАда ўйнаб юрган кезларимда ҳам у инглиз тилини ўрганарди.

Шу боис ҳам унинг Англия ёки бошқа мамлакатга кетишини тасаввур қилгандим. Унинг кейинги фаолиятига омад тилайман. Менимча, Слуцкий Европанинг кучли жамоасини бош­қаришга қодир.

- Ўшанда сиз ва Евгений Гинер ўртасида нима ўтганди?

- Айтарли можаро бўлмаган. Футбол нафақат ўйин, балки бизнес ҳамдир. Шундай экан, бу индустрияда футболчи кетишни хоҳлайди, клуб уни қўйиб юбормайдиган ҳолатлар бўлиб туради. Бизда ҳам шундай бўлди. Менга эркинлик беришмаганди.

- Кейинчалик «Милан»га ўтиб хато қилдим, деган фикрга келганмисиз?

- Асло.

Абдуллохон Исроилхонов

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 14:20, 31.12.2017.
Ўқилди: 1943 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.